Афандининг йўриғи

0
60
марта кўрилган.

(Давоми. Боши ўтган сонда)

 

 

Пишиқлик

Латифаларнинг бир туркумида Афанди ўзини атайин ғирт аҳмоққа солади. Мақсади – ўз рақиби ё ғанимини чув тушириш. Масалан, “Ғирвайди” деган латифани ўқинг: “Афанди кечаси бир ухлаб туриб, ойдинда туйнукдан қараб турган ўғрини кўриб қолди.

– Хотин, хотин, – деди, – биласанми, боя мен қандай қилиб уйга тушдим?

– Билолмадим, – деди хотини.

– Эшикни шунча тақиллатдим, уйғонмадинг. Шундан кейин томга чиқиб, “Ғирвайди” деган дуони уч марта ўқиб, ойга дам солган эдим, туйнукдан тушиб турган ойнинг нури ипак арқонга айландию, шундан осилиб тушдим. “Ё туйнукаллази юмалабан ва тутибан ва мустаҳиқул жазо, суф!” Афанди хотинига ўргатиш баҳонасида бу дуони уч бор баланд овоз билан ўқигандан кейин: – Энди бас, қолганини эртага ўргатиб қўяман, ҳозир ухлайлик, – деди, лекин ўчоқ олдига бориб, катта косовни икки қўллаб ушлаб турди. Томдаги ўғри Афандидан ўрганиб олган дуони уч марта ўқиб, ойнинг нурига осилган эди, гурс этиб уйга қулаб тушди. Афанди эса, Ё туйнукаллази, деб уни савалай кетди.” Кўриниб турибдики, Афандининг гаплари алжираш эмас, балки пишиқ-пухта ўйланган режанинг бир қисми, яъни ўзини атайин довдир кўрсатиб, ғаними – ўғрини қўлга тушириш. Ҳатто ўз режасини дуосида айтиб турибди: “Туйнукдан юмалаб тушади ва тутаман ва мустаҳиқ (муносиб) жазо бераман, суф”. Афандининг тескари маслаҳатига кирган ўғри ростдан ҳам юмалаб тушадию тегишли жазосини олади. Одатда ҳеч бир касбнинг бошини тутмаган, ялқов ва текинхўр одамлар ўғриликдек қабиҳ ишга қўл уради.

Назаримда, бу латифада ҳаётдаги яна бир ҳолат танқид қилинмоқда. Турли дардларига шифо истаб ўқиган мутахассис-шифокорнинг олдига эмас, фирибгар дуохонлару фолбинларнинг олдига борувчи оми ва ишонувчан одамларнинг кулгили ҳолати кўрсатилган. Бу латифа Афандининг пишиқлиги ва содда-муғомбирлигини-ю ўғри ва унга ўхшаган оми одамнинг хом ва анқовлигини кўрсатади.

Нафақат Афандининг ўзи, балки унинг отаси ҳам пишиқ бўлган. “Нўноқ” деган латифани ўқиб бунга ишонч ҳосил қиламиз:              “Афанди доим онамнинг жойи жаннатда бўлсин, деб юрар эди. Бир куни ундан сўрадилар: – Афанди, доим онамнинг жойи жаннатда бўлсин, деб дуо қиласиз, отамнинг жойи жаннатда бўлсин, деганингизни эшитмаймиз. Бунинг сабаби нима?” Афанди жавоб берди: – Отамдан кўнг­лим тўқ, у киши муғомбир ва пишиқ одам эдилар. Отам гўрга кирганда мункарнакирларни алдаб, жаннатга аллақачон кириб кетган бўлсалар керак. Аммо онам гапга нўноқ, содда хотин эди, мункарнакирнинг сўроқларига жавоб тополмасдан, қўлга тушиб қолдимикан, деб қўрқаман. Шунинг учун доим: “Онамнинг жойи жаннатда бўлсин”, деб юраман”. Шу бир латифада олам-олам маълумот бор. “Ювошдан йўғон чиқади” деганларидек, Афандининг онаси гапга нўноқ, содда хотин бўлгани билан, унинг ўғли Афанди гапга уста ва уддабурон бўлиб улғайган.

Одатда пишиқ одамни ҳеч ким алдаб-лақиллатолмайди. Мана, “Мушук қани?” деган латифа: “Афанди бир куни бозордан уч қадоқ гўшт олиб келди-да, хотинига: – Кечқурун яхшилаб чучвара қил, – деб тайинлади. Хотини гўштни ўзи қовуриб еди-ю, кечқурун Афандининг олдига ёвғон угра қўйди. – Чучвара қани? – деб сўради Афанди. – Гўштни мушугингиз еб қўйди, – деб жавоб берди хотини. Афанди мушукни ушлаб торозига қўйган эди, роса уч қадоқ келди, хотинидан сўради: – Агар бу мушук бўлса, гўшт қани, агар бу гўшт бўлса, мушук қани?” Афандининг кўндаланг саволинию бу саволнинг мантиғини қаранг! Фалсафада “бўлак бутундан каттароқ бўлолмайди” деган аксиома, яъни оддий ҳақиқат бор. Афанди ана шу ҳақиқатни хотинига, хотини орқали ўқувчига уқтириб турибди. Фалсафа ва мантиқ фанларида ана шу аксиомани талабаларга тушунтирганда Афандининг мана шу латифаси мисол тариқасида айтилса борми, ҳам дарс жонланади, ҳам талабалар бу аксиомани яққол тасаввур қиладилар, шундай эмасми? Нега барча замонларда камбағал ва бечоралар Афандига талпинган, бой ва амалдорлар ундан қочган? Сабаби, Афанди ноинсоф ва очофат бой ва амалдорларнинг барча кирдикорларини фош қилган-да. Афандининг хотинига ўхшаб бой ва амалдорлар камбағал ва бечораларнинг мулкини қинғир йўллар билан ўзлаштиришга ҳаракат қилган чоғда Афанди уларга тўғаноқ бўлган. Ҳозирги кунда ҳам нафси ҳакалак отган, авом халққа қуюқ ваъдалар бериб, амалда халққа шафтоли қоқиниям раво кўрмайдиган амалдорлар йўқ эмас. Шундай амалдорларнинг қинғирликларини фош қиладиган Афандиларга эса ҳамиша эҳтиёж катта.

Тасвирий санъатнинг “мозаика” деган бир жанри борлигини биласиз, албатта. Сон-саноқсиз ясси тошчалар жамланмаси, яқиндан қарасангиз, ҳеч нимани англатмайди, маълум бир масофадан қарасангиз, кўз олдингизда ажиб манзаралар намоён бўлади. Худди шундай, Афандининг алоҳида олинган бир латифаси гоҳида оддийгина ясси тошчадек жўн кўриниши мумкин. Бироқ бу “тошлар қурами”ни яхлит олиб қарасангиз, кўз олдингизда ажиб манзаралар намоён бўлади. Мана шу манзаралар иқлимида энг севимли миллий қаҳрамонимиз Хўжа Насриддин афандининг ўзбек адабиётида ҳам, жаҳон адабиётида ҳам беқиёс сиймоси, ёрқин қиёфаси бор бўйи билан рўй-рост кўринади. Демоқчимизки, Хўжа Насриддин афанди бирламчи ҳаётий ва ҳаққоний қаҳрамон, реалистик насрнинг ўзига хос сарчашмасидир. Бу қаҳрамон бир қарасангиз – ғоят ақлли, бир қарасангиз – ўтакетган аҳмоқ, бир қарасангиз – рақибини алдаб чув туширади, яна бир қарасангиз – ўзи баайни ёш боладек алданиб қолади. Бир қарасангиз – анойи, думбул, хом, яна бир қарасангиз – шу қадар пишиқ-пухтаки, ернинг тагида илон қимирласа билади ва бурганинг кўзини кўра олади! Унинг касб-кори ҳам битта эмас, мингта! Бир қарасангиз – деҳқон, бир қарасангиз – ҳунарманд-косиб, яна бир қарасангиз – зиёли, қозикалон, имом, муфтий, домла ва ҳоказо. Энг ақлли одам, ҳаттоки донишмандликда беназир аллома ҳам гоҳида шунақанги аҳмоқона вазиятларга тушиб қоладики, ундан ўз ақлига муносиб йўл топиб чиқишга қийналади. Мана шундай энг мушкул ҳолат ва танг вазиятларда афандидек тадбиркорлик ва ишбилармонликда беназир қаҳрамон ҳам қай тарзда “қовун тушириб”, ўзини ўтакетган анойи, овсар, гўл, тентак, аҳмоқ кўрсатганини достон, роман, қисса, ҳикоя, ҳаттоки энг улкан эпопеяларда ҳам учратмаслигингиз мумкин, бироқ Афанди латифаларида уларни истаганингизча топа оласиз.

“Насиб қилса, эрингман” латифасини қаранг: “– Хотин, бир палов қилсанг. Тўйиб еб, мазза қилардик-да, – деди Афанди бир куни хотинига. Хотини хўп деб, дарров палов дамлаб, сузиб, дастурхонга келтириб қўйди. Афанди лаганга қараб: “Бугун паловхонтўрани тўйгунча еб, маза қиларканмиз-да” деб қўлини ишқалаб қўйди. – Насиб қилса, денг, – деди хотини.

– Ие, сени қара-ю! Зарур кептими унақа де­йиш?! Тайёр ошни насиб қилса ҳам еймиз, насиб қилмаса ҳам, – деб ошга энди қўл узатувдики, эшик кетма-кетига тақиллаб қолди. Ташқаридан: “Оч! Оч тезроқ!” деган овоз келди. Афанди чиқиб эшикни очса, подшонинг икки сипоҳи турибди. – Хўш, хизмат? – Қани, юр бу ёққа! – дедилар-да, Афандининг, тўхтанглар, қўлимни артиб чиқай, деганига қарамасдан, икки қўлини орқасига қайириб, олиб кетдилар. Борса, подшо зерикиб ўтирган экан, шунга чақиртирибди. Подшо уни алламаҳалгача гапга солиб ўтирди, ярим кечада аранг жавоб берди. Афанди қутулганига шукр қилиб, югурганча уйига келди-да, эшикни тақиллатди. – Ким-м? – деди хотини ичкаридан. – Очавер, насиб қилса, эрингман, – деб жавоб берди Афанди.” Бу латифада Афанди худога шак келтиргани учун таъзирини еб, ҳаёт зарбасидан пишгани қойилмақом қилиб тасвирланган. Юқорида “Насриддин” сўзининг туб луғавий маъноси “диннинг насри” эканини таъкидлаган эдик. Худога имон келтириш кераклигини узундан-узоқ ваъз ўқигандан мана шундай қисқа ва таъсирчан мисолда кўрсатилса, самаралироқ бўлади, албатта. Муқаддас Қуръони каримнинг Каҳф сурасида Аллоҳ таоло: “Зинҳор бир нарсани “Буни эртага албатта қилгувчиман”, дема. Магар: “Аллоҳ хоҳласа”, дегин. Қачонки унутсанг, Роббингни эсла ва: “Шоядки Роббим мени бундан яхшироққа яқин бўлишимга ҳидоят қилса”, дегин” деб марҳамат қилган. Шунинг учун ҳам насронийлар тановулдан олдин худога мурожаат қилиб, шукроналик билдирадилар. Мусулмонлар тановулни “Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳийм”дан бошлаб, дуои фотиҳа билан тугаллайдилар. Латифадаги Афандининг паловга қўл узатиши билан подшо сипоҳларининг эшикни тақиллатиши тасодифан бир вақтга тўғри келиб қолдими ё бу ерда муайян қонуният, Худонинг қудрати бўй кўрсатиб турибдими? Чунончи, Қодир Аллоҳ шу шаккок бандасини тавбасига таянтириш учун унинг оёғини ерга теккизмай олиб келиш фикрини подшонинг дилига солдими? “Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи” деганларидек, буни даҳрий шунчаки тасодиф, мўмин белги-аломат деб тушунади, албатта. Зеро, латифадаги кулги қўзғовчи чўққи гап, яъни қиссадан ҳисса, “Насиб қилса эрингман” деган гап. Афанди шу даражада тавбасига таяниб, қўрқиб-чўчиб қолдики, худди олдида турган ошидан ажраб қолганидек, энди хотинидан ҳам ажраб қолмаслик учун Яратганга шукрона келтиряпти.

Юқоридаги латифага ўхшаш мана бу “Худо хоҳласа…” деган латифага қаранг: “Бир одам Афандидан сўради: – Ҳар иш худодан, худо хоҳласа бўлади, деган бир ихлос бор. Шунга сиз нима дейсиз?

– Мен ҳам худо хоҳлагани бўлади, дейман. Мен хоҳлаган бўлса, аллақачон мачитни бузиб, қишга ўтин ғамлаб олар эдим.” Бу латифани ҳам халқ эмас, ўтакетган нўноқ ва уқувсиз бир кимса ғаразли ниятларда яратгани кўриниб турибди. Нега энди халқнинг севимли қаҳрамони халқ учун муқаддас жой – мачитни бузишни хоҳлар экан? Аксинча, бу жойни ҳар қандай бузғунчилардан ҳимоя қилиши керак эмасми у? Бир томондан худо хоҳлагани бўлишини тан оляпти-ю, бошқа томондан худонинг хоҳлаганига қарши чиқяпти, яъни мунофиқлик қиляпти. Ахир, айнан мана шу мунофиқлиги учун шайтон лаънатланмаганми? Афанди ҳар қанча қув ва муғомбир бўлиши мумкин, лекин уни мунофиқ ва шаккок деб тасвирлаш кимга нима учун керак?! Мунофиқ ва шаккоклар учун, албатта. Шунга ўхшаш аломатларга зийраклик билан эътибор бериб қарасангиз, мазкур латифа, аслида, Афандининг латифаси эмас, Рақибнинг ғаразли мақсадларда бичиб-тўқиган уйдирмаси экани англашилади. Бундай уйдирмалар худосиз шўро тузумида маълум бир мақсадлар ва муайян сиёсат талаби билан атайин урчитилган ҳам. Масалан, шўро тузуми даврида Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг ўтакетган қонхўрлигини “исботловчи” озмунча сафсаталар латифа сифатида бичиб-тўқилганми! Хўжа Насриддин афандидек авлиёсифат зотни, ҳаттоки Бобораҳим Машрабдек авлиёи киромни худосиз – даҳрий сифатида кўрсатишга уринишлар ҳам озмунча бўлганми! Бундай уйдирмалар вақт-соати билан ўз-ўзидан унутилиб, халқ хотирасидан ўчиб, изсиз йўқолиб кетаверади, албатта. Халққа қолса ўзининг энг севимли қаҳрамонига хос топқирлик, тўғрилик, пишиқлик, қувноқлик, ишбилармонлик, тадбиркорлик, зийраклик, зукколик ва бошқа кўпдан-кўп фазилатларни аён кўрсатувчи латифаларни сақлаб қолади.

Бу ерда масаланинг бошқа бир жиҳати ҳам борлигини эслатиб ўтиш керак. Афандининг анойилиги, лақмалиги, довдирлиги, овсарлиги, анқовлиги, нодонлиги, аҳмоқлиги… шулар каби беҳисоб нуқсонларию иллатларини аён кўрсатувчи латифаларнинг ҳаммаси ҳам ғаразли мақсадларда бичиб-тўқилган эмас. Уларнинг камида қоқ ярмини афандининг, демакки, халқнинг ўзи яратган! Нима учун? Одам боласига хос жамики нуқсону иллатларни қатрадаги қуёш аксидек аниқ-равшан кўрсатиб, тингловчини улардан халос бўлишга ундаш учун! Шундай латифаларга асосланиб, “Афанди ростдан ҳам анойи, довдир, овсар, анқов, нодон, аҳмоқ…” дея юзаки хулоса чиқариб бўлмайди. Аслида, Афанди бундай нуқсону иллатлардан холи бўлгани ва ҳар қандай айбловлардан зиғирча қўрқмагани учун одам боласининг табиатидаги жамики мавжуд нуқсонлару иллатларни ўзига олмоқда! Афанди халқнинг энг севимли фарзанди сифатида унинг дардини ўзига олиб, шу йўл билан дардга даво қидирмоқда! Бу нафақат ўзбек, балки рус, инглиз, француз, италян ва бошқа барча халқлар учун ҳам хос. Мана, масалан, рус фольклорида бир хил исмли “Иван шаҳзода” билан “Иван тентаквой” сиймолари бор бўлиб, аввалгиси ўзида билгамиш­лик, ботирлик, қувлик, эпчиллик, пишиқлик ва бошқа фазилатларни жамлаган бўлса, кейингиси билмаслик (балбес), анқовлик, лақмалик ва бош­қа иллатларни жамлаган. Рус халқи табиатан кулгига мойилликда ва кулдириш маҳоратида Хўжа Насриддин афанди латифаларини жамланган улкан бир тўпламни (аввал “Двадцать три Насреддина”, сўнг “Двадцать четыре Насреддина” номли) бир неча маротаба нашр эттирган! Яъни, жаҳондаги ҳеч бир халқ, ҳаттоки Хўжа Нас­риддин афанди сиймосини яратган халқлар ҳам қилмаган-қилолмаган иш амалга оширилган!?

Рус таржимонлари ва олимлари жаҳоннинг йигирма тўрт халқига мансуб Афанди латифалари жамланган “Йигирма тўрт Насриддин” тўпламини қарийб бир аср мобайнида тайёрлаб нашр этганини юқорида алоҳида таъкидлаб ўтдик. Рус ёзувчиси Леонид Соловьев қаламига мансуб “Очарованний принц” (“Маҳлиё шаҳзода”) ва “Возмутитель спокойствия” (“Безовта қалб туғёнлари”) деб номланган оламга машҳур қўш қиссада Хўжа Насриддин афандимизнинг инсоний қиёфаси ғоят жонли чизиб кўрсатилган. Айниқса, рус киноусталари яратган “Афоня” комедияси ва унинг афандитабиат бош қаҳрамони Афанасий!.. Мен сизга айтсам, Афандининг феъл-атвори ва инсоний табиатини, биринчи галда унинг нақадар қувноқлигини жаҳонга кўз-кўз қила оладиган “Афоня” бадиий фильмидаги Афанасийдек жонли яратилган табиатан хушчақчақ қаҳрамон жаҳон уммонига менгзагулик жаҳон кино санъатида ҳам камдан-кам топилади. Аминманки, сиз ҳам бу бадиий фильмни томоша қилсангиз, “Афоня” ва “Афанасий” сўзларининг “афанди” сўзи билан ўзакдошлиги бежиз эмас, деган хаёлга боришингиз тайин.

 

Қувноқлик

Бу оламда энг юқумли нарса нима деган саволга “кайфият” деб жавоб бериш мумкин. Ёнингиздаги одам ҳадеб эснайверса, сиз ҳам беихтиёр унга қўшилиб эснайсиз. Худди сиз еб, у қуруқ қолгандек тўмтайиб, қовоғидан қор ёғиб турган одамни кўрганингизда, беихтиёр юрагингиз сиқилади. Аксинча, самимий табассум қилиб турган одамни кўрганингизда эса, бу кулги сизга ҳам “юқади”. Ўзи кулолмайдиган, кулганни кўрганида тумшаядиган ичи тор, табиатан хомуш одамлар йўқ эмас, албатта. Унақаларни қитиқлаб ҳам кулдириб бўлмайди. Хўжа Насриддин афанди, табиийки, ҳар қандай қизиқчилардан минг карра кучлироқ қизиқчидир.

Одатда, одамни табиатига кўра икки тоифага – некбин (оптимист) ёки тушкун (пессимист)га ажратишади. Афанди, табиийки, некбин одам. Бунга “От” латифасини ўқиб ишонч ҳосил қиламиз: “Афанди кўчада битта тақа топиб олиб, жуда хурсанд бўлиб бораётган эди, бир ошнаси сўради: – Ҳа, Афанди, мунча хурсандсиз? Афанди қўлидаги тақани кўрсатиб деди: – Битта тақа нақд, яна учта тақаю усти бут бўлса, битта от деган гап. Чу!..” Борига барака тилаб, топган-тутганига қаноат қилиб, келажакка умид билан қараш шунчалик бўлади-да! Қадимдан “отлиқ” ибораси бойлик рамзи бўлиб, “отлиққа ҳам йўқ” ибораси “бойларга ҳам топилмайди” маъносини англатган. “Қаторда нори бор” деган иборадаги “нор” карвондаги туяни англатади. Қолаверса, “қатордаги нор” одамнинг ўғил-қизини ҳам анг­латади. Демак, одамнинг оти ёки туяси бўлса, юки ерда қолмай, ошиғи олчи бўлади. Шунинг учун одамлар эшик ва дарвозаларига тақа осганларки, бу “бой, ўзига тўқ хонадон” демакдир. Латифада Афандининг тақа топгандаги суюниши унинг оилали ва бой бўлишга интилишини ўта самимий ифодалайди. Аммо шундай қаноатсиз ва очофат одамлар борки, улар нафақат отнинг тақаси, балки қўша-қўша отлари бўла туриб ҳаётидан нолийди, ўзини гўё бахтсиз ҳисоблайди.

Афанди ҳар қандай оғир ва иложсиз ўринларда ҳам кўнглини чўктирмайди, асабини буз­майди, балки қийин аҳволдан чиқиш йўлини қидиради, ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлади, деганларидек, ҳар бир ёқимсиз нарсадан ёқимли жиҳатни излайди. “Сузма” латифасини ўқиб кўринг: “Афанди уйига қорни очиб келиб, хотинига: – Хотин, бироз сузма билан нон олиб кел. Сузма кўп яхши нарса, иштаҳани очиб, меъдани бақувват қилади, – деди.

– Сузма кеча тамом бўлган эди, – жавоб берди хотини.

– Тамом бўлгани яхши бўлибди, – деди Афанди.

– Сузма тишга ва қоринга зиён қилади.

– Бу сўзларингизнинг қайси бирига ишонай? – деди хотини.

– Бўлса – аввалгисига, бўлмаса – кейингисига, – деб жавоб берди Афанди.” Юзаки қараганда, Афанди телба-тескарига ўхшаб кўриниши мумкин. Чуқурроқ ўйлаб қарасангиз, у ҳақ. Сузма йўқ экан, деб куйиб-пишишдан, асабини эговлашдан ёки хотини билан жанжаллашишдан нима фойда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам кайфиятни чоғлаб, борига барака деб, Яратганга шукр қилиш керак. Зеро, одамнинг соғлиғи ҳам, оиладаги тинчлик-тотувлик, файз-барака ҳам шунга боғлиқ. Барча касалликларнинг асабга боғлиқ экани бежиз эмас. Афанди нафақат ўзини тетик ва қувноқ тутади, балки бошқаларнинг ҳам кўнгилларига ҳамиша йўл топиб, уларни хурсанд қилади. “Афанди дипломат” латифасини ўқиб бунга амин бўламиз: “Подшо туш кўрди. Тушида бир одам келиб, унинг ҳамма тишларини битталаб суғуриб олди. Подшо чўчиб уйғонди. Эрталаб вазиридан кўрган тушининг таъбирини сўради.

– Ҳамма бола-чақаларингиз ўлиб кетиб, ўзингиз омон қолар экансиз, – деб жавоб берди вазир. Подшо вазирини ўлимга буюрди. Шу маҳал ўрдага Насриддин афанди кириб келди. Подшо Афандига тушини айтиб бергандан кейин, таъбирини сўради.

– Ҳамма бола-чақаларингиздан кўра узоқроқ умр кўрар экансиз, – деди Афанди. Подшо хурсанд бўлиб, Афандига тўн кийгизди.” Иккала таъбир ҳам бир маънога эга. Лекин уларнинг айтилиш йўсинида осмон билан ерча фарқ бор. Биринчиси, ўлим ҳақида шумхабар айтиб подшони куйдирса, иккинчиси, ҳаёт ҳақида хушхабар айтиб подшони қувонтиряпти. Юқорида некбинлик (оптимизм) ва тушкунлик (пессимизм) ҳақида айтгандик. Ярим коса сутни некбин одам – ярми тўла, тушкун одам – ярми бўш кўрганидек, Афанди – некбин, вазир – тушкун. Шунинг учун ҳам подшо саройда Афандини ўзига яқин тутган. Ўз юртига ҳам, ўзга юртларга ҳам Афандини элчи қилиб йўллаган. Чунки Афанди ўйнаб гапирса ҳам, ўйлаб гапиради, топиб гапиради, кўнгилларни чўктириб эмас, кўтариб, қувонтириб гапиради.

Баъзида “қувноқ” сўзига “қитмир” сўзини қўшиб “қувноқ қитмир” ибораси қўлланилади. “Чанқаган чўнтак” латифасида Афанди айнан шундай тасвирланади: “Афанди бир куни тўйга борди. Унинг ёнида ўтирган бир савдогар очофатлик қилиб еганига қаноатланмай, дастурхондаги қанд-қурслардан олиб, чўнтакларини тўлғазди. Афанди буни кўриб ёнида турган чойнакни олди-да, секин унинг чўнтакларига қуя бошлади. Савдогар пайқаб қолиб, жаҳл аралаш Афандидан сўради: – Нега чўнтагимга чой қуйяпсиз? – Чўнтагингиз қанд-қурсни кўп еб чанқаб қолгандир, – деди Афанди.” Қаранг, Афанди ҳаддидан ошган, очофат савдогарнинг хурмача қилиғини кўриб: “Олса олаверсин, менга нима, бўлсаям бировники-ку!” дея лоқайдлик қилмаяпти. Ёки “Ҳой, уят эмасми, қани жойига қўйинг-чи” деб таъна ҳам қилмаяпти, сабаби, савдогар “Сенга нима, бойникини бойтеват қизғанибди, деганлари шу-да” дея жеркиб ташлаши мумкин-да. Шундай экан, Афанди қувноқ қитмирлик йўлини танлайди, яъни савдогарга дастурхондаги ширинликларни ўмаришига кўмаклашган киши бўлади-ю, аслида, боплаб унинг таъзирини беради. Бу латифа орқали очкўз, баднафс, ебтўймас одамлар ўзларининг тегишли жазоларини олишига ишора қилинган, албатта. Шунинг учун улар ҳақда “Нафси бузуқ байрамда ўлади”, “Нафсим менинг ёмондир, ёнган ўтга солодир”, “Ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймайди”, “Беш бармоғини оғзига тиқади”, “Ҳаром луқма тешиб чиқади” каби кўпдан-кўп ҳикматли гаплар яратилган.

Афанди латифалари орасида ғам-қайғу, йиғи-сиғи, оҳ-нола, дод-фарёд ва таркидунёчиликни тарғиб этувчи биронта латифани кундузи чироқ ёқиб қидирсангиз ҳам тополмайсиз! Ҳаттоки Афандимиз ошкора аюҳаннос солиб, дод-вой қилиб турган чоғида ҳам, аслида, йиғламаётган, аксинча, ич-ичдан кулаётган бўлади. Бу ҳол, табиийки, сизни ҳам йиғлатмайди, аксинча, кулдиради. Масалан, мана, “Дод, қайси бирингни оламан!” деб номланган латифада тасвирланган Афандининг руҳий ҳолатига диққат қилинг! “Хотини вафот қилганида Афанди ҳовлини айланиб юриб йиғлар эди: – Дод, энди кимни хотин қиламан! Бу сўзни жуда кўп такрорлаганидан уялиб, қайинсинглиси келди-да, қулоғига: – Почча, ундай деб йиғламанг, айб бўлади, агар юрту элдан сизга хотин топилмаса, мен тегарман, – деди. Афанди яна додлайверди: – Дод, энди мен кимни хотин қилиб оламан! Бир бева қўшниси бор эди, у Афандини секин бир чеккага чақириб: – Афанди, кўп куйинманг, агар муносиб хотин тополмасангиз, мен тегарман, – деди. Афанди яна баландроқ фарёд кўтарди: – Вой-дод, қайси бирингни оламан!”.

Ушбу латифа сизни кулдирибгина қолмайди, балки айни чоғда, одам боласининг феъл-атвори хусусида жиддий ўйлашга ундайди. “Одамнинг оласи ичида” дейдилар. Латифада ана ўша “ичдаги ола” баайни кўрпанинг авра-астари ағдариб кўрсатилганидек, рўй-рост ва ҳар томонлама кўрсатилади. “Кампирнинг дарди ғўзада”, “Азага келган хотин ўз дардини айтиб йиғлайди” сингари истеҳзоли мақоллар бежиз яратилмаган. Ўзингиз ўйлаб кўринг! Нега хотини ўлганига аза тутиб, нола чекаётган Афандини, дейлик, маҳалланинг нуроний оқсоқоли, кайвони кампири ва ё қадрдон дўст-биродари эмас, айнан қайинсингил билан бева қўшни овутяпти? Нега улар “Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич” деган нақлга амал қилган ҳолда барчага баралла эшиттириб эмас, ими-жимида бири Афандининг қошига келиб, иккинчиси уни бир чеккага бошлаб чиқиб шивирлаб гапиряпти? Нега Афандининг икки марта айтилган “дод”и бу икки шивирлашдан кейин икки баравар кучайиб, “вой-дод”га айланди? Ҳамма гап – фожианинг илдизи шундаки, қайинсингил ҳам, бева қўшни ҳам, аслида, Афандининг ўлган хотини ва ё ўзига зиғирча ачиниб, ҳамдардлик билдираётгани йўқ, фақат ўзларини ўйлаб, ўз фойдаларини кўзлаб турибди! Бировнинг кулфатидан ўзининг бахтини қидириб турибди! Табиийки, бундай худбин хотинни олиш Афанди учун хотини ўлганидан ҳам оғирроқ кўргилик, кулфат, фожиа! “Дод”нинг “вой­­дод”га айланишига асосий сабаб мана шунда!

“Мен йиғламай ким йиғласин” деб номланган латифада ҳам шунга яқинроқ манзарани кўрамиз: “Бир ой ичида Афандининг ҳам хотини, ҳам эшаги ўлиб қолди. Хотини ўлганида Афанди бир-икки кун йиғлади-ю юпанди. Эшаги ўлганида эса у йиғидан ҳеч тийилмади. Буни пайқаган қўшниси сўради: – Афанди, хотинингиз ўлганида кўп йиғламаган эдингиз, эшагингизга нега бунчалик куясиз? Афанди жавоб берди:

– Хотиним ўлганда маҳалла йиғилиб “Қўйинг, хафа бўлманг, уйлантириб қўямиз” деган эди. Эшак ўлганида эшак олиб берамиз деган гап ҳеч кимнинг оғзидан чиқмади. Мен йиғламай ким йиғласин!”.

Одам боласининг табиати шундайки, у аксарият ҳолларда яхшиликни самимий-беғараз, “Худо йўлига” қилолмайди, чунки ўша яхшиликнинг замирида шахсий манфаат, ўз фойдасини кўзлаш, ғаразли ният ётган бўлади. Юқоридаги латифада қайинсингил билан бева қўшни афандига гўёки ҳамдардлик билдириш орқали, аввало, ўз манфаатларини кўзлаганларидек, бу латифада маҳалла аҳлининг Афандини уйлантириб қўйишдек “хизмат-беминнат”ни таклифу тавсия қилишдан кўзда тутилган пировард мақсади ўзларининг бирон ишончли кишиси, хеш-ақрабосини афандига умр йўлдоши, демакки, улкан оилага бека қилиш, албатта. Лекин ўлган эшакнинг ўрнига Афандига эшак олиб беришнинг кимга қандай фойдаси бор? Эрта бир кун шу эшакда Афандига мингашиб юролмайди-ку, тўғрими? Мингашган тақдирда ҳам, от билан туя бўлса эканки, обрўсига обрў қўшилса, улов қуригандек эшакка мингашиш… бунинг фойдасидан зарари кўпроқ, албатта!.. Тушуняпсизми, афанди “Мен йиғламай ким йиғласин!” дер экан, аслида, йиғлаётгани йўқ, одам боласи табиатидаги худбинлик-манфаатпарастликдек иллатлар устидан қаҳ-қаҳ отиб кулмоқда! “Ниҳояти яна эшаклик бўлишида беғараз кўмаклашишни хаёлига келтирмай турганлар нега уни уйлантириб қўйишмоқчи, офтоб қаёқдан чиқиб қолди?” деб ўйлашга, шунчаки ўйлаш эмас, бу ҳолдан куйиш-куйинишга, албатта, ҳақли-да Афанди!

Юқорида “қувноқ қитмир” иборасини айт­гандик. Бунинг устига “қувноқ” сўзи “қув” сўзига маънодош ҳамда ўзакдошдир. “Қув одам деганда, одатда кўз олдимизга кўзлари олазарак, ним табассум қилган қувноқ, эпчил, тиришқоқ, жўшқин, ўйноқи ҳамда айёр, муғомбир, ичидан пишган, шум одам келади. Қувлик-шумликни билмайдиган одам эса, аксинча, бўшашган, ланж, боқибеғам, қовоғи солиқ, анқов бўлади. “Бола бўлса шўх бўлсин, шўх бўлмаса, йўқ бўлсин”, “Ўғил бўлсин, қиз бўлсин, қўл-оёғи тез бўлсин” деган иборалар боланинг аввал-бош­дан ҳаракатчан, тиришқоқ, ерга урса, кўкка сапчийдиган бўлишига ишора қилади. Афанди латифаларининг бир туркуми ана шундай қувлик-шумлик ҳақида бизга ёрқин тасаввур бера олади. “Афандининг ўғли” латифасини ўқинг.

Бир куни подшо Афандининг ўғлини ҳузурига чақирди. Боланинг қадди-қомати, қош-кўзи худди отасиникига ўхшар эди. Унинг ақлини ҳам отасиникига ўхшаш-ўхшамаслигини синаш учун болага бир тилла берган эди, у пулни сира олмади.

– Нега тиллани олмайсан?

– Онамдан қўрқаман, у бегона одамдан пул олмагин деган.

– Яша! – хурсанд бўлди подшо.

– Мен онанг айтган бегона одам эмас, ҳукмдоринг бўламан, ола бер!

– Мен подшо эканлигингизни биламан, онам бунга барибир ишонмайди-да.

– Нима учун?

– Ҳайрон бўлди подшо. Агар подшо пул берса, бир тилла эмас, кўпроқ берар эди, дейди-да! – жавоб берди бола.

Болакайнинг бу гапидан кейин подшонинг ҳолатини тасаввур қилиб кўринг. Ҳайратдан ёқасини ушлаб қолгандир. Алдагани бола яхши, деб у Афандининг ўғлини чандиб қўймоқчи бўлгандир. Эҳтимол, Афандининг қувлик-шумлигидан ҳамиша панд еб келган подшо ўзича унинг ўғлини синаш баҳонасида уни боплаб мот қилиб ҳузурланмоқчи бўлгандир. Эҳтимол, бир тилла бериб болани қўлга олмоқчи бўлгандир. Лекин, кўрадики, бола муштдек боши билан кимсан мамлакат подшосини ўйнатиб турибди. Ҳатто вазирлару сарой мулозимлари подшо олдида дағ-дағ титраб, “Бир қошиқ қонимдан кечгайсиз”, деб ялиниб-ялпизланса, Афандининг ўғли ўзини дадил тутиб, подшони истаса ёзиб чалпак, истаса букиб чучвара қилади. Бола Афанди шундай бўлгач, қария Афанди ундан оширади, албатта. “Битта “За”га минг танга” латифасини ўқиб ўзингиз ўйланг: “Афанди қариб қолган чоғида мевали дарахт кўчатларини ўтқазаётган эди, подшо келиб қолди: – Ҳой, чол! – деди подшо.

– Сен пири фоний бўп қолибсан. Бу экаётган дарахтларингнинг мевасини ейман деб ўйлаяпсанми?

– Ўтганларнинг экиб қолдирганларидан биз фойдаланяпмиз. Энди бизнинг экканларимиздан келгусидагилар фойдалансинлар, деб экяпман. Бу гап подшога ёқиб кетиб: “За”, деб юборди. Унинг за дегани офарин дегани эди, подшо ҳар гал за деганида минг танга инъом берилиши шарт эди. Подшонинг ёнидаги хазиначи дарҳол Афандига минг танга санаб берди. Афанди қуллуқ қилиб:

– Мана, кўрдингизми, подшоҳим, меваларим ҳозироқ ҳосил берди, – деди. Подшо янаям хурсанд бўлиб: “За”, деди. Хазиначи яна минг танга санаб берди. Афандининг таъби очилиб кетди: – Аслида мевали дарахтлар йилда бир марта ҳосил беради. Лекин подшоҳимнинг пой-қадамлари шарофатидан икки марта ҳосил берди. Подшога бу гап хуш келиб, яна: “За”, деб юборди. Хазиначи Афандига яна минг тангани санаб берди-да, секин подшонинг қулоғига шивирлади: – Э, подшоҳи олам, агар бу ердан тезроқ кетмасак, бу чол хазинангизни буткул қуритади”.

Қойилмисиз? Бу иккала латифадаги бир жиҳатга эътибор беринг. Унисида ҳам, бунисида ҳам Афанди аслида одоб-ахлоқ ва эзгуликни тарғиб қиляпти. Бола Афандининг онаси ўғлига бегоналардан пул олмасликни тайинлагани ёки қария Афандининг ўтган аждодлар экканларидан фойдалангач, келгуси авлод учун мевали дарахт экиши юксак тарбия ва яхшиликнинг энг гўзал намуналаридир, шундай эмасми? Аслида ҳар икки латифада подшо пулни мана шундай юксак қадриятлар учун тўлайди. Модомики, латифа халқ ижоди экан, латифа бошқа халқ ижоди жанрлари билан узвий боғлиқ экан, шундай мотивларни эртакларда ҳам учратамиз. Масалан, эртак ва ривоятларда кўчада ҳикматли гап сотиб ўтирган одам бўлади-да, эртак қаҳрамони ўша ҳикматли гапдан битта ёки учтасини сотиб олади, сўнг ўз мурод-мақсадига етишиш йўлида ўша ҳикматли гап асқатади. Бу латифаларда ҳам билса ҳазил, билмаса чин қабилида Афанди мамлакат ҳукмдорига ҳикматли гап сотяпти. Подшо нима қилади бу ҳикматли гапни, дейсизми? Мамлакатни ривожлантиришда, яъни шу қадрият­ларни тарғиб қилишда фойдаланади, тегишли қонун-қоидалар, ислоҳотлар, чора-тадбирларни қўллайди-да. Аммо эртак ва ривоятлардан фарқли равишда латифада қув­ноқлик, яъни Афандининг қувлиги ҳам бор. Эртакдаги одам ҳикматли гапни қуруқдан-қуруқ сотса, юқоридаги латифаларда Афанди подшони мақтаб туриб, яъни кўнглига йўл топиб сотади. Дарҳақиқат, бола Афанди подшони таниши, лекин онаси подшо бир тилла эмас, кўпроқ пул беришини айтгани орқали, аслида, онаси подшони сахий одам, одамларга меҳрибон деб санашига ишора қилиняпти. Подшога саховатли эканини айтишса, эримайдими? Умуман, подшолар ўзларига хушомад ва лаганбардорлик қилишларига ўрганган, шундай эмасми? Қария Афанди-чи, “подшоҳимнинг пой-қадамлари шарофатидан икки марта ҳосил берди” дейиши ҳам худди шундай, Афандининг қувлиги ва қувноқлиги, қолаверса, хушомад орқали ҳам кўнгилга йўл топиш маҳоратидан яққол далолатдир.

Одатда қувноқ ҳамда қув одамнинг юрагида ўти бўлади. Шунинг учун имиллаган, бўшашган, сўлғин одамларга “жонинг борми, мунча сувга тушган нондек бўшашасан?” деб койиймиз. Айниқса, одам катта жамоа олдига чиқиб гапирганда ёки бирор ишни биринчи бор қилганда ҳая­жонланади ҳамда асабийлашади. Шундай пайт­ларда одам ўзини йўқотиб қўйиши, довдираб қолиши, ҳатто йиғлаб юбориши ҳам мумкин. Лекин Афанди шунақанги қувноқ ҳам қувки, катта жамоа бўладими, подшоҳ бўладими, керак бўлса, ҳар қандай одамни довдирата олади.. “Эшак – сиз” латифаси бунга исбот: “Бир ўтиришдаги аскияда подшо Афандига эшак деган лақаб қў­йиб чандий бошлади: – Сизни тегирмончига сотсаммикин ёки девона, атторга берсаммикин? – Тақсир, мени кўринганга бериб юбора берсангиз, охири эшак – сиз бўлиб қоласиз-да, – деб жавоб берди Афанди”. Битта гапда, юзаки қараганда, “Эшагингиздан ажраб қоласиз”, аслида – тагзаминда “Ўзингиз эшак бўлиб қоласиз” деган фикрни уқтириш, ҳамсуҳбатининг, халқона ибора билан айтганда, “оғзидан чиққанини ёқасига ёпиштириш”… топ­қирлик ҳам, пишиқлик ҳам, қувлик-қувноқлик ҳам, беихтиёр кулдирувчи гўзал сўз ўйини ҳам мана шу! Афандининг Хўжа Насриддин эканини, “насриддин” сўзи “диннинг насри” эканини таъкидлаган эдик. Сирасини айтганда, “наср” арабча сўз бўлиб, “син” ёки “сод” ҳарфлари билан ёзилишига қараб адабий жанр “наср”ни ёки “ёрдам бериш”ни (масалан, “насоро”) англатади. Афандининг насри ҳар икки маънода ҳам ўринли. Шундай экан, Афанди тил қонун-қоидаларини (синтаксис ва морфология) мукаммал билади. Шунинг учун билса – ҳазил, билмаса – чин, деганларидек, “Эшак – сиз” латифасида Афанди гўё “эшак” сўзига “сиз” бўлишсизлик қўшимчасини қўшиб “эшаксиз” деяпти, аслида “эшак” сўзи билан учинчи шахс бирлик олмоши “сиз” орасига “тире” тиниш белгисини қўйиб, подшони “сиз эшак бўласиз” деб масхаралаб турибди. Ёзувда бўлса-ку, маъноларни фарқлаб олиш мумкин эди, лекин оғзаки нутқда буни фарқлаш, яъни афандини “тилидан илинтириш” қийин-да. Худди шундай сўз ўйини машҳур русча иборада, яъни ҳукмда ҳам кўзга ташланади: “Растрелять, нельзя помиловать” (“Отиш, кечириш мумкин эмас”) ёки “Растрелять нельзя, помиловать” (“Отиш мумкин эмас, кечириш”). Биргина вергулнинг ўрнини алмаштириш орқали маъно тескарисига ўзгариб кетяпти… “Сиз аҳмоқ – одам эмассиз” латифасида ҳам худди шундай сўз ўйини ишлатилган: “Афанди бир куни гаплашиб ўтириб, аъламни, сиз аҳмоқ одамсиз, деб қўйди. Аълам уни подшонинг олдига судради. Подшо Афандига бир қанча пўписа-сиёсатлар қилгандан кейин: – Дарров узр айт, сиз аҳмоқ одам эмассиз, кечирасиз, дегин, йўқса, ҳозир жаллодни чақираман! – деди. Афанди аъламга қараб деди: – Сиз аҳмоқ – одам эмассиз? Кечирасиз!..” Бундай латифаларда жаноби Афандининг ҳар қандай қизиқчидан қизиқчироқ кулги устасигина эмас, аввало чинакам сўз санъаткори сифатидаги сўз устаси, сўз ўйинининг устаси экани яққол кўриниб туради.

Курашда кўтариб уриш деган усул бор. Бу усул фақат аввал осмонга кўтариб, кейин ерга уришни англатмайди, балки бир қўлда кўтариб туриб, иккинчи қўлда уришни, гўёки улуғлаган бўлиб, аслида, ер билан битта қилишни англатади. Бундай усулни унча-мунча паҳлавон қўллаёлмайди. Курашнинг бундай усулини қўлловчи паҳлавон худди Паҳлавон Маҳмуддек мисли кўрилмаган куч-қудрат соҳиби бўлмоғи керак, албатта. Афанди подшонинг чидаб бўлмас даражадаги калакаси, таҳқир-масхарасига жавобан шу усулни моҳирона қўллайди. Эътибор беринг, афанди гўё мақтанади-мақтайди, аслида эса, “Мени эшак ўрнида кўриб турган ўзинг эшаксан!” деган гапни, тағин, юқоридаги латифада бўлгани каби, пардалаб эмас, очиқ-ошкор уқтириб айтиб турибди! Бундай мисли кўрилмаган ҳақгўйлик, шартакилик, бетгачопарликни кўриб-билиб турган рақиблар қандай талқин қилдилар-у, подшо нима қилди? Подшо “Аслида, айб ўзимдан ўтди-да! Мен ўзим таҳқирлаб бошлаганимдан кейин бечора афанди шунга яраша жавоб қилди-да!” дея “масала”га бағрикенглик ва кечиримлилик нуқтаи назаридан кулиб қарадими ё “Сен нима деяпсан, ҳой афанди?!” дея жаҳл отига миниб, уни жаллоднинг қўлига топширдими? Латифада буниси айтилмайди – “масала”нинг бу томони тингловчи билан ўқувчининг тасаввурига ҳавола этилади. Ҳар қалай, латифадан англашилиб турибдики, афанди табиатан ўт билан ўйнашиш ва ё арслоннинг мўйловига тегиш (сичқоннинг ўлгиси келса, мушук билан ўйнашади, деганлар) қадар қизиқ-қизиққон, яъни ҳар қандай қизиқчидан минг карра қизиқроқ қизиқчидир! Ҳар қадамда бошини гаровга қўйиб, жонини жабборга топшириш учун одатда одам боласи қип-қизил афанди бўлмоғи керак! Афандининг қувноқлиги ҳар лаҳзада ўта қимматга тушиши мумкин бўлган, ўзининг ширин жони билан ўлпон тўлаши эҳтимолдан холи бўлмаган қувноқлик-да! Мана шундай юзаки қараганда, ўта қувноқ-хушчақчақ, аслида, юрак-бағри таҳ-батаҳ қон бўлиб, таши кулиб, ичи йиғлаб, тилда енгилгина ҳазил-мутойиба қилиб, дилда эса одам боласининг феъл-атворини ўнглаш ва халқнинг аҳволини яхшилаш ғамидан бошқа ғами бўлмай турган чинакам афандиларгина одатда ҳукмдорларга лаганбардор эмас, асл маслаҳатгўй бўла олади! Агар ҳукмдор унинг ҳақ сўзига чидай олса!

Афанди афанди бўлганидан кейин ҳукмдор билан муносабатда шунчаки енгил аския, сўз ўйини, ҳатто калакага яраша калака билангина кифояланиб қолмайди, балки худди Юсуф Хос Ҳожиб ва ё “Ўткан кунлар” романидаги мушовир (маслаҳатчи) Юсуфбек ҳожидек унинг энг мушкул саволларига ҳам тўғри жавоб қайтариб, тўғри йўл кўрсата олади. Масалан, “Жанжал нимадан чиқади” деган латифада афанди подшонинг саволига мантиқан асосли, чинакамига донишмандона жавоб қайтарадики, афандининг топқирлиги, пишиқлиги, қувноқлиги, қўрқмаслиги, донишмандлиги, том маънода мушовир (маслаҳатчи)лик маҳоратига беихтиёр қойил қоласиз: “Бир куни подшо афандидан сўраб қолди: – Шу одамларга ҳам ҳайронман-да. Доим бир-бирлари билан жанжаллашганлари жанжаллашган. Жанжал нимадан чиқаркин-а, Афандим?

– Одамлар бир-бирларига бехосдан аҳмоқ бўлма деб юборадилар. Жанжал шундан чиқади.

– Бўлмаган гап! Шу арзимаган гапдан ҳам жанжал чиқадими?

– Чиқади.

– Чиқмайди!

 – Чиқади.

– Чиқмайди!

– Аҳмоқ бўлманг! – деди Афанди жўрттага.

– Жаллод! – деб қичқирди подшо азбаройи жаҳли чиқиб кетганидан.

– Ана, айтмадимми, тақсир, битта “аҳмоқ бўлманг”га жанжал тугул, ўлим чиқди-ку! Боринг бўлмаса, аҳмоқ бўла қолинг!”

Гапининг ҳақ-ростлиги ва теран тагмаънога эгалигини бир лаҳза – бир жумлада жонли мисол орқали кўрсатиб беришга Афандидек Юсуф Хос Ҳожиб билан Юсуфбек ҳожи даражасидаги чинакам давлат маслаҳатчисигина қодир! Бу ўринда нафақат подшо, балки етти ёшдан етмиш ёшгача – барча одамларга у ёки бу даражада хос бўлган бир иллат – қайсарлик, ўжарлик, энг бамаъни панд-насиҳат ва йўл-йўриқнинг ҳам тескарисини қилиш иштиёқи санъаткорона очиб кўрсатилган. Зотан, одам боласининг табиати шундайки, у кўп ҳолларда “Аҳмоқ бўлма” десангиз аҳмоқ бўлади, “Бор, ана, аҳмоқ бўла қол!” десангиз, аксинча, бирданига “ақли кириб”, ақлли бўлиб қолади! Етти яшар болакайнинг ҳам, етмиш яшар подшонинг ҳам феъл-атвори-да бу! Сирасини айтганда, “адабиёт” сўзининг ўзаги “адаб” экан, у инсонларни адабга ўргатишга хизмат қилади. Адаб ва тарбиянинг эса, асосан, икки усули бор: мақтов ёки койиш. Масалан, “бундай қилсанг, яхши бўлади (ёки ақллисан), бундай қилсанг, ёмон бўлади (ёки аҳмоқсан)” дейиш мумкин-да. Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи деганларидек, баъзи одамлар яхши гапни, тушунтиришни тўғри қабул қилади, баъзилар эса, яхши гапни тушунмайди, уларга фақат ёмон гап таъсир қилади. Одам боласининг феъл-атворига хос бундай нозик қирраларни яхши билган афанди ҳамма билан, ҳатто ҳукмдор билан ҳам феълига яраша муомала-муносабатда бўлади. Латифада, айниқса, ҳар қандай жанжал ва ҳатто қатлу қирғинларнинг туб сабаби – аҳмоқлик экани санъаткорона очиб кўрсатиладики, айрим уқувсиз ёзувчи бу ишни шапалоқдеккина латифада эмас, йирик насрий асарда ҳам уддалаши қийин!

Афанди йигирмадан кўпроқ халқларнинг бирламчи адабий қаҳрамони эканини таъкид­лаган эдик. У ўзбекларда Хўжа Насриддин (лақаби Афанди), туркларда Хожа Насриддин, қозоқларда Хўжа Носир, озарбайжонларда Мулла Насриддиндир. Бундан ташқари, қозоқларда Алдар кўса, қорақалпоқларда Умрибек лаққи, уйғурларда Салой чаққон, тожикларда Мушфиқий епби афандитабиат қаҳрамонлар бор. Қолаверса, арабларнинг Афандиси Жоҳа (эҳтимол, хожа сўзининг тескарисига ўқилишидан ҳосил бўлган), русларнинг Афандиси Иван (эҳтимол, Афанди сўзининг қисқарган шакли) деб аталади. Худди денгизда наҳанг лаққа балиқларни ютиб юборганидек, Афанди бирламчи қаҳрамон сифатида бошқа иккиламчи қаҳрамонларни ютиб юбора олади. Яъни Афанди бошқа қаҳрамонлардан топқирроқ, пишиқроқ, қувноқроқ, устомонроқ. Мана, масалан, “Афанди ва Алдаркўса” латифасини ўқиб кўринг: “Бир куни Афанди билан Алдаркўса ҳарифона ош қилишди. Алдаркўса Афандини алдамоқчи бўлиб: – Ош дам егунча жиндай мизғиб олмаймизми? – деди. Афанди кўнди. Ётишди. Афандини ухлатмоқчи бўлиб Алдаркўса ўзи ухлаб қолди. Афанди секин туриб ошни сузди ва пок-покиза еб, қозонга сув қуйиб қўйди. Алдаркўса уйқудан кўзини очиши биланоқ Афандини уйғоқ кўриб, мақтана кетди.

– Қизиталоқ пошшо тушимда ҳам мени тинч қўймай, саройга судраб борди. Зиёфат устига зиёфат…

– Ҳа, – деди Афанди, – ўша тушингизга мен ҳам кирган эдим, қарасам: оғиз-бурнингиздан овқат тиқишаётибди. Менга ҳеч ким қарамади. Қайтиб келдиму ошни ғарибчасига сузиб, ғарибчасига едим. Қорнингиз тўқ келарсиз деб, сизга аччиқ чой дамлаб қўйган эдим, олиб келайми?” Эътибор беринг, аввало, Алдар кўса Афандини алдамоқчи бўлди. Лекин у шохида юрса, Афанди баргида юрибди. Қолаверса, Алдар кўса ўзини пошшонинг ҳурматига сазовор қилиб кўрсатиб мақтаняпти, тўғрироғи, алдаяпти. Афанди унинг қуролини, яъни алдовини олиб ўзига қарши ишлатяпти. Унинг мақтовига мақтов қўшиб, яъни барча ҳурмат-эътибор унга бўлгани, бунга эса, ҳеч ким боқмаганини айтиб, ўзини ғариб кўрсат­япти. Ўзини ғариб кўрсатган ҳолда энг уста алдоқчини ҳам алдаб чув тушириш маҳорати фақат Афандида бўлади!

Маълумки, яҳудийлар кўп минг йиллик тарихга эга, мусавийлик ва исавийлик динлари нозил бўлган қадимги халқ бўлиб, кўпгина латифаларда уларнинг донолиги, қувлиги, пишиқлиги ва бошқа фазилатлари тараннум этилади. Модомики, Афанди кўп халқларнинг умумий ва бирламчи қаҳрамони экан, у ҳар қандай халқнинг ҳар қандай жамоасида ўзининг ақл кучи ва руҳий қувватини аниқ-равшан кўрсата олади. “Нодон жамоа” латифасини ўқиб кўринг: “Афанди бир куни яҳудийларнинг катта бойлари орасига бориб бундай деди: – Мени танийсиз, Мулла Насриддин Афанди бўламан. Ҳозир мусулмончиликдан кўнглим совиб турибди, агар сиз қирқ кунгача мени яхшилаб зиёфат қилсангиз, сизнинг динингизга кираман! Яҳудий бойлари бу таклифга рози бўлишиб, Афандини қирқ кун зиёфат қилдилар. Охири улардан бири: – Энди ваъдангизга вафо қилсангиз, хайрли иш кечикмаса, – деди.

– Эй, нодон жамоа! – деди Афанди.

– Қирқ йилдан бери мусулмонларнинг зиёфатини еб, ҳалигача тузук-қуруқ мусулмон бўлганим йўғ-у, қирқ кунлик зиёфатингизга мусойи бўлайми?” Эътибор беринг, Афанди яҳудийларнинг катта бойларига мурожаат қиляпти. Бойлар Афандининг таклифига рози бўлишдими, демак, уларнинг дин ҳақидаги тасаввурлари чекланган! Бойликни ҳар нега қодир деб билган бу бойларни нодон жамоа деса дегудек-да! Лаззатли таом, моддий бойлик, ўткинчи дунё матоҳига қизиқиб динини белгилайдиган одамга ишонч йўқ, бундай одамда чин имон ҳам йўқ. Латифада Афанди ҳар икки тоифадаги одамлар устидан кулмоқда. Афсуски, бугунги кунда эътиқодни бойлик билан ўлчайдиган одамлар бойлик учун ҳар нарсага, ҳатто жонини гаровга топширишга тайёр одамлар, турли дин миссионерларининг ёлғон ваъдаларига ва моддий садақаларига эргашиб кетаверадиган одамлар йўқ эмас, ҳатто улар кўпчиликни ташкил этади. Ғалвирни сувдан кўтариб, яхшилаб суриштириб қаралса, кўпчилик чин эътиқодда собит эмас, балки мунофиқ, фосиқ, каззоб, фирибгар, тамагир, тилёғлама, ғаразўй ва ҳоказо экани кўринади-қолади. Аммо буни аниқлаш ва мутлақ ҳукм чиқаришга фақат Яратган қодир. Юқоридаги латифа эса шундай инсонларга ойна тутиб, бизни кулдиришга, тўғрироғи, аччиқ заҳарханда билан кулишга, сўнг ҳазил таги зил деганларидек, зил тагмаънони жиддий ўйлашга ундайди. Шу ҳолга алоҳида эътибор берингки, ҳар икки латифада Афанди Алдар кўса билан яҳудий бойларига таҳқир назари билан камситиб қараётгани йўқ, балки уларнинг феълига яраша муомала қиляпти: ёлғонга асосланган сохта алдовга ҳақиқий алдовни, моддий бойликка эса, маънавий бойликни қарши қўймоқда ва улардан иккинчисининг биринчисидан афзалроқлигини кўрсатмоқда.

Хуллас, афанди латифаларини топқирлик, тўғрилик, пишиқлик, қувноқлик, оқкўнгиллик ва шулар каби кўпгина фазилатлардан бизга ўгит берувчи ўзига хос йўл-йўриқ, энг қисқа дас­туриламал, энг ихчам қўлланма, дейишимиз мумкин. Улар фақат кулдириш (хурсанд қилиш, димоғ чоғлаш, баҳр очиш) учунгина яратилмаган. Бош мақсад ўйлашга ундаш, латифага сингдирилган чуқур тагмаъноларни йўриб-очиб кўрсатиш, тўғри тушуниш ва тушунтириш малакасини эгаллашдир. Тагмаънони яхшироқ тушунганимиз сайин завқимизга завқ, ақлимизга ақл қўшилиб, эл яратган ўлмас қаҳрамонимиз ва унинг ичакузди латифаларига қизиқишимиз тобора ошади. Бизнинг ушбу бадиани ёзишдан мақсадимиз эса, йўриқни йўришгина эмас, шу орқали одам боласининг феъл-атворини англаб етиш, ундаги иллатларни йўқотиб, фазилатларни шакл­лантириш йўлларини излашдир. Буюк тилшуносимиз Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” мумтоз асарида “йўриқ” сўзининг “феъл, феълу хўй, муомала” маънолари изоҳланган (“Девону луғотит-турк”, “Мумтоз сўз” нашриёти, 2016, 3-жилд, 12-бет). Ўзбек тилининг изоҳли луғатида эса, “йўриқ” сўзининг “иш-ҳаракат тарзи, усули, чора, тадбир, йўл” маънолари тилга олинган (М., 1981, 1-жилд, 354-бет). Ҳар икки изоҳли луғатда бу қадим туркий сўзнинг ўта пурмаъно-пурҳикмат экани яққол кўриниб турибди. Лекин, ўйлашимча, “йўриқ” сўзининг маънолари шугина эмас! Бу сўзни тўлароқ йўриш учун “йўр” ўзагидан ясалган “йўрма”, “йўрға”, “йўргак” сўзларининг маъноларини ёдга олиш керак. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “йўриқ” сўзидан кейин “йўрма” сўзи “каштачиликда қўлланиладиган чок турларидан бири” деб изоҳланган. “Йўрға” эса, “майда қадам ташлаб тез юрадиган (от, эшак ҳақида)” ва “Бешикнинг бир текисда осон тебраниши учун унинг орқа ва олд оёқлари остига кўндаланг ўрнатилган ёйсимон ёғоч мослама” деб кўрсатилган. Бир маромда қимирлаш нуқтаи назаридан у йўрға билан бу йўрға бир-бирига жуда ўхшаб кетади, лекин мазкур сўз от билан эшакка нисбатан сифат, бешикнинг бўлагига нисбатан эса, от вазифасида келиб, биринчисида “қандай?”, иккинчисда “нима?” сўроғига жавоб бўлиб турибди. АҚШдаги йирик шаҳарлардан бири Нью-Йоркнинг номида келган “Йорк” сўзининг кельт тилидан лотин тилига, ундан инглиз тилига ўтгани ҳақида манбаларда айтилган. Бу сўзнинг келиб чиқиши бўйича турли фаразлар мавжуд. Шулардан бири – бу сўз туркий “йўриқ” сўзи билан ўзакдош бўлиб, бу сўзда юқорида келтирилган маъноларнинг барчаси (феъл, феълу хўй, муомала, иш-ҳаракат тарзи, усули, чора, тадбир, йўл, кўрсатма,…) ўз ифодасини топган, айни чоғда, бу сўз “бошқарув (администрация)” маъносида ҳам қўлланади!.. Бас, шундай экан, Афандининг йўриғи нима? Афандининг юқорида саналган ва саналмаган барча маънолардаги йўриғи бу, албатта, унинг латифасидир! Латифада афандининг феъл-атвори ҳам, йўл-йўриғи ҳам, муомала маданияти ҳам, топган чораси, тадбири, ечими, кўрсатмаси, бошқаруви…, қў­йинг-чи, бутун борлиғи ўз аксини топган! Бинобарин, даст аввал латифага берилган иккита таъриф (“Энг ҳозиржавоб жанр” ва “Энг топқир жанр”)га нисбатан яна-да қисқароқ, атиги иккита сўздан иборат таърифни бадиа сўнгида келтиришимиз мумкин: “Афандининг йўриғи”.

Энг севимли миллий қаҳрамонимиз Хўжа Насриддин афандининг йўриғи бўлган латифа шу кеча-кундузда ҳам бу жаҳон айвони бўйлаб энг учқур тулпордек дам йўрғалаб-йўртиб, дам қушдек қанот боғлаб учиб-қўниб, бутун башарият­нинг кўнглини хуш, кайфиятини чоғ қилиб, кулиб-кулдириб юрибди! Бу оламда Афандичалик жаҳонгашта сайёҳ йўқ! Эшак миниб бўлса-да, не бир учқур тулпорлару арғумоқлар жиловидан тутган моҳир чавандозларни ҳам жаҳоний пойгада ортда қолдириб, бадиий насрнинг энг мухтасар, энг пурҳикмат, энг гўзал жанрини амалда яратган энг зўр адиб ва жаҳон адабиётининг энг ўлмас қаҳрамони – Хўжа Насриддин афанди баайни Хўжаи Хизрдек то қиёматга қадар ўлмаслиги ва жаҳонгашталиги, бу жаҳон айвонининг барча қитъаларию юртларида ўзлигини кўп ва хўп кўрсатиб, ошини ошаб, ёшини яшайвериши тайин!

Йўлинг ҳамиша оқ бўлсин, эй улуғ бобомиз, азиз отамиз, қадрдон оға-инимиз, жонажон қўшнимиз…

5 ноябр 2018 йил

 

ОТАУЛИ

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.