Вақт туҳфа этган бахт

0
154
марта кўрилган.

Болалигимда пешайвонда отамнинг қорамойдан ялтираб турган пойабзалини оёғимга илиб, қачон мен ҳам улғаяр эканман, деб ўйлар эдим. Ҳар кун шундай кечар, катта бўлиш иштиёқидан митти юрагим ҳапқириб кетарди. Вақтни кимдир жиловлаб тургандек туюларди, гўё. Бугун ўша хотираларни ёдга олиб, соғинаман…

Буни қарангки, бир киприк қоққунчалик лаҳзада бўйим отамдек барваста бўлди, етказганига шукр! Шошиб ўтаётган ойу кунлар тизгинида умримизнинг лаҳзаларини сарф этиб, ҳамон одимлаяпмиз. Орзу-мақсадларимиз, эзгу ният ва режаларимиз олий ҳакам – Вақтнинг ажри билан гоҳ осон, гоҳида синову имтиҳонлар билан амалга ошиб бораётир.

Ҳадемай яна бир йил поёнига етади. Ўтаётган 2017 йил бутун юртдошларим каби менинг ҳам ҳаётимга чуқур из қолдирди. Сабаби, йил бошида кичкинтойлар учун ёзилган “Шоколадли туш” китобим нашрдан чиқди. Болаликдаги соғинчларимнинг ҳовури бироз босилгандек бўлди.

Мустақиллик куни байрами арафасида яна бир орзум ушалди. Давлатимизнинг, устоз ижодкорларнинг меҳри ва эътибори билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиндим. Бошим осмонга етди… Ахир, ирмоқнинг қуйиладиган дарёси бўлгани яхши!

Дарҳақиқат, ҳар йилнинг инсон учун катта-кичик туҳфалари бор. Муҳими, уларнинг қадрига етиш, ғанимат онларни тўғри сарф этиш, жонажон Ватанга, халқимизга муносиб бўлиш – бахтли ҳаётга замин бўлиб хизмат қилади.

Айтганча, бугун ўғлим менинг пойабзалимни оёғига илиб олганига кўзим тушди…

 

Ҳар ниҳолнинг илдизин ёйиб

Унарга ўз ватани бўлсин!

Ҳар қушнинг кенг қанотин ёзиб

Қўнарга ўз ватани бўлсин!

 

Ўчоғидан ўрласин тутун,

Насибаси бўлсин бус-бутун.

Ҳар одамнинг осойишта кун

Кўрарга ўз ватани бўлсин!..

Фахриддин ҲАЙИТ,

шоир

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.