• Рукн: Тадқиқот
  • 68 марта кўрилган.

Абдусалимнинг акаси

Узоқ хотиралар таниш одамларни маънан яқинлаштириб, кўнгилларни гоҳида ғойибона боғлаб туради. Ўнинчини битириб, Тошкент давлат университетига ҳужжат топширган эдим. Омад чопмади. Узоқ Шарққа ҳарбий хизматга кетиб қолдим...
 Орадан ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтди. Аммо ўша йили худди менга ўхшаб манглайига талабалик имзоси қўйилмаган сурхондарёлик бир тенгқуримнинг университет остонасида, дарахтларнинг олақуроқ соясида шоирона кайфиятда самимият билан шеър ўқиётгани ҳамон қулоғим остида жаранглаб турибди:

Баҳор бу ўлкага келганда такрор,
Уфура бошлайди гулгун насимлар.
Умрим, баҳорларни кузатдинг бедор,
Қуш бўлиб учганда зангор фасллар...

Университет ҳовлисидаги сўлим, серсоя ва ҳайбатли чинорларга қараб “Қуш бўлиб учганда зангор фасллар”ни секин пичирладим.
Айтганча, тўйхонага бораётган эдим. Физика-математика фанлари доктори, университетдаги қадрдонимиз Баҳодир Шо­­йимқулов тўй оши бераётган эди. Наридан шоир Абдумажид Азим кўринди. Уни ташқаридан танийман. Ижодини имкони борича кузатаман, ўқийман. Шоирга ичимда анчадан бери юрган муҳим бир саволим бор эди. Фурсат пишганга ўхшайди. Тўйхонага етиб боргунча айтсам бўлади. Абдумажид ака билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, укаларидан гап очдим. Эътибор бермади: “Бошқа ишлар билан машғул, уларни танимайсиз”, деди. Укаларидан бири мен билан абитуриент бўлгани, филология факультетига ҳужжат топширганини айтдим. Бирдан жонланди: “Абдусалимми? Шундайми?! Наҳотки?!..”. Кўзларида ҳам ҳайрат, ҳам самимият пайдо бўлди. “Акам – шоир. Абдумажид Азим!” дея ғурурланган, “Ёшлик” журнали ва мўъжаз бир тўпламда илк шеърлари чиққанидан фахрланиб, акасининг ёзганларини ёд ўқиган Абдусалимни орадан ўттиз йиллар ўтиб, энди сўраб туришим. Абдусалим ва ундаги виқорли кайфиятни эсимдан чиқармаганимнинг сабаби бор. Одатда биз мактаб синфхоналарида шоирларнинг таржимаи ҳолларини ўқир ва уларнинг раҳматли бўлиб кетганини сўзимиз охирида маҳзун такрорлаб қўяр эдик. Ҳайҳот, мен тирик шоирнинг укасига дуч келган эдим! Энди тасаввур қилинг, ўзига учраб қолсам, нима бўларди? Билмадим! Ўша маҳалда ўнлаб абитуриентлар билан гурунг­лашиб, ош-қатиқ бўлгандирман. Бироқ уларнинг кўпларини эслай олмайман. Абдусалим эса эсимда, чунки у тирик шоирнинг укаси! Абдусалим тилидан биринчи бор эшитилган “Абдумажид Азим” исми мен учун изсиз кетмади. Шоирни кўрганимда беихтиёр навқирон ёшлик, шеър ўқиётган Абдусалим эсимга тушарди:

Самода қалдирғоч урмоқдадир чарх,
Ёмғирдан ивиган кенг далалар жим.
Оппоқ наволарга бўлмоқдадир ғарқ
Мусаффо бир қўшиқ истаган қалбим...

Бир куни “Моҳият”га мақола олиб бордим. Абдумажид Азим – бош муҳаррир. Ўша узоқ хотирани бир эслатай дедим. Андишага бориб, мақола нашри учун Абдусалим исмини восита қилишни истамадим. Таҳририятга маъқул келди, чамаси, профессор Шариф Юсупов тўғрисидаги “Шарифлик саодати” деган мақолам босилди...
 Абдумажид ака билан тўйда ош едик. Гурунг­лашдик. Шу-шу, ора-сира кўришамиз ва суҳбат учун мавзу бор: гоҳида адабиёт, шеър, баъзан – Абдусалим.
Шоирнинг шеъри ўзига ўхшагани – яхшилик белгиси. Абдумажид ака, тасаввуримча, камтар, камсуқум, хотиржам кўринади; қарашлари ўткир. Суҳбатда дардлари очилади. “Менинг додимдир бу, менинг бунёдим, Бу имло меники, бу сўз меники” – пешонага тушган ажинлардан шундай шеърий мисраларни ўқийман. Қалин муқовали бир шеърий китобни қўлга олдим. Муаллифи: Абдумажид Азим! Ҳа-ҳа, Абдусалимнинг акаси. “Абдусалимнинг акаси” – шу бирикма бир неча кун ўйимда айланиб қолди. Шеърларини ўқий бошладим ва уларда “Шошу Сурхон аро” кезган, “бир ошуфта кўнгил” кўринди. Шоир шеърларининг мавзу кўлами ранг-баранг. Баъзида мумтоз адиблар руҳи билан суҳбатлашади; баъзан яссавиёна ёки махтумқулиёна кайфиятга тушади. Гоҳ халқ оҳангида ошиқ дилини ёзса, баъзан қушлар маскани – Ҳазратнинг “Лисон ут-тайр” мамлакатига сафар қилади.

Севгилим, айрилиқ мисоли туман,
Ҳали учрашамиз гуллар фаслида.
Яна аввалгидек сўзсиз, бегумон
Гаплаша бошлаймиз қушлар тилида.

Шоир йўқотганини топишга, излаганига эришишга, ҳижрондан висолга умид этади. Бироқ шеър аввалидаги, гарчанд бадиий топилмага ўхшаб кўринган бўлса ҳам, тўғриси, “Кўзинг бешигида улғаяр илоҳ” мисраси ғалат туюлди.
Ҳеч бир шоир оламга, одамга, умр моҳиятига бефарқ бўлмайди. Абдумажид ака ҳайратини “Ҳаёт асли чапоғон бир бедов экан” ёки “Ҳаёт – бир ялт этиб чақнаган чақмоқ” деб изоҳлайди. Бу жумбоқни бошқа бир шеърида яна ҳам теран ва гўзал ифодалайди:

Ваҳки, жисмимизда омонатдир жон,
Ширин калом хушдир дўстга муносиб.
Фано аҳли бунда бир кеча меҳмон,
Умр – вақт мулкида бир субҳи козиб.

“Субҳи козиб” – ёлғон тонг. Ўткинчи, ёлғончи бу дунё шоир наздида бир нафаслик ҳам ростга ўхшамайди. Абадиятга нисбатан “ўнгингдан чапингга боққанча” лаҳзалик умр шитоб ўтади; дейлик, “қирқ йил қирқта ондай кечади”. “Чўлпон нидоси” шеърида “субҳи козиб” таъбирини эркпарвар шоир нутқида қўллайди:
Қандай оғир,
Бу субҳи козиб,
Ухлай десанг, уйқу бўлмаса.
Дарду ғаминг
Бағрингга босиб,
Яшамоқдан кўнглинг тўлмаса.

Бу оламда хотиржам, саломат, тўкис ва имон билан яшаб ўтган инсон саодатлидир. Таассуфки, инсоният бошидан кечирган тарихда, айниқса, ХХ асрда кўп одам ҳаётдан мамнун бўлмади. Айниқса, чўлпонлар авлоди ҳар дам қон ютди, бесаранжом ва безовта кун ўтказди; юртсизлик, ўз элида туриб беватанлик ғурбатларига дуч келди. Шу боис қатағон – дапсан1 замон довулига учраган, “ўз юртида бечоралар” бўлган адабий авлод юрагини “Яшай десанг – юртинг бўлмаса” деган бир армон ёки “Сиғмадим-а, Туркистонга, Аё дўстлару биродар”, деган чўнг нола ва дард қийнади. Шоир кўзига гоҳи дунё кенг, гоҳ тор кўринади. Шунда у рўёдан имдод кутиб бўлмаслигини англайди; шоирга қалб водийсининг асрори ёрдам беради. Кўнгил кўзнинг назаргоҳига айланади. Чунки ташқи дунё унинг кайфиятига мос келмайди:

Ранжу ҳасрат ила тўлибди жаҳон,
Билсам, анча нозик бўлибди замон,
Одамзот феълига ҳеч бўлма ҳайрон,
Дил, сенга тиларман Аюбдай бардош...

Мумтоз шарқ адабиётида Аюб (а.с.) – сабр-тоқат рамзи. Биргина исм ассоциацияси ортидан шундай тарихий шахс билан боғлиқ бир олам реал воқелик юзага қалқиб чиқади ва шоир дардининг шарҳига кўмаклашади.
Шоирлик – оғир қисмат. “Дунёнинг энг оғир савдоси”ни зиммасига олади у. “Юлдузларнинг шивиридан маст” бўлиш унга тақдир битиги. Шоир кулиб инграйди; дилдаги сурурдан сўзлайди.

Эсимда сабуҳий найсонлар фасли,
Қирларни безаган гулларнинг васли...

Бу мисра гулдан гулга учиб-қўнган капалакдек нафис туюлади. Аслида чинакам шеър тийнатига камалак ранги, қушлар саси муносиб; шу сас ва ранг жилвасидан дил ёришади; руҳ юксалади. Шоир қалби гўзал ва ораста манзарадан ранг ва руҳ олади. “Шабнамдай топ-тоза руҳи равоним”. Шоирнинг кайфияти, сарвати, бойлиги ўзига хос: “Руҳим сарватида васваса, жунун”. Ижод аҳли алланима таъсирида одатий ҳаёт тизимидан жунунвашликка юз буради; ўзидан кетади, ҳис-туйғу ақл йўриғидан чиқади.

Биз телбаю девоналар,
Ақли хушдан бегоналар.
Ўтга ошиқ парвоналар,
Ўтдай тутошиб ёналар.

Ишқ ҳамма вақт – инсон қалбига Яратгувчининг бебаҳо инъоми, шоир таъбирича, олам Мусаввирининг “буюк ҳикмати”. Ҳикматдан эса одам ҳушёр тортади, баъзида ишқнинг ғаройиб ҳикмати одамни ҳушидан айиради.

Васлинг ҳажрида мендек телбаю девона йўқ,
Сийрати мажнунсифат, суврати мастона йўқ.

Топмадим олам кезиб, бағри бутун бир кимсани,
Ваҳким, ишқ ўтрусида ҳеч куймаган парвона йўқ.

Бу мисраларда шоир яна машрабона парвона кўнглини, мажнунваш ҳолини мумтоз анъаналар йўриғида баён қилади.
 Шеър оригинал ташбеҳлар билан хаёлга муҳрланади:

Яхши бир одамни ютмоқда тупроқ,
Тоғлар ютганидек қуёшни оқшом.

Бу маҳобатли қўшмисрада “ўлим” ёки “фожиа” сўзи йўқ. Оқшомда маҳзунлик бор, айни ҳолат яхши бир инсоннинг бу дунёдан ризқи узилганига таққосланади...
Ўзликка, “мен”га, аслиятга қайтишда маънавийлик устувор келади. Қишлоққа қайтиш, асл Ватанни қўмсаш, юрт соғинчи, ҳижрон дарди – бу мавзу жуда кўп қалам аҳлининг уриб турган юрагидир. “Қайтишим-ку аниқдир, Она, Киндик қоним тўкилган ерга”. Шаҳарга келиб ўтроқлашган одам қишлоқни, қирларни, тоғларни, дараларни, адирларни, дашту далаларни қўмсайди.

Яна қайтаяпсан ҳорғин изингга,
Сарғайган қирларга тўймайди нигоҳ.
Йўллар, масофалар оқар изингдан,
Яқинлашиб келади қадрдон Қишлоқ!

Кўп ижодкорлардек шоир “Оқшомми ёки тонгда, Кўзим ҳамон Сурхонда” деганича юрган йўлига, босган изига қарайди.
Абдумажид Азимнинг “Қалбимнинг ватани”, “Руҳи равоним”, “Ёруғлик одами”, “Ошиқ дилим”, “Умид беланчаги” каби қатор шеърий китоблари чиқди. Мухлисларини топди...
 Ўз вақтида менга ўхшаб ҳарбий хизматга кетган Абдусалим қайтиб келиб уйланган, шу кўйи ҳаёт ташвиш­лари ичида юрибди. Фарзандлари камоли учун куйиниб яшамоқда. Ора-сира тирикчилик учун қишлоғидан четга чиқади. Бироқ у, тасаввуримча, акаси ёзганларидан яхши хабардор ва осмонўпар сўлим дарахтлар соясида ҳамон шеър ўқимоқда:

Ёшлик ларзон. Севги армон. Умр ҳайрон,
Мени кутиб сарғайдингми, Сурхондарё?
Қайлардасан, болалигим, зангор осмон,
Ўксик кўнглим улғайтирган армон дунё...

Баҳодир КАРИМОВ,
филология фанлари доктори

“ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси”, “ХХ аср ўзбек ҳикояси антологияси”, “Ўзбек адабий танқиди антологияси” китобларининг ғоя муаллифи ва тузувчиларидир бири. “Жадид мунаққиди Вадуд Маҳмуд”, “Қодирий қадри”, “Янгиланиш соғинчи”, “Абдулла Қодирий: танқид, таҳлил ва талқин”, “Адабиётшунослик методологияси” каби китоблар муаллифи.