Тиллани тоблаган пeшона тeри

0
388
марта кўрилган.

Йилда уч-тўрт марта турли байрам ва тўйлар муносабати билан туғилиб-ўсган юртим Бухорога йўл олар эканман, ғазал мулкининг султони бўлмиш улуғ шоиримизнинг номи билан аталувчи Навоий вилоятини кесиб ўтаман. Бу йўл Буюк ипак йўлининг бир қисми. Улуғ йўл бўйида меҳнаткаш, ишбилармон, танти одамлар яшайди. Қачон ўтсам, навоийлик одамларни иш билан банд бўлганини кўрарман: кимдир қорамолларни ҳайдаб кетади, кимдир кун тиғида далада тер тўкади, яна кимлардир янги иморат тиклаётган бўлади, хуллас, қишин-ёзин деярли барча тирикчилик, рўзғор ташвишида юради…

Навоийни биринчи марта кесиб ўтадиган одам Навоий шаҳри яқинига келганда димоғига аччиқ ҳаво урилади. Сезадики, яқин-ўртада завод ё қандайдир корхона бор. Менам ҳар ўтганимда шу аччиқ ҳавони ютиб, ўйлайманки, бу ерда яшаш оғир – соғлиққа зарар; кунига милён сўм берганда ҳам бу жойда яшамасдим – пичирлайман ўзимга ўзим. Лекин… мен, ўз жонини севадиган одам, унутаманки, бу ерда кунига милён сўм даромад топмаса ҳам кун кечираётган, уй-жой солиб фарзанд ўстираётган, тўй қилаётган, келажакка катта умид билан интилаётган меҳнаткаш Халқ бор. Шу халқ орасида эса бир кунлик умрининг ярмидан кўпи катта-катта завод ва комбинатларда, кону шахталарда кечадиган Қаҳрамонлар бор…

 

* * *

Навоий вилоятига хизмат сафари билан боришга тўғри келди. Қаерга денг, Ўзбекистоннинг фахри бўлган, юртнинг фаровонлигига катта ҳисса қўшиб турган Навоий кон-металлургия комбинатига, олтин конларига, шахталарга, заводларга. Режамизда комбинатда ўз меҳнати билан касбдошлари орасида ажралиб турадиган, бошқаларга ўрнак бўла оладиган ишчи-хизматчилар билан ҳам танишиб, суҳбатлашишимиз керак эди. Менинг суҳбатдошим қорамағиз, юз-кўзларидан анча вазмин ва босиқ экани кўриниб турадиган тилла қуювчи эди…

Исрофил. Бу сўзни эшитган одам борки, рўзи Қиёматда сур чаладиган фариштани эсга олади. Лекин шу ном кимнингдир исми дейилса, кўпчилик ишонмайди. Менинг суҳбатдошим айнан шу ноёб исм эгаси эди. Исрофил аканинг фақат исми ноёб эмасди. Унда бугунги кунда ноёб бўлган ғурур, номус, тақдирдан розилик, ҳалоллик каби хислатлар ҳам жам эди. Бу унинг кўзларида, гап-сўзида, фикрлашида акс этарди.

…Ёш Исрофил болалигида ота-онасининг етовида ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида бир неча марта нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиёда машҳур бўлган Зарафшон шаҳрига меҳмондорчиликка келади. Хатирчида туғилиб, кенг адир ва тоғлар бағрида яшаган болакайга Зарафшон орзусидаги шаҳардай кўринади. Ҳар сафар келганида Зарафшонга бўлган муҳаббати алангаланган Исрофил “Катта бўлсам, шу ерда яшайман, ишлаб уй ва машина оламан, ота-онамни ҳам шаҳарга олиб келиб, бирга яшайман”, дея эзгу ниятни ўша пайтларда дилига тугиб қўяди.

Исрофил ака 1986 йили ишчи-хизматчи оиласида туғилган. Оилада тўнғич фарзанд, уч синглиси бор. Оилада битта ўғил фарзанд бўлса, одатда, эрка, сал боқибеғам ўсади. Ота-она ҳам “Худодан тилаб олган яккаю ягона арслоним” деб, алоҳида меҳр билан улғайтиради. Эрка фарзанд бўлиб ўсган бўлсангиз керак, дегандай Исрофил акага маъноли қарайман.

– Фарзанд тарбияси билан, асосан, отам шуғулланган. Назорат, тартиб-интизом жойида бўлган доим. Ўқиш, уй-дала ишларини доим отам билан бирга бажарардим. Отамдан кўп нарсани ўрганганман: эркаклик ғурури, ор, ҳамият, ҳалоллик. Баъзан оиладаги ўзимни отам билан солиштираман: отамга қанчалик ўхшаяпман, деган ўй билан…

– Отангиз ҳам кончи бўлганларми? Ўзи қандай келиб қолгансиз бу ерга.

– Йўқ, отам бутун умр қишлоқ хўжалигида ишлаганлар. Ёшлигимдан менга фалон касбни эгалла, кончи бўл ҳам демаганлар. Коллежнинг техника йўналишини битиргач, тақдир тақозоси билан Зарафшонга келдим. Малака суҳбатларидан ўтгач, иккинчи металлургия заводига ишга кириш насиб этди. Мана, 12 йилдан бери ишлаяпман…

Навоий кон-металлургия комбинати мамлакатимиз саноатининг нуфузли корхоналаридан бири ҳисобланиши барчамизга маълум. Олтин ишлаб чиқариш бўйича жаҳондаги энг йирик мажмуалардан бири бўлган Марказий кон бошқармасига қарашли 2-Гидрометаллургия заводи эса ана шундай йирик комбинатнинг қонтомирларидан бири. Қаҳрамонимиз айни шу ерда меҳнат қилади.

2-Гидрометаллургия заводининг қурилиши 1967 йилнинг май ойида бошланган бўлиб, асрий Қизилқум бағрида кўркам воҳа, замонавий шаҳар, қатор корхоналар бунёд этилишига пойдевор яратган. Заводнинг биринчи навбати қисқа муддатда – икки йилу икки ойда қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилган эди. 1969 йилнинг 21 июли нафақат завод, балки чўллар қаърида яшириниб ётган табиий бойликларни қидириб топиш ва уларни юрт истиқболи, инсонларнинг фаровон турмуши йўлида ўзлаштиришга жидду жаҳд қилган Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси ҳаётида ҳам абадий битилиб қоладиган сана бўлди. Шу куни заводда оғирлиги 11 килограмм 820 грамм бўлган биринчи олтин ёмбиси қуйилади.

Бугунги кунда олтин ишлаб чиқариш бўйича жаҳондаги энг йирик корхоналардан ҳисобланган 2-Гидрометаллургия заводи фаолият кўрсатаётган ўтган 50 йиллик даврида 1,1 миллиард тонна рудани қайта ишлади.

Улкан замонавий саноат мажмуасида матонатли, мустаҳкам иродали, мураккаб техникавий ва муҳандислик масалаларини ҳал этишга қодир турли миллат вакилларидан иборат фидойи инсонлар, устозу шогирдлар меҳнати билан таркибида қимматбаҳо металл бўлган рудани майдалашдан бошлаб, ундан тайёр маҳсулот ажратиб олиб, олий сифатли қуйма олтин ҳосил қилишгача бўлган технологик жараёнлар тўлиқ амалга оширилади.

Қаҳрамонимга зимдан диққат билан қарайман: турли кислота ва кимёвий моддалар сабаб қўллари куйган, қорайган, доғлар бордек; юзларида бир неча йиллик толиқиш сезилиб туради. Ҳа, меҳнати оғир, дейман. Беэътибор ўзимнинг қўлларимга кўзим тушади: шаҳарнинг нуқси урган – оқ ва нозик, кесилган, куйган, қабарган жой йўқ. Ўзимча хаёлан чамалашга ўтаман: ким юртга кўпроқ наф келтиряпти – енгил тош босадиган нимарсалар ёзиб, 500-600 кишига (обуначиларга) мақола ёзаётган журналистми ёки ер қаъридан олинган тупроқ орасидан зарраларни саралаб, зарга айлантираётган замонамиз алкимёгарими?

– Тилла билан ишлаш қизиқ бўлса керак-а?

– Ҳа, қизиқ. Лекин меҳнати оғир. Айтайлик, БелАЗ машинаси темир аравасига сиғадиган маъданли тупроқни кимдир ковлаб олади, уни кимдир машинада белгиланган жойга олиб бориб тўкади, ўша тупроқ поездда чақиримлар босиб заводга келади. Турли жараёнлардан ўтиб, ярим тайёр маҳсулот ҳолида келади. Биз эса уни турли кимёвий жараёнлар воситасида соф олтинга айлантирамиз. Бир “БелАЗ” машина орқалаган тупроқдан, фараз қилинг, бир сиқим тайёр маҳсулот чиқади. Тайёр бўгунича бир неча юзлаб одамларнинг пешона тери тўкилади…

Дарҳақиқат, Исрофил ака рост айтаётган эди. Суҳбатнинг эртаси куни бизга заводларни таништиришди, иш жараёнлари, техникаларнинг ишлаш механизмлари ҳақида тушунчалар беришди. Қўллар, бўйинлар, қулоғу тишларимизни безаб турган олтин минг чиғириқдан ўтиб, олтинга айланарди. Гўёки маъданга пешонадан оққан тер жило ва тиниқлик берарди, у олтин қўллардан ранг оларди.

2-Гидрометаллургия заводи рудани тайёрлаш, майдалаш, қуюлтириш, тайёр маҳсулотлар, таъмирлаш – механика цехлари, завод марказий лабораторияси ва саккизта ёрдамчи участка ишчи-хизматчилари, муҳандис – техник ходимлари ана шундай масъулиятли ва шарафли вазифани сидқидилдан бажариб келмоқдалар. Улар орасида, шак-шубҳасиз, Исрофил аканинг ўрни ҳам бор.

Корхона маҳсулотининг олий сифатлилиги халқаро ташкилотларнинг юксак даражадаги эътирофига сазовор бўлаётир, бу, албатта, аҳил жамоанинг яна бир катта ютуғидир. 1994 йили Лондон Қуймалар бозори ассоциацияси Арбитраж лабораторияси томонидан 2-Гидрометаллургия заводи олтинига оптимал маҳсулот мақоми берилди. Бу корхонада ишлаб чиқарилаётган олтин жаҳон стандартлари талабига тўла жавоб беришининг тасдиғидир. Эндиликда Ўзбекистоннинг олтин қуймалардаги тамғаси бутун дунёда маҳсулот юқори сифатининг нишонаси бўлиб тан олинмоқда. 1998 йили Навоий кон-металлургия комбинати олтинига Токио саноат маҳсулотлари биржасининг сифат сертификати берилди. 2012 йилда ўтказилган синовда ҳам корхона маҳсулоти сифати яна қайта юқори баҳоланди.

– Об-ҳаво сал ёмонроқ экан бу ерларда дейман суҳбатимиз давом этаркан. Заҳарли тутун чиқади, турли кимёвий жараёнларнинг зарарли таъсири бор. Қолаверса, айтишларича, бу ерда қиш ҳаддан зиёд совуқ, ёз эса жуда иссиқ бўларкан. Ҳеч хаёлингиздан ўтганми, 5-10 йил ишлаб, оилавий иқтисодимни яхшилаб, бирор бизнес ёки бошқа касбни танлаб, қишлоғимда, тоза ҳаволи тоғлар қўйнида яшайман, деб?

– Йўқ, асло. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, деган гап бор-ку! Заҳарли ҳаво ютасизми-тоза ҳавоми, барибир инсон тақдиридаги битилган умрни яшайди. Мана, дунёнинг энг ривожланган давлатларига қаранг, ҳаммасида катта-катта заводлар, корхоналар ишлаб ётибди. Экологик жиҳатдан бизникидан ўн чандон хавфли ҳудудлар бор. Эртаси аниқ бўлмаган атом станция ва заводларни айтинг! Бизнинг ҳудудлар, ҳарҳолда, чўл ўртасида, одамлар яшайдиган ҳудудлардан анча олис. Лекин нима борки, тер тўкмасдан, заҳмат чекмасдан роҳатга эришилса. Кон-металлургия тизимида 60 мингга яқин одам ишлайди. Яратган эгамиз шу минглаб инсонлар қатори менинг ризқимни ҳам шу маъданлар орасига сочган экан, шукр қилиб, ишлайверамиз.

Дарҳақиқат, комбинат тизимида 60 мингга киши меҳнат қилади. Шу етмиш минг киши юртмизнинг деярли барча ҳудудларидан келишган, уларнинг топган ризқи ортидан эса оиласи, ота-оналари туз тотади (ўрта ҳисобда олти киши. Энди ҳисоблаб кўраверинг: 60 000х6=360 000. Демак, ушбу завод салкам ярим миллион кишининг қорнини тўқ, устини бут қиляпти).

Навоий кон-металлургия комбинати ўз ходимларининг меҳнатини қадрлайдиган ташкилотлардан энг кўзга кўрингани (буни менга шерик бўлиб борган ҳамкасбларим ҳам тан олиб айтишди). Юртимизнинг энг сўлим ва хушманзара жойларининг тоғ-ён бағирларида санаторий-оромгоҳлари, дам олиш масканлари, шифохоналари бор. Ҳар бир ишчи-ходим йилда бир марта хоҳласа ўзи, хоҳласа оиласи билан дам олиб келиши мумкин.

Шундай тизим яратилганки, кон-металлургия соҳаси ходимининг фарзандлари она қорнида пайдо бўлганидан комбинатга қарашли поликлиника ва касалхона назоратида бўлади. Туғилиб, тетапоя бўлгач, боғчага қўймоқчи бўлган ота-оналарга комбинатнинг мактабгача таълим муассасалари мунтазир. Кончи-металлургнинг фарзанди мактаб ва олийгоҳда ҳам ота-онаси меҳнат қиладиган ташкилот сийловидан бебаҳра қолмайди.

Шулар ҳақида ҳаяжонланиб гапираётганимда Исрофил ака яна ҳайратимни оширди:

– Ҳатто комбинат тизимида меҳнат қилган фахрийларга байрам ва танталарида моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатилади, ўзимиздаги санаторийлар билан бирга Иссиқкўл, Ялта каби курорт шаҳарларга ҳам йўлланма асосида жўнатишади. Комбинат бир оиладек гап, дўстим. Ҳамма ҳаётидан, меҳнатидан, шарт-шароитлардан рози – оила фаровон-да.

Ҳозир олтмишга кирган ва ота-онаси шу тизимда ишлаган комбинат ходимлари билан бир суҳбатлашинг, ҳаётининг ҳар бир они шу ташкилот билан боғлиқ. Туғилганидан бошлаб комбинат сийловида ўсган киши агар ўзи ҳам улғайиб шу ерда ишлаб, нафақага чиққан бўлса, нафақадаям комбинат уларни ташлаб қўймайди: моддий ёрдамлар бериб туради, байрамларда йўқлайди, дам олиш масканларига жўнатиб туради.

Исрофил аканинг гапларида ёлғон йўқ эди. Бу ерда ишчи-хизматчилар учун яратилган шароитларни кўрсангиз, ҳавасингиз келади. Кейинги йилларда комбинат ташаббуси билан Зарафшон шаҳрида “Нептун” сув ҳавзаси капитал таъмирланди, Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” стадиони реконструкция қилинди, Зафаробод қўрғонида “Янги ҳаёт” спорт мажмуаси ва ёпиқ сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди. Учқудуқда барпо этилган “Орзу” истироҳат боғи бугун шаҳарликларнинг энг севимли дам олиш масканига айланди. Ёшларнинг дам олиши, эҳтиёжи, қизиқиш ва интилишлари ҳисобга олиниб, Учқудуқда “Келажак” ёшлар маркази кўркам маскани ишга туширилди. Зарафшон ва Зармитанда болалар аквапарки, Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳамда Зафаробод қўрғонида барпо этилган бири-биридан гўзал мусиқали фавворалар барчага завқ ва ҳузур бағишламоқда. 2018-йилда Нуробод шаҳрида “Кўзмунчоқ” болалар боғчаси капитал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Корхонада болаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, ёзги таътил мавсумида ишчи-ходимларнинг ўн мингдан ортиқ фарзандлари шаҳар ташқарисидаги ва шаҳарда жойлашган 11 та болалар соғломлаштириш оромгоҳида мириқиб дам олишаркан. Айтишларича, оромгоҳларда болалар мазмунли ва мароқли дам олиши, бўш вақтларида турли тўгаракларда қатнашиб, ўз билим ва салоҳиятини мустаҳкамлаши учун ҳар томонлама қулайликлар яратилган. Дарҳақиқат, комбинатнинг “Паҳлавон”, “Болажон”, “Сармиш”, “Сўғдиёна”, “Зарафшон” ва “Келажак” болалар соғломлаштириш оромгоҳлари табиатнинг сўлим ва хушманзара жойларида жойлашган бўлиб, улар мамлакатимиздаги энг яхши масканлар қаторида эътироф этилган.

– Оилангиз ҳақида ҳам гапириб беринг.

– Икки қизим бор. Каттаси мактабда ўқийди, кичиги боғчага боради. Аёлим ҳам шу комбинат тизимида ишлайди. Шукр, топганимиз рўзғоримизга етади. Қишлоққа борсак, ота-онамга, сингилларимга совға-саломлар элтамиз, рўзғорнинг кам-кўсти бўлса, тўлғазиб қўямиз.

– Ҳафтада неча кун ишлайсиз?

– Беш кун.

– Демак, оилавий дамолишга, болалар тарбияси билан шуғулланишга шанба-якшанба кунлари вақтингиз бўларкан. Дарвоқе, фарзандларингиз тарбиясида ўрнингиз қандай?

– Фарзандлар тарбияси билан кўпроқ аёлим шуғулланади. Менинг асосий вақтим ишда ўтади-ку. Шу сабаб бу борада аёлимга ишонаман ва суянаман. Очиғи, ўзимни идеал ота деб айтолмайман. Сабаби, эрталабдан кечгача ишда бўламан. Ишдан кеч, чарчаб қайтгандан сўнг, тўғриси, болаларга ҳам вақт ажратолмай қоламан баъзан. Лекин дам олиш кунлари қизларим билан кўпроқ бирга бўлишга ҳаракат қиламан. Истироҳат боғларига обораман, дўконларга кириб, совғалар олиб бераман. Баъзан қишлоққа кетамиз: ҳам ота-отамни хурсанд қиламан, ҳам болаларимни.

– Исрофил ака, сўз ортида ишлаётган одам сифатида барчадан битта нарсани, албатта, сўрайман. Сизга ҳам шу саволни берсам… Мана, болаларингиз энди ёзув-чизувни ўрганиб, илм ёшига етибди. Уларга китоблар ҳам олиб берасизми? Умуман, оилангизда маънавий муҳит қандай?

– Олий таълимда ўқимаганман, ўзимни зўр китобхон ёки газетхонман ҳам деёлмайман. Лекин қизларимга тез-тез янги эртак китоблар олиб бераман. Ўзимизнинг ташкилотнинг каттагина кутубхонаси ҳам бор. Аъзо бўлганман. Шу ердан ҳам китоблар олиб бораман уйга. Ишонсангиз, кичкина қизим ҳар кеча эртак эшитмаса, ухламайди. Қиз бола отага меҳрибон бўлмайдими, мен айтиб беришимни истайди. Бола – пошшо, пошшонинг амри эса бош устига. Ҳар кун эртак ўқийвериб, рости ўзим ҳам анча эртакларни ёд олганман. Қизим баҳонасида ўзим ҳам китобхон бўпқолдим.

– Уларнинг ўқиши, ёзув-чизувугига аёлингиз масъул бўлса керак-а? Сиз барибир эртак айтиб, қутилиб қолсангиз керак?

Исрофил ака кулиб, гапини давом эттиради:

– Ҳа, аёлим шуғулланади. Аёлим ҳам олий маълумотли эмас, аммо келажак учун керак, фарзандларимизга ҳам тарғиб қиламиз, деб инглиз тилини ўрганди. Ҳозир ингилизча яхшигина гапира олади. Онасининг талаби ва ёрдами билан катта қизим тил ўрганишга қизиқиб қолди. Ҳозир у ҳам мактабида аълочи, энг яхши чет тили ўрганувчиси…

Исрофил ака билан суҳбатимиз анча давом этди. Унинг меҳнати, заҳмати, ҳақиқатан таҳсинга лойиқ. Ҳавас қиларли касб эгаси. Меҳнатидан рози, оиласидан кўнгли хотиржам, фарзандлари келажагидан умидвор ҳамсуҳбатимиз “Шуҳрат” медали соҳиби. У камтарона меҳнатимга жуда катта эҳтиром бўлди бу медал, деди суҳбатимиз сўнгида. Ниятимиз шуки, ватан тараққиёти, юрт истиқболи, халқ фаравонлиги учун сидқидилдан, ҳалол меҳнат қилаётган Исрофил акадек кончилар, механиклар, олтин қуювчилар – барча комбинат ходимларининг ҳар бири қаҳрамон, ҳар бири буюк жасорат эгаларидир. Қўллари дард кўрмасин, деймиз!

Ҳусан Мақсуд

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.