Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди…

0
828
марта кўрилган.

Ёшлар даврасига киришни, баҳсу мунозараларида иштирок этишни, ҳатто уларнинг изи, ёнбошида юриб кузатишни  яхши кўраман. Шу кунлардаги кузатишларимдан биляпманки, йигит-қизларимизнинг қадамлари яна ҳам шахдамлашиб, овозлари жаранглаб қолгандек. Ахир, уларнинг кўзлари чақнамай, кимники чақнасин? Ахир, яна кимнинг кўксида чақмоқлар чақиб, юраги оташлансин? “Ёшлар” деган бир фаслни билдирувчи номларининг ёнига “Ўзбекистон” деган Ватан номи қўшилган бўлса… Энди уларнинг сафи улуғвор, салобатли, кўркам бир ном “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” деб аталадиган бўлса, йигит-қизларимиз фахру ғурурга тўлмай, ким тўлсин?
Исми ёнига “Ўзбекистон” қўшилганда, нималар, кимлар баланд­лаб, шонланиб, шавкатланиб кетмайди, дейсиз?!
Ватан, халқ тақдирида шундай воқеалар бўладики, айтган сайин айтгинг, эшитган сайин эшитгинг келади. Бизнингча, 30 июнь куни мамлакатимиз Президенти билан Тошкентдаги Симпозиумлар саройида учрашувдан сўнг, уларнинг меҳр-муҳаббатга, қадрга йўғрилган маърузаларини эшитгандан кейин ёшларимиз ҳали-ҳануз ўша оламда яшашяпти. Мана, Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги “Сарвиноз Собиржоновна файзи” фермер хўжалиги раҳбари, ёш фермер синглимиз Сарвиноз Шокированинг гапларини эшитинг:
“… Тарихий анжуманда … давлатимиз раҳбарига ўзим каби ёш фермерларни техника воситалари билан таъминлашда амалий ёрдам зарурлигини билдирдим. Таклифим шу кундаёқ қўллаб-қувватланди, қурултойдан уйимизга етиб келмасимданоқ даламизга бир эмас, иккита трактор келтириб қўйилибди…”
Сарвинознинг қувончи фақат трактор учунгина (албатта, трактор учун ҳам) эмаслигини сезиб тургандирсиз. Синглимиз ҳар қандай ёш юрак интиладиган адолат учун, сўзу амалнинг бирлиги, лафзнинг ҳалоллиги, лафзнинг қудрати учун суюняпти. Чунки ёшликнинг ихлосини лафзсизлик, пуч ваъдалар қайтаради. Сўзу амални бир кўрса, уларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшилиб, йигитларимиз Алпомишлик, қизларимиз Барчинойлик мақомига қараб кўтарилаверадилар.
Ўша тарихий анжуманнинг иштирокчиси бўлган яна бир укамиз, математика бўйича халқаро танловлар ғолиби Ҳакимбой Эгамбергановни эса бошқа бир жиҳат қувонтирибди. “Ёшлар иттифоқига аъзо бўлган ҳолда ўз фаоллигини намойиш эта олса, ўзлаштириш даражаси 85 фоиздан ошса, контракт тўловининг 30-40 фоизи тўлаб бериши қайд этилди. Бу талаба учун катта имконият…” Ҳа, Ҳакимбой тўғри таъкидлаганидек, бу – талаба учун катта имконият. Нафсиламрини айтганда, фақат талаба учун эмас, бу келажагимиз учун ҳам катта имконият. Чунки 85 фоиздан баланд ўзлаштиришга интилган талаба ўртамиёна кадр бўлмайди. У салоҳиятли, билимли ишчи бўлиб хизмат жойига келади. 85 фоиз ўзлаштириш учун бўлган курашлар уни тоблаган, у ички дангасаликни енгишга қодир, кучли шахсга айлангани учун ёш кадр сифатида ўзига ҳам, жамиятга ҳам катта фойда келтиради.
Умуман, Президентимизнинг ёшлар қурултойида ўртага ташлаган: улар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақидаги фикрлар ҳам, улардан кутаётган ғайрат-шижоатлар, ташаббускорликлар ҳам жамиятимиз ҳаётида янги бир босқични бошлаб берувчи бурилиш нуқтасидир. Ҳатто рамзий тарзда ҳаёт дарёсининг бу қирғоғидан у қирғоғига кечув деб ҳам баҳолаш мумкин.
Кечувга куч бераётган унсурларнинг ўзини битта-битта санасак ҳам, дарёнинг нариги қирғоғида ўғил-қизларимизни қандай ҳаёт кутаётганини тасаввур қилса бўлади. Инсон ҳаётидаги энг зарурий эҳтиёж – иш билан бандлик масаласини олайлик. Иш инсонни жамиятга қўшади, иш инсонга яшаш, интилиш учун рағбат беради, бутун жисму жонини жисмоний, руҳий ҳаракатга солади. Шу маънода мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзоси бўлган йигит-қизларни иш билан банд қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
“… Ҳамма ҳудудларда ташкил этилаётган иқтисодий зоналарда, шаҳарларда эса кичик саноат зоналарида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг аъзоси бўлган ёш тадбиркорлардан ижара ҳақи олинмайдиган тартиб жорий этилади.
… Тегишли иқтисодий чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бюджет маблағларини икки баравар кўпайтириш режалаштирилмоқда…
… Таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган бўлса, уларнинг иш ҳақидан олинадиган даромад солиғи биринчи  йили 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллари эса 25 фоиз камайтирилади…
… Шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи қошида барча турдаги солиқлардан  10 йилга озод қилинган шўъба корхоналари тузиш ваколати берилади…”
Шу ва шу каби қатор моддий қўллаб-қувватлашлар ёшларни ишсизлик туфайли ҳаётида пайдо бўладиган ота-оналарга боқимандаликдан, руҳий  изтироблар исканжасидан олиб чиқиб кетади. Юртбошимиз маъруза аввалида “… 2016 йилда ёшлар иштирокида 1 миллион 740 мингга яқин ҳуқуқбузарлик, 23 минг 440 та жиноят содир этилгани, ёш оилалар ўртасида 8 мингдан ортиқ ажралиш ҳолати қайд этилгани барчамизни жиддий ташвишга солиши керак”, деган таассуфни билдириб ўтган эди. Юқорида келтирганимиз ёшларимизга иш топиш йўлларини кенгайтирувчи чора-тадбирлар ўша ташвиш тўғонини аста-секин емириши шубҳасиз.
Фойдали иш билан банд инсон ўзига зарар қилиб ҳуқуқ бузмайди, оиласи, ўз ҳаётини бе­зов­тагарчиликка қўйиб жиноят қилмайди. Касбу кори орқасидан даромад топиб тургач, оиласида ҳам ортиқча ғиди-биди бўлмайди. Демак, оилани дарз кетказишга, иккига бўлишга олиб келувчи сабаблар ҳам туғилмайди. Ўрни келганда мен яна бир фикрни айтгим келяпти. Биз шу пайтгача  хорижга ишлашга кетган (майли, кимдир заруратдан, кимдир эҳтиёждан, яна биров ҳавасга эргашиб кетган бўлсин) ёшларимиз ҳақида ярим овозда гапирардик. Тақдир йўлларида адашиб юрганларидан осонгина: “Улар биздан эмас”, дея воз кечиб, жавобгарликдан ўзимизни соқит қилиб  қўя қолардик. Қолганлари ҳақида ҳам тўғри гапни айтишга журъатимиз етмасди. Президентимиз баланд минбардан туриб: “Улар бизнинг болаларимиз. Биз болам демасак, уларни ҳеч ким болам демайди. Ўзининг юртига керак бўлмаган болани биров “болам” дермиди?” тарзидаги юракни ларзага келтирадиган сўроқни ўртага ташладилар. 300-200 доллар учун бировларнинг эшигини супуриб юрган, идиш-товоғини ювиб юрган норғул-норғул йигит-қизлар учун Юртбошимиз куйиниб-куйранаётган, уларни юртимизга қайтариш, иш шароитларини яратиш ҳақида қайғураётган кунларнинг пешонасидан ўпгинг, ҳар дақиқасини жигарингдай бағрингга босгинг келади. Президентимизнинг хорижда  ишлаётган, ўқиётган ўғил-қизларимиз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилот тузиш ҳақидаги таклифи фақат ўзимизда эмас, халқаро миқёсда ҳам эътирофга сазовор бўлишига ишонаман. Чунки дунё ҳамжамиятида фуқароларини ўз ҳолига ташлаб қўйган давлат қадрланмаганидек, ўзиникилардан хабардор бўлган, яхши-ёмонида орқасида турган давлат ҳурматга лойиқ кўрилади.
Яна шу фикримни давом эттиришга эҳтиёж сезяпман. Нималарнингдир истак-илинжида мусофирчиликнинг қаттиқ нонини еб юрган ёшларимизнинг ҳаммаси ўз тақдиридан рози деб ўйлайсизми? Эҳтимол, уларнинг қанча-қанчаси Президентимизга ўхшаган бағри кенг бир инсоннинг: “Бери кел! Шу тупроқ боласисан. Ўз юртинг­нинг тупроғи, тоши ҳам сени қўриқлайди. Чунки аждодларингнинг хоки  шу тупроққа қўшилган, қанча кучинг бўлса, кўнглингда нақшинг бўлса, шу тупроққа тўк!” деган бир оғиз иссиқ чорловига зордир… Бир пайтлар қилган хатосию гуноҳидан қўрқиб, пушаймони ичига сиғмай юргандир…
Агар уларни эшитиб, уларга қонуний йўл кўрсатадиган бир ташкилот тузилса, кўп тақдирлар ижобий сўқмоқларга бурилармиди?
Ёшларимиз ҳаётида яхши янгиликлар қилиши мумкин бўлган яна бир масала бу уй-жой масаласидир. Тўғри, биз жамоа бўлиб яшашга ўрганган халқмиз. Ота-оналар, фарзанд, набиралар биргалиги миллатимизнинг кўрки бўлган қадриятлар давомийлигини таъминлайди. Лекин ҳаёт ўзгармоқда. Ҳаётий муносабатлар ҳам ўзгармоқда. Ёшларнинг ўзаро муносабатларидаги баъзи замонавийлик белгилари ота-оналарга тушунарсиз бўлиши, улар оддий ҳолатларни оғриқли қабул қилиши мумкин. Шу маънода ёш оилаларнинг алоҳида яшаши, бугунги турмуш учун ортиқчалик қилаётган баъзи эскирган анъаналардан воз кечиб, ўзлари, оиласи, болалари учун қулайлик яратишга ҳаракат қилиши кўпгина оилавий муаммоларнинг олдини олиши мумкин. Агар шу масалага чуқурроқ кирадиган бўлсак, ёшлар ота-оналари каби топган пулини борди-келдилар, тугун-терсаклар учун эмас, дам олиш, саёҳат қилиш, маданий ҳордиқ учун сарфлашни хоҳлашар. Улар учун дабдабали бешик тўй, суннат тўй, яна қандайдир маросимлар ўрнига гўзаллик салонига бориш, ўғил-қизларини тўгаракларга бериш ёқимлироқдир. Кекса ва навқирон авлодлар орасида ҳамиша зиддият бўлган. Бу зиддиятни  кучайтирмаслик, тинч йўл билан ҳал қилишнинг энг қулай йўлларидан бири алоҳида яшаш, узоқдан туриб бир-бирини қадрлашдир. Шунинг учун Симпозиумлар саройидаги юзма-юз мулоқотда мамлакатимиз раҳбарининг ёшлар, ёш оилалар учун арзон нархдаги уй-жой қурилиши ҳақидаги фикрлари уларнинг бугунги янгиланаётган дунёқарашларига тўла мос келади. Айниқса, маърузанинг “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи  тизимида 3-5 йил ва ундан кўпроқ фаол ишлаб келаётган, ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олиш истагини билдирган ходимларнинг ҳар йили 140 нафарига 25-30 фоиз миқдорида бошланғич тўлов ташкилот маблағлари ҳисобидан тўланади”, деган  банди йигит-қизларимизни тузилаётган ёшлар ташкилотига яна ҳам маҳкамроқ боғлайди. Уйни бежизга “Ватан ичидаги ватан” дея эъзозламайдилар. Ўз бошпанасига  эга бўлганларни “Ватанли бўлдинг”, дея  табриклашларида ҳам катта ҳикмат бор. Уй – ватан, улкан Ватаннинг бир азиз парчаси бўлиб одамга  паноҳ бўлади, ҳар кеч эртаги кун учун қувват беради. Кундуз яшаганларинг, ишлаганларинг кечинмасини фақат уйингда бемалол таҳлил қиласан. Уйсиз одам – муаллақ одам, уйсиз умр – омонат умрдир. Шундай экан, ёшларни уй билан таъминлаш бу – уларни шунчаки бошпанали қилишдан улканроқ иш, улуғворроқ сиёсатдир.
“Камолот” деб аталувчи ташкилотнинг Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқига айланиши ҳаётимиздаги тарихий ҳодисалардан бири сифатида такрор-такрор қайд қилинмоқда. Чиндан ҳам, бу анжумандаги ҳар янгиликнинг ўзини тарихий воқеа деб атасак, ҳақиқатни айтган бўламиз. Дейлик, ёш ҳарбийлар таълим оладиган мактаб ва лицейларнинг “Темурбеклар мактаби” деб аталишининг ўзини олайлик… Мактабда “Темур тузуклари” ўқитилса, улуғ бобомизнинг “Миллатнинг дардига дармон бўлингиз!” деган унутилмас хитоблари янграб турса…
Улуғ пир, буюк ватанпарвар Нажмиддин Кубронинг ботир саркарда Жалолиддин Мангубердига айтган жавонмардлик ҳақидаги ўгитлари ёш шуурларга қуюлса… Ахир, ватанпарварлик туйғуси Ватан қаҳрамонлари хотирасига эъзоздан ўсиб чиқади-ку. Муҳтарам Президентимиз ёшлар тарбияси ҳақида гапираётиб: “Ота-оналар фарзандлар тарбияси учун жавоб берадиган қонун бўлади”, деган фикрни айтдилар. Мен ҳали муҳокамага энди қўйиладиган қонун ҳақида шошилиб фикр билдиргим келяпти. Шунчаки тарбияси учун эмас, ватанпарвар, миллатпарвар, ҳалол, ростгўй қилиб тарбиялаш учун ота-она жавобгар бўлиши керакки, токи ота-оналарнинг ўзида  бу фазилатлар етишмаса, ўзи ҳам ўзини тарбияласин. Албатта, жамият тараққиёти, айниқса, оила осойишталиги, соғлом муҳит яратишда аёлнинг беқиёс ўрни бор. Шу маънода, Зулфия номидаги Давлат мукофоти жамиятимиздаги фаол, иқтидорли қизларни юзага чиқармоқда. Лекин бу ҳаракат ўғил болалар тарбиясига халақит бермаслиги керак. Жамият аёл ҳарорати, аёл  меҳридан куч олиши зарур, лекин у аёллашмаслиги керак. Бизнинг менталитетимизда оталар, акалар, ўғлонларнинг ўрни ҳамиша баланд бўлган. Бу қайсидир хорижликлар нигоҳидагидек, зўравонлик эмас. Эркакнинг қатъияти, мардлиги, ор-номусининг мустаҳкамлиги ҳамиша Аёл учун паноҳ бўлган. Шу маънода “Мард ўғлонлар” мукофотининг таъсис этилиши ўғлонларимизга ҳаёт саҳнасига кучли бўлиб, Ватан, миллат ор-номусига, аёл шаънига соқчи бўлиб чиқишига даъват бўлади, рағбат бўлади, деб ўйлайман.
Ҳар мукофотнинг ўз ундови, ўз чорлови бор. Масалан, “Келажак бунёдкори” медали ёшларимиз зиммасига эрта учун жавобгарлик масъулиятини юклайди. Интилишлари, орзу-мақсадларига давомийлик бағишлайди. Ёшлар учун махсус кинотеатр, нашриёт уйи, янги нашрларнинг ташкил этилиши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбарлари мақомининг баланд­лаши, ёшлар ҳаётида муҳим рол ўйнайдиган қарорларнинг пастдан юқорига қараб муҳокама қилина бориши, умуман, навқирон авлод ҳаётидаги бугунги ўзгариш, янгиланиш­ларни моҳият эътибори билан руҳий, маънавий инқилобга тенглаштириш мумкин. Мен “инқилоб” сўзини бежиз тилга олмадим. Ахир, давлатимиз раҳбарининг ўзи: “Айни вақтда ёшлар аудиториясига ихтисослашган оммавий ахборот воситалари ҳам ўз фаолиятини тубдан ўзгартириши лозим.
Аввало, қуруқ расмий гаплардан қочиш, танқидий  таҳлил, креатив ёндашув, бугунги ҳаётни бутун кўлами, мазмуни, керак бўлса, мураккаблиги билан ёритишда журналистларимиз фаоллик кўрсатиши керак”, дея қаламкашларни уйғоқлик, дадилликка чорлаб турса, бу имкониятдан фойдаланмаслик нодонликка тенгдир. Чунки бугунги ҳаётимизда  муваффақиятларимиз билан бирга, уларга соя солаётган иллатлар ҳам борлигидан кўз юма олмаймиз-ку. Айниқса, олий ўқув юртларидаги тамагирлик, имтиҳон-синовларда билим эвазига эмас, пул эвазига баҳо олиш, умуман, ишга киришдаги сунъий тўсиқлар, нафси ҳакалак отган бошлиқлар, ҳатто зиёлилар борлигини ҳамма билади-ку. Халқ орасида “шапкаси”, “соққаси” деган гаплар бежиз ўрмаламайди, ахир. Суд, тергов жараёнларидаги адолатсизлик, тиббиётдаги шифохонага берилган дориларни беморларга пуллашлар… Ҳакозо… ҳакозо иллатлар томир отиб кетгани аниқ-ку. Ҳеч бўлмаса, ёшлар шу иллатлардан ҳазар қилишлари, ҳеч бўлмаса, шу иллатлар ёшлар ҳаётига қора қуртдек ўрмалаб кирмаслиги учун ёш журналистлар қалқон бўлиши керак-ку. Президентимизнинг талаби ҳам – шу. Бу қалбларни, иймонни, жамиятни тозартирувчи, покловчи талаб ва буни журналистиканинг ёш авлоди ўз бурчи деб билиши керак. Бироқ шу ҳақиқатни ҳам унутмаслик керакки, мамлакатимиз раҳбари ҳар бир вазифа моҳиятини, заруриятини изоҳлар экан: “Буларни амалга ошириш қийин, жуда қийин!” дея кун тартибида турган долзарб масалаларнинг салмоғини, биздан қанчалар жасорату шижоат талаб этишини уқтиргандай бўлди.
Ҳа, улуғ эзгуликлар йўлидаги курашлар ҳеч қачон осон кечмаган. Модомики, биз ҳуррият йўли, озодлик, шон-шараф, фаровонлик йўлини танлаган эканмиз, машаққатларни гарданимизга олишимиз, қийинни мардлик, ишонч, бақувват руҳ билан  енгишимиз зарур. Бизнинг халқимизга хос минг йиллик анъана бор: кўпчилигимиз яхшиликни унутмаймиз, нонкўрлик қилмаймиз. Президентимизнинг бугун ёшларга билдираётган ишончи, уларга очаётган йўллари келажак, яхши келажак йўлидаги буюк яхшиликдир. Ишонаманки, ёшларимиз соф қалби, шижоати, иқтидори, курашчанлиги билан бу яхшиликларга муносиб яхшилик билан жавоб қайтарадилар. Буюк келажакка муносиб озод шахс мақомига кўтарилиб, Юртбошимиз ишончини оқлайдилар.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.