«Кичик» одамларда катта қалб кўрган адиб

0
1598
марта кўрилган.

Ўтган асрнинг 60-йилларида Сталин сиёсати қоралангач, адабиётдаги вульгар социологик қарашларга бир қадар барҳам берилди. Инсонга инсондек қараш, унинг жамиятдаги ўрни, мавқеини англаш, ҳаёт фақат ғалабалардан иборат эмаслигини тушуниш, инсон табиати хато ва қусурлардан холи эмаслиги, эркка ташналиги, ўй-хаёллари, хатти-ҳаракатлари ҳамиша ҳам рисоладагидек бўлавермаслигини бадиий талқин этишга ҳаракатлар бошланди. Адабиётга янги истеъдодлар кириб келади. Шулардан бири Чингиз Айтматов эди.

Чингиз Айтматов ижодида диний қарашлар, Шарқ ва Ғарб маданиятининг ҳаётбахш хусусиятлари ўзига хос тарзда синтезлашганини кўриш мумкин. Ёзувчининг энг муҳим хизматларидан бири шундаки, у соцреализмнинг тор, биқиқ муҳитига тоза насимлар олиб кирди, рангин ва серқирра услуби билан унинг имкониятларини кенгайтирди.

Чингиз Айтматов ижодини унга замондош бўлган Габриэл Гарсиа Маркес ижодига қиёслаш мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Маркес эркин ижод қилди, Чингиз Айтматовда эса бундай имконият бўлмади. Яъни Маркесдан фарқли ўлароқ, Чингиз Айтматов ўз истеъдодини тўла-тўкис намоён этолмади. Истеъдоднинг маълум қисмини ўзи мансуб бўлган тузумнинг хоҳиш-иродаси учун қурбон қилишга мажбур эди.

Ўз даврида ва ундан кейин ҳам шўро тузумининг объектив манзарасини, унинг туб моҳиятини тасвирлашда Чингиз Айтматовга тенг келадиган ёзувчи бўлмаса керак. Аҳамиятли жиҳати, улкан адибнинг эстетик қарашлари социалистик реализм рухсат берган чегаралар доирасида эди. Бу жиҳати билан у ўзининг севимли адиби Михаил Булгаков ижодига ҳам яқин туради.

Чингиз Айтматов яратган характерларга ёзувчи биографияси орқали қарайдиган бўлсак, бу характерлар ва қаҳрамонлар тарихи Айтматовлар оиласи тарихи эканига гувоҳ бўламиз. Адиб яратган сюжетлар унинг ўзи бошидан кечирган, болалигининг беғубор осмонларини қуюқ булутларга тўлдирган воқеликнинг ҳаётий фабуласидир. Тақдири азал унинг манглайига бахтсиз болаликни битган эди. Зеро, тош асрида ҳам, қулдорлик ва феодализм шароитида ҳам хунрезликлар, зўравонликлар, вайронагарчиликлар бўлиб турган, бироқ буларнинг ҳеч бири кўлами, трагизми ва бардавомлиги билан ХХ асрдагидек бўлмаган эди.

Чингиз Айтматов яратган характерларнинг кўпчилиги ёлғиз, етим, ўгай ва кимсасиз… Ёзувчи деярли барча асарларида ушбу мотивларга қайта-қайта мурожаат қилганини кўриш мумкин. Масалан, “Юзма-юз”да Бексоат кампир, яъни урушдан қочиб келган Исмоилнинг онаси келини Саидага оиласининг тарихини сўзлаб беради: “Энди ўйласам, қанчадан-қанча азоб-уқубатлар чекмадик, бир умр тақдир бизга соя солди. Болаларим ўлди, эрим ўлди, акаларимни қулоқ қилишди, жамоа хўжалигида тонгдан тонггача ишлаб, кексайиб, касалманд бўлиб қолдим”. “Жамила” қиссасидаги Дониёрни муаллиф бундай таништиради: “Кейин билишса, Дониёр асли шу ерлик экан. Айтишларича, у ёшлигида етим қолиб, ҳар кимларнинг эшигида юрган, охири Чақмоқдаги қозоқ тоғалариникига кетиб қолган, шу-шу болани излаб боргудек биронта ҳам жонкуяри бўлмаган экан”.

“Сарвқомат дилбарим”даги Илёс етимхонада ўсган. “Биринчи муаллим”даги Дуйшен – очарчилик йиллари овулдан кетиб, бир муддат темир йўлда ишлаб, сўнг дом-дараксиз йўқ бўлиб кетган ўша Тоштанбекнинг ўғли.

“Ота мен сенга ёдгорлик ўрнатолмадим. Сенинг қаерда дафн этилганлигингни ҳам билмайман. Ушбу асаримни, отам Тўрақул Айтматов, сенга бағишлайман…”

“Сомон йўли” асарида эпилог ўрнида келган ушбу бағишловнинг бошламасидан аён бўладики, асарга асос бўлган давр воқелиги қаҳрамонларга осон ва равон тақдир йўлларини раво кўрмаслигидан китобхонни огоҳлантиргандек бўлади.

Ушбу мисоллардан кўриниб турибдики, Чингиз Айтматов ўзининг, ота-онасининг, ука-сингилларининг ҳаёт йўлларини қаҳрамонларига улашиб чиққан. ХХ аср қирғиз халқининг ҳаёти Айтматовлар оиласининг тақдири мисолида типиклашган.

Чингиз Айтматов яратган ҳар бир характер асарга ўзининг ўтмиши билан кириб келади. Ўтмиш бу характерлар учун хотиралар тафтида исиниб, бирпас тин олгач, бир манзилдан ўзга манзилга, бир фаолиятдан бошқа бир фаолиятга йўлловчи ўзига хос адабий бекатдир. Улар давр суронлари аро ўзлигини излашади.

Бахтсиз муҳаббат мотиви адиб асарларида тез-тез учраб туради. Танабой ва Бибижон, Райимали оқин ва Бегимой, Эдигей ва Зарифа муносабатлари алоҳида-алоҳида армон ва ўкинч шевасида битилган мунгли, маҳзун муҳаббатномалардир. Бир-бирига ўхшамаган, бир-бирини такрорламайдиган бу севги қиссаларидаги жуфтликларнинг ҳар бири ўзларича бахтсиз. Уларни бирлаштириб турган севги ришталари айрилиққа туташаверади. Ёзувчи оила, муҳаббат, бурч масалаларини талқин этганда шарқона менталитетга таянади. Табиийки, ғарб ёзувчиси бу масалаларни бошқача талқин этган бўларди.

Чингиз Айтматов поэтик услубининг яна бир жиҳати – унинг персонажлари кўпинча табиий офат синовларига дуч келади. Кутилмаганда ёғиб қоладиган жала, қор, сув тошқини ва бошқа табиат ҳодисалари шусиз ҳам мураккаб вазиятни янада чигаллаштириб юборади, сюжетнинг янги бир тармоғини юзага келтиради. “Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар” тўлалигича ана шу концепция асосига қурилган. Бу асарда ёзувчи учун қадрдон бўлган тоғу даштлар адабий макони океанга кўчирилади. Тўртовлон қайиқда овга чиққанда океанни қуюқ туман қоплайди. Юлдузлар йўл кўрсатмайди, туманни тарқатиш учун шамол ҳам эсмайди. “Чексиз зулмат қўйнида адашиб қолган ёлғиз қайиқ ва ундаги азоб-уқубатдан, очликдан, ташналикдан тинка-мадори қуриган одамлар туман ичида бир жойда айланишлар, номаълум қисмат ва умидсизлик чангалидан чиқолмас эдилар…” Ёзувчи шундай бир трагик вазият яратадики, қаҳрамоннинг биргина сўзи, биргина ҳаракати унинг ким эканлигини ярқ этиб намоён қилади. Океаннинг суви шўр – ичиб бўлмайди, чучук сув тугаёзган, егуликка эса қуритилган шўр балиқ қолган, холос. Туман тарқаб, соҳилга етгунча бола – Кирискга сув етар-етмас. Боланинг яшаб қолиши учун аввал бобоси, кейин тоғаси, сўнг отаси ўзларини қурбон қиладилар – инон-ихтиёрларини чексиз зулмат ва сув қоплаган баҳрга топширадилар.

Чингиз Айтматов реалист ижодкор. Аммо унинг реализми мифология, халқ оғзаки ижоди, диний сюжетлар ва мотивлар, фантастикага тўйинган. “Мусибат паллаларида бир оғиз айтилган гапнинг тагида ундан неча баробар кўп ҳақиқатлар айтилмасдан туради”, дейди “Сарвқомат дилбарим” асари қаҳрамонларидан бири. Агар адиб ижодини шўро даври мусибатлари тарихи деб тасаввур қиладиган бўлсак, ёзувчи айтмоқчи бўлган жуда кўп ҳақиқатлар унинг услубига жило берган эртак, ривоят, мифларнинг қат-қатига сингдириб юборилганлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Чингиз Айтматов феноменини юзага чиқарган яна бир жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Буюк ёзувчи адабиётга янги инсонни, янги характерни олиб кирди. Бу инсон образи ўзининг яқин салафларидан фарқли ўлароқ курашчан, жанговар ҳамда муайян ғоялар яловбардори эмас, балки кичикроқ бир жуғрофий ҳудудда ўзлигини, жамиятдаги ўрнини излаётган инсон. Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” асари у билан деярли бир вақтда яратилган Габриэл Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили” асари шу жиҳатлари билан бир-бирига жуда ўхшаш. Реализм ва мифологиянинг уйғунлиги, параллел ҳолда кечиши ҳар икки асар учун хос хусусият. Бундан ташқари, ҳар икки асарнинг воқеа-ҳодисалари цивилизациядан четроқ, овлоқ маконда кечади. “Ёлғизликнинг юз йили” қаҳрамонлари Макондонинг тўрт тарафи сув билан ўралганлигини англаб, тамаддундан четда чириб, ном-нишонсиз йўқолиб кетмаслик учун у ердан чиқишга ҳаракат қилишади. “Оқ кема” қиссаси қаҳрамонлари эса ўз маконлари – ўрмон хўжалигидан чиқиб кетишни хаёлларига ҳам келтиришмайди. Чунки уларни цивилизациянинг ўзи шу овлоқ гўшага улоқтириб ташлаган.

Узоқ асрлар давомида чорва ортидан яйловдан тоққа, тоғдан яйловга кўчиб юрган кишилар учун шаҳар ҳаёти зерикарли, диққинафас. Шу боис ҳеч қандай куч уларни ўз маконларидан чиқаролмайди. Ўрмон хўжалигида бор-йўғи учта оила: Мўмин чол кампири ва невараси билан, Ўрозқул хотини Бикей ҳамда Сейидахмед хотини Гулжамол ва қизчаси билан яшашади. “Оқ кема”нинг архитектоникаси шундай қурилганки, персонажларнинг бирортаси ўзлари яшаб турган микро ҳудуддан ташқарига чиқиб кетолмайди: ҳамма бир-бирига бегона бўлса-да, ҳамма бир-бирига кўринмас ип билан боғлаб ташлангандек.

Сюжет оддий: жоҳил Ўрозқул ҳар гал маст бўлиб, фарзандсизлиги учун хотинини калтаклайди, Мўмин чол – табиатан муте, қўлидан ҳеч иш келмай, титраб-қақшаб изтироб чекади, Ўрозқулга ялиниб-ёлворади. Бир чеккада буларни кузатиб турган бола эса йиғлаб, ўзининг эртаклар дунёсига талпинади. Қиссада келтирилган шу реал ҳаёт манзараси билан параллел равишда киритилган ривоят туфайли асар сюжетидаги хронотоп, яъни макон ва замон категорияси чексиз космик миқёсларга кўтарилади. Ривоят қирғиз халқининг келиб чиқиш тарихидан бошланади. Ривоятдаги рамзийлик боис ўтмиш ва келажак бугуннинг чорраҳасида туташади. Табиатан мўмин бўлган, эртак ва ривоятларга ёш боладек ишонадиган, кўз ёши қилиб тинглайдиган чол – фожиалар гирдобида яшайди. Реал воқеликдан зада бўлиб, эртаклар оламига сингиб бораётган бола – ўтмиш ва келажакни боғлаб турган кўприк. Ўрозқул эса жоҳилликнинг тимсоли. Жаҳолат эса, барча замонларда қурбонлик талаб қилган. Бола шу жаҳолат қурбони эди.

Мўмин бобо бу ҳаётда нимагаки эришган бўлса, барчаси завол топди. Ўғли урушда ҳалок бўлди, хотини унинг доғида вафот этди, кичик қизи боласини унга қолдириб, шаҳарга кетиб қолди. Катта қизи Бикейнинг аҳволи эса бу. Ўзи эса кейинги кампирининг қарғиши ва Ўрозқулнинг зуғумларини ютиб яшашга маҳкум. Бу фожиаларнинг кўлами кенг, бу фожиаларнинг поёни йўқ. Булар камлик қилгандек Мўмин бобонинг шохдор Она Буғуга – халқининг халоскорига, ўзининг ўтмишига, боланинг келажагига ўз қўллари билан ўқ узиши шундай ҳаётий мантиқ билан асосланганки, ҳеч қандай фантастик тафаккур кучи билан ҳам бу ҳақиқатни рад этиб бўлмайди.

Собиқ шўро адабиётида Чингиз Айтматов ижодидан таъсирланмаган носирлар кам топилади. Сюжетни тармоқлантиришда, характер хусусиятлари ва қаҳрамон психологиясини очишда, реал ҳаёт ва мифологияни уйғунлаштиришда, пейзаж ва портет чизишда, интригаларни кучайтириш ва конфликтни ўткирлаштиришда, хуллас, одам ва оламнинг бадиий манзараларини тасвирлашда ўзбек ёзувчилари ҳам Чингиз Айтматов сабоқларидан баҳраманд бўлишди.

“Қандай яшаш керак?” – деган саволга ҳаёт, тарих, динлар, маданиятлар, шахслар, фалсафа, шароит ва муҳитнинг жавоблари, талқинлари турлича. Ч.Айтматовнинг қаҳрамонлари ана шу бошқотирма жавоблар лабиринтида доимо йўл излашади. Шуниси муҳимки, ҳар қандай давру шароитда ҳам инсон шаъни ва номига доғ туширмаслик керак деган ғоя ёзувчи яратган аксарият характерларнинг қон-қонига сингдириб юборилган. Турли-туман касб-корга, индивидуал ҳаёт йўлларига, характерга эга ранг-баранг оддий кишилар образининг Чингиз Айтматов насрида пайдо бўлиши, биринчидан, адабиётни реал ҳаётга янада яқинлаштирган бўлса, иккинчидан, турли миллий адабиётларда ана шундай муайян ҳаётий мақсадлар ва дардлар билан яшаётган “кичик”, “кўп қатори” образлар асрини бошлаб берди. Кейинги давр ижодкорларидан Т.Муроднинг Зиёдулла, Деҳқонқул, Э.Аъзамнинг Бердибой, Бакир, Х.Султоновнинг Адаш Карвон, Б.Қобулнинг асарларидан асарларига кўчиб юрадиган Болакай каби бир қатор образлар шулар жумласидан.

Чингиз Айтматов Мўмин чол тимсолида давр воқелиги эзиб, абгор қилган инсон образини яратган эди. Кейинчалик романларида акс эттирган манқурт, икс зурриётлар ғарбу шарқда, шимолу жанубда кечган, кечаётган воқеликнинг бадиий умумлашмалари, назаркарда адибнинг кароматлари бўлиб қолди.

“Кассандра тамғаси”га келиб ёзувчи ўзликдан, қадриятлардан воз кечишнинг фожиавий оқибатлари глобал миқёсларга чиққанлигини кўрсатади. Крилцов ўз лабораториясида ундирилган эмбрионлардан маҳкума аёлларнинг бачадонларида кўплаб икс зурриётлар, яъни ота-онаси ҳам, ака-укалари ҳам, тоға-жиянлари ҳам, хуллас, бирорта қариндош-уруғи йўқ болаларни етиштира бошлайди.

ХХ асрнинг охирги ўн йиллигида кечган тарихий жараён – бир тузумдан иккинчи тузумга ўтиш бошқа онг қирралари каби бадиий адабиётда ҳам ижтимоий фикрнинг салмоғини оширди. Шулардан келиб чиқиб, Чингиз Айтматов услубидаги икки асосга эътибор қаратмоқ зарур. Қиссаларида табиат ва табиатга яқин характерлар кашф этилган бўлса, романларида жамият ва шахснинг ижтимоийлашиш жараёнлари кучайганлиги сезилади. Ҳозирда ана шу икки асоснинг турли хил комбинацияларидан ранг-баранг асарлар яратиляптики, бу алоҳида тадқиқот мавзусидир.

Бу асарларида охирзамон аломатлари ўзининг бутун маҳобати билан гавдаланади. Шу билан бирга, ёзувчи инсон умрининг пойдорлиги ва бардавомлигига, инсоният келажагига умид билан қарайди, ана шу умидворлик энг оғир дамларда ҳам унинг қаҳрамонларига таскин ва далда беради: “Инсон ўйлари билан Денгизга ва Осмонга тенглаша олади. Шу ўйлари билан у табиатнинг абадий қудрати олдида ўзининг мавжудлигини исботлайди, шу билан инсон коинотнинг теранлиги ва юксаклигига муносиб бўла олади. Шунинг учун инсон ҳаёт экан, у руҳан денгиздай қудратли,  осмондай чексиз: чунки ўй-хаёлотнинг чеки йўқ. Агар инсон ўлса, унинг ўй-хаёлларини бошқа бир инсон давом эттиради, у ҳам ўлса, кейингиси ва ҳоказо, бу ҳодиса чексиз давом этаверади…”

Инсон иродаси ва шаънига тиклаган бадиий обидалари туфайли Чингиз Айтматовни кўпчилик илм ва ижод аҳли Лев Толстой, Михаил Шолохов, Габриэл Маркесларга қиёслайди. Бу тўғри. Чунки ҳар бир давр ўз ғояларининг ифодаси ўлароқ ана шундай мутафаккирларни тарих саҳнасига олиб чиқади.

Тасаввуф талқинига кўра, оламнинг яратилишидан мақсад – инсон, инсоннинг яратилишидан мақсад комил инсондир. Комилликка йўл – шоду хуррамликка йўл эмас, қайғуга сафар, мусибатларга сафар. Ҳақиқий талантнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳам худди шундай – машаққат ва заҳматлардан яралади, ўзликни англаш ва тинглашга даъват этади, маънавий покланиш ва юксалишга чорлайди.

Ана шу азалий ва абадий ҳақиқатни Чингиз Айтматов ўз асарлари билан ҳаёт ва давр тасдиғидан ўтказди.

 

Шавкат Ҳасанов,

филология фанлари доктори.

1967 йили туғилган. Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Достон ва лирика”, “Замонавий достон поэтикаси”, “Достон таркиби ва табиати” монографиялари нашр қилинган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.