Шунчалар яқинсан юракка…

0
204
марта кўрилган.

* * *

Чарчамади чўзилган ёмғир,

Қарай-қарай кўзлар толдилар.

Нафас олиб оғирдан оғир,

Эшикка суяниб қолдилар.

 

Кун бўйи, кунбўйи, ку-унбўйи

Чарчамади чўзилган ёмғир.

Тун куйи, тункуйи, ту-ункуйи

Аччиқ чоғир ва сочиқ, сағир.

 

Кун бўйи, кунбўйи, ку-унбўйи

Деразадан боқдим очунга.

Кўз тўлди топ-тоза, ям-яшил,

Гултувакда ўсган тутунга.

 

Кун бўйи, кунбўйи, ку-унбўйи

Дераза ёнида ўтирдим.

Тун куйин, тункуйин, ту-ункуйин

Ўзбек тилига ўгирдим.

 

Юрак

 

Нечук боғ бу? Нечук бунда

Қушлар тунда сайрайди?

Нечук тоғ бу? Нечук тунда

Тошни қайроқ қайрайди?

 

Нечук диёр, нечук ўлка,

Нечук ватан, нечук юрт,

Нечук бунда ҳамма ўлган

Ёнар охирги гугурт.

* * *

Етишмайди баъзан олов,

Баъзан гугурт, баъзан ўтин.

Сув излайди баъзан биров,

Улов излар кимдир, лекин…

 

Баъзан йўллар ўйдим-чуқур,

Ўзгаради турмуш секин.

Ҳали кимдир қилмас ҳузур,

Кимдир камроқ кулар, лекин…

 

Тушунмайди баъзан ҳаво,

Баъзан тушунмайди экин.

Баъзан сувга оқар даво,

Кечикади дармон, лекин…

 

Лекин ҳали уфқларда

Жаннат каби кунлар кутар.

Гуллар кулар совуқларда,

Қушлар ҳали тилла ютар.

 

Фарзандларим бол ейдилар,

Гулда сузар қора ерлар.

Буни азиз юрт дейдилар,

Буни азиз Ватан дерлар.

 

 

 

* * *

Кўнглимнинг ёнидан оқмоқда ҳаёт,

Севгининг ёнида титрайди дилим.

Умримни сиз учун қилмадим бунёд,

Ҳатто “ёқасиз” деб айтмадим, гулим.

 

Бошқа юрак эмас, чигал тугун бу,

Сизни яширганман, уни ечмайман.

“Яхши кўраман”, деб айтмайман, лекин

Ҳеч қачон, ҳеч қачон сиздан кечмайман.

 

Қошингиз қаро йўл, оқ бармоқларим

Ҳеч қачон бу йўлдан юриб ўтолмас.

Тинчу титроқларим атрофингизда,

Сизни қуршаганлар гул ё қуш эмас.

 

Сизга қизиғи йўқ. Қизиқ гаплардан

Саодат сачратиб кула бошлайсиз.

Менинг шўримгами ёнгинангизда

Кимдир севишини билмай яшайсиз.

 

 

* * *

Бугун шанба, эрта – якшанба,

Гўё тугаб қолади умрим.

Дунё менга керак эмасдай,

Ўн иккида ўрнимдан турдим.

 

Бугун шанба, эрта – якшанба,

Соқол ўсар икки кун эркин.

Ҳурриятга ҳали кўникмай,

Эрк ҳам тугаб қолади секин.

 

Бугун шанба, эрта – якшанба,

Эрта ёмғир, бугун қор ёғар.

Ҳеч ким келмас мени кўргани,

Почталар ҳам келтирмас хабар.

 

Бугун шанба, эрта – якшанба,

Ухлаётган оловлар, жим шон.

Бир-бирининг қўлидан ушлар

Гузар, гулзор, ҳаммом ва дўкон.

 

Бугун шанба, эрта – якшанба,

Пичан чайнар шамол – кўк отим.

Кулбанинг бир кунжида нондай

Синиб ётар бўрон – қанотим.

 

 

 

* * *

Наҳот, яна соғинаяпман…

Юрагимда югурар титроқ.

Тун ярмида уйғонаяпман…

Кўзларини уқалар чироқ.

 

Кўйлагингнинг гулин туш кўриб,

Қўлларимдан тортқилар кўйлак.

Изларингда югуриб, юриб,

Эшигимга суйкалар йўлак.

 

Дунё – тун ё чиройли қафас,

Ҳавасим, сен қаёққа учдинг?..

Наҳот, яна ёнимга эмас…

Наҳот, яна ёдимга тушдинг.

 

Ҳайҳот, мана… жонимга тушдинг.

 

 

Бармоғинг учи

 

Учирма қиласан қошингни,

Ғавғога қўясан бошингни.

 

Қайдансан, бунчалар иссиқсан,

Қай боғдан – бунчалар тансиқсан?

 

Бармоғинг чизиқдан юрмайди,

Кулгичинг кулгида турмайди.

 

Нозиксан – ўрикнинг гулидек,

Беқарор – қоқигул кулидек.

 

Баъзида шамолсан, баъзида

Юзимга суйкалган шабада.

 

Юрасан бир томон оғгандек,

Севгининг мавжида оққандек.

 

Билагинг тутган ишқ – узукми,

Кўзлари шайдою сузукми?

 

Сирғалар юлдуздек сирғалар,

Ҳар кўча, бурчакда тирғалар.

 

Сочингга кечанинг ранглари,

Рангларнинг нурчимол занглари.

 

Лабларинг четида ёнар дур,

Бармоғинг учидан томар нур.

 

Шунчалар яқинсан юракка,

Шунчалар узоқсан тилакка.

 

Салим АШУР,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

 

 1964 йили туғилган.

Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тугатган.

“Яшил гиёҳ”, “Атиргул”, “Сиз эртага келасиз”, “Кечиккан тонг”, “Аталган кунлар”, “Сенсиз”, “Дарз”, “Келажакка қадам”, “Она тилим”, “Машиналар карвони”, “Муҳаббат китоби”, “Титроқ” номли шеърий тўпламлари нашр

этилган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.