Хотира уйғонса, гўзалдир

0
250
марта кўрилган.

Зомин семинари иштирокчиларига саволлар:

1. Ёш ижодкорларнинг Зомин семинарида қачон қатнашгансиз? Семинар сизда қандай таассурот қолдирган?
2. Семинар ижодингизга қандай таъсир кўрсатган? Сизга қаттиқ таъсир қилган воқеа, суҳбат, учрашувлар бўлганми?
3. Зомин семинари кашф этган ёшлардан кимларнинг ижодини кузатиб борасиз? Сизнингча, йиллар мобайнида уларнинг ижодида қандай ўзгаришлар юз берди?
4. Бу йил Зомин семинарининг қандай ўтишини истар эдингиз?

Ориф ТЎХТАШ

1. Мен 1997 йили мазкур ижодий семинарнинг иштирокчиси бўлганман. Ижодкор дўстларим – Уйғун Рўзиев, Нодир Жонузоқ, Ғайрат Сайдуллаев ҳамда опам Муҳаббат Тўхташевалар билан биргаликда қатнаш­ганмиз. У маҳалда барчамиз Самарқанд давлат университети талабалари эдик. Очиғини айтиш керак, оддий бир талаба учун бундай ижодий семинарларда иштирок этишнинг ўзи катта бахт эди!
Тадбир ҳаммамиз учун ҳам унутилмас таассуротларга бой бўлган.  Ўзбекис­тон халқ шоири Абдулла Орипов бошчилигидаги бир гуруҳ таниқли шоир ва адиблар билан ҳамсуҳбат бўлиб, уларнинг маслаҳатлари, кўрсатган йўл-йўриқларига мушарраф бўлганимизнинг ўзи ҳам улкан таассурот, аслида! Улардан олинган ижодий ўгитлар ҳали-ҳамон бизга ижодий дастур сифатида асқотиб келади, десам, муболаға бўлмайди. Бугунги кунга келиб хўрсиниб эслайдиганимиз – ўша машҳурларимизнинг аксари марҳум бўлса, биз уларнинг жонбахш суҳбатларидан, афсус­ки, маҳрум бўлдик…

2. Адашмасам, Расул Ҳамзатовда  ўқиган эдим: “Шоирнинг учта устози бор: Ватан, Табиат ва Китоб”. Шундай экан, мазкур семинарнинг юртимизнинг энг сўлим гўшаларидан Зомин тоғлари ёнбағрида ташкил этилгани биз ёш ижодкорлар учун Ватан дарсини ўтагандек бўлган гўё.  Қолаверса, семинар ижодий ва ижобий рақобатни юзага келтирган эди. Унда қатнашганлар дастлаб ўзининг нимага қодирлигини англар, ютуқ ва камчиликларини илғаб олишга имкон топарди. Шахсан менинг иштироким ўз ижодимда катта ўрин эгаллайди, десам адашмайман. Айтиш мумкинки, бу семинар иштирокчиларга мустаҳкам қанот вазифасини ҳам ўтаган.
Зоминда ташкил этилган кечки мушоиралар, файзли давраларнинг ҳар бирини энтикиб ёдга оламиз. Бундан ташқари, биз – самарқандлик иштирокчилар ҳали-ҳануз бир-биримизга айтиб, кулишамиз: ҳа, айнан қайноқ ёзнинг ўтли кунларида биз енгилгина кийинволиб йўлга чиққандик, Зомин тоғи ёнбағрида, айниқса, эрталаблари роса дилдираганмиз. Билмаганмизки, саратонда ҳам бу гўша ўзига хос салқин ҳароратда сақланар экан.

3. Ушбу ижодий семинарда кашф этилган ёшлар анчагина, менинг назаримда. Бугунги кунда фаоллик кўрсатаётган ижодкорларнинг аксариятида Зомин ҳавосининг “ютум”и бор.

4. Аслини олганда, юртимизда кўпчиликка нотаниш бундай жаннатмонанд манзараларнинг борлиги бизга илҳом, жўшқинлик бахш этади. Шунинг­дек, тадбир асносида ҳар йили янги овозлар кашф этилади, адабиётга янги нафаслар кириб келади. Бунга ишончим комил!

 

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.