“Фарҳод ва Ширин” Украинага йўл олди

0
42
марта кўрилган.

Навқирон дўстим!

Гарчи, мақола украин тилида ёзилган бўлса-да, сиз уни ўзбек тилида ўқиб турибсиз. Умид қиламанки, кун келиб, ўзбек ва украин халқларининг дўстлиги шу даражага етадики, тилмоч ва таржимонларга ҳожат қолмайди.

Ёши ва мартабасидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг ҳаётида шундай ҳодисалар юз берадики, уларни бемалол тақдир белгиси қаторига киритиш мумкин. Одатда, бу ҳодисалар инсон ҳаётида ёрқин из қолдиради, баъзида оилавий хотиралар сифатида авлоддан авлодга ўтади.

Шундай бир вазиятни тасаввур қилиб кўринг. Ўн йилдан ошди – Украинанинг “АДЕФ-Украина” нашриёти “Украина” жамғармаси билан биргаликда ноодатий лойиҳа – Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достонини украин ва грузин тилларидаги нашрини тайёрлашга киришди. Бу ишга “Паҳлавон”нинг грузин тилидаги илк босма нашрининг 300 йиллиги асос бўлди. Грузия Фанлар академияси билан “АДЕФ-Украина” нашриёт уйининг ҳамкорликдаги уч йиллик сермашаққат иши муваффақият билан якунланади: мазкур икки тилли нашр ХII асрга мансуб “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достонининг хорижий тиллардаги энг яхши (Грузия томонининг фикрига кўра) ва энг ишончли нашри сифатида тан олинди.

“Украина” жамғармасидаги янги китобнинг тақдимотида мен ва Алла Истомина Ўзбекистоннинг Украинадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Алишер Абдуалиев билан учрашиб қолдик. Айнан мана шу учрашув XV асрнинг яна бир фундаментал асарининг янги нашрида муҳим аҳамият касб этди.

Учрашув тасодифий характерга эга эди, деб ҳам айтиш мумкин-ку, лекин донолар айтмиш – “ҳар бир тасодифда зарурат ётади”. Тағин бу заруратга, ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турганидек, учрашув иштирокчиларининг юксак даражадаги завқ ва иштиёқи қўшилди. Гап гапга уланиб, биринчи учрашувнинг ўзидаёқ Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони нашр лойиҳаси – асарнинг украин, ўзбек ва эски ўзбек тилидаги талқинлари деярли тайёр бўлди. Бу ёғига уни нашрга тайёрлаб, чоп этиш қолди, холос.

Ўзгача дунё қарашга эга ёш ўқувчиларимиз учун мазкур ҳолат умуман ҳақиқатдан йироқ, ғайриоддий бўлиб туюлиши мумкин. Зеро, XV аср ўзбек адабиётининг мумтоз сиймоси ва унинг қаҳрамонлари қаердаю, ўзининг бутунлай бошқа анъана ва менталитетига эга Украина қаерда?

Очиғини айта қолай, атроф-оламга бўлган “моддиюнча” муносабат билан ушбу лойиҳа иштирокчиларининг ҳолатини тушуниш ҳам, тушунтириш ҳам амримаҳол. Устига устак, юксак идеаллар, меҳр-муҳаббат каби илоҳий тушунчалар билан йўғрилган инсоннинг руҳоний-маънавий дунёси бошланган ерда замонавий прагматизм номақбулдир, қолаверса, доимо мағлубиятга учрайди. Алишер Навоийнинг ижоди эса – нафақат фалсафа квинтэссенцияси, балки ҳаётнинг руҳоний-маънавий таркибини ташкил этувчи оламдир.

Бу лойиҳада одатдаги “моддиюнча” рағбат йўқ эди. Лойиҳанинг ҳар бир “мўътабар аҳдлашувчи томонлар”и Украина учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам “зарур ва муҳим” жабҳаларни амалга оширишга ҳаракат қилган экан. Натижа олдиндан маълум эди, яъни у муваффақиятли якун эди.

Айнан “Фарҳод ва Ширин”ни танлаб олишимизга асарнинг 1947 йилдаёқ улуғ украин шоири Николай Платонович Бажан томонидан украин тилига ўгирилгани ва асарнинг таржима базаси тайёр экани сабаб бўлганди. Бундан ташқари, Бажаннинг таржималари, шак-шубҳасиз, санъат­дир.

Умуман олганда, бошланишида лойиҳа жуда енгилдай туюлди: “осонгина” таҳрир қилиш, дизайн ва “чоп этишга топшириш” қолгандай эди. Лекин, кундалик ҳаётда бўлганидек, оддий ташаб­бус кўзга ташланмаган ҳолда мураккаб жараёнга эврилади. Келинг, ҳаммасини бир бошидан бошлай.

Достоннинг аслиятини танлаш ва ишни ташкиллаштириш учун ўша учрашувдан бир ҳафта ўтиб мен Тошкентга учдим. Элчи Алишер Абдуалиевнинг илтимосига кўра, Ўзбекистон Рес­публикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейида мен музей директори, профессор Саидбек Ҳасанов, академик Азиз Қаюмов, Тил ва адабиёт институти директори, профессор Низомиддин Маҳмудов, профессор Иброҳим Ҳаққулов, музей жамғармаси сақловчиси Жалолиддин Жўраев, “Жаҳон адабиёти” журналининг собиқ бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев билан учрашиб янги нашрни биргаликда муҳокама қилдик. Барча мазкур хайрли ишга озми-кўпми ўз ҳиссасини қўшишга, ҳамкорлик қилишга тайёр эди. Шу тариқа биз илк учрашувдаёқ ҳамкорликдаги ишлар режасини келишиб олдик. Бунга кўра, “Фарҳод ва Ширин” достонининг янги нашри уч муҳим шартга асосланиши керак:

– достон қўлёзмаси оригинал, юксак бадиий безакка эга бўлиши лозим;

– айнан мана шу қўлёзма украин тилига таржима қилиниши (рус тилига сўзма-сўз таржима қилиниши, ундан сўнг украинча матни тайёрланиши);

– Бажаннинг таржима матнлари батафсил қиё­сий таҳлил этилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академия­сидаги ҳамкасблар ишнинг ўзларига тегишли қисмини тез суръатда бажариб беришди. Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи фондида Ибн Абу Мукаррам Абдулваҳҳоб ал-Ҳижозий кўчириб олган (ҳижрий 988 йил, рабиъ ул-аввал ойи­нинг 11 санаси ёки қамарий 1580 йил 26 апрель) “Фарҳод ва Ширин” қўлёзмасининг сканер қилинган нусхаси бизга берилди.

То биз Киевда китобнинг макетини тайёрлагунимизча, Тошкентда Саидбек Ҳасанов, Қодир Эргашев, Ваҳоб Раҳмонов иштирокидаги таржимонлар гуруҳи матннинг рус тилига сўзма-сўз таржимаси билан шуғулланишди. Қўнғироқ жиринглаб, узоқ кутилган “Ҳаммаси тайёр бўлди”, деган хабар бўлиши биланоқ “АДЕФ-Украина”нинг таҳририят ходимлари – Алла Истомина, Руслан Кобис ва каминадан иборат нашриёт гуруҳи ва Сергей Есениннинг шеърларини маҳорат ила украин тилига ўгирган машҳур украиналик шоир Борис Чип Тошкентга йўл олдик.

Дастлаб иш силлиқ кетаётган эди. Китобни тайёрлаш учун барча зарур материалларга эга бўлдик, китоб дизайни ва муқоваси келишиб олинди. Бироқ қиёсий таҳлилда тафовутлар кўзга ташланаверди. Айниқса, Аллоҳнинг номи тилга олинган жойларда бу яққол кўзга ташланарди.

Баъзида лойиҳадан воз кечишга рози бўлган пайтларимиз ҳам бўлди, аммо… Бугун яхши анг­лаймизки, 1947 йили Собиқ иттифоқнинг идеологик доктринасининг асосий позицияси Худони инкор этишга асосланган эди. Николай Бажаннинг таржималарида Худонинг йўқлиги ҳам – замонга бўйсунишдан бошқа нарса эмас. Аммо-лекин Аллоҳ таоло Алишер Навоийнинг барча асарларида тилга олинган. Бинобарин, “Фарҳод ва Ширин” достонидаги асосий ғоялардан бири – муҳаббат ва дўстлик – Аллоҳнинг бандаларига инъоми эканлигидир.

Хуллас, “осонгина таҳрир” жараёнида биз “тарихий ҳақиқатни концептуал тиклаш” билан шуғулланишга мажбур бўлдик. Яшириб ўтирмайман, бу ўзига хос кашфиёт бутун жамоага янги ижодий илҳом берди: биз таклиф қилган иш алгоритми ишончли бўлиб, тўғри йўлда эдик.

Ана шундан кейингина матн аслияти ва унинг таржимасидаги бандлар сони аниқ-тиниқ мос келишига эришдик. Ишнинг кўлами кенгайиши муносабати билан Борис Чип Тошкентда яна икки ой қолиб, етишмаётган бандлар таржимаси билан шуғулланадиган бўлди.

Николай Платонович Бажандаги “ғоявий тафовут”ларга қарамасдан, биз “Фарҳод ва Ширин”нинг янги таржимасида арузнинг услуби, қофия ва ҳижоларига эргашишга қарор қилдик. Бу бизнинг улуғ украин фарзандининг моҳирона ишига миннатдорлигимиз эди.

Орадан икки ой ўтиб, Борис Чипни Киев аэропортида Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини хорижий тилдаги энг тўлиқ вариантининг қораламаси билан кутиб олдик. Зеро, бу таржима айнан украин тилида эканлигидан фахрланамиз!

Кейин ярим йилдан кўпроқ вақт давомида шеърий таржима матннинг таҳрир ишлари давом этди, бир йилга яқин муддатда дизайнерлар, муҳаррирлар ва китобни тайёрлашда иштирок этганларнинг сердиққат ва сермашаққат ишлари якунланиб қолди.

Таклиф этилган дизайн борасида ҳам бир-икки оғиз сўз айтсак. Замонавий ўқувчини Алишер Навоий даражасидаги мумтоз сиймолар асарларига жалб этиш осон иш эмас. Бундай ҳолатларда дизайн ўта муҳим ўрин тутади.

Шу боис китобни тайёрлашда ўқувчини Қадим Шарққа “элтадиган” дизайнни қўллашга қарор қилинди: безак беришнинг асосий қисми аслиятдаги қўлёзма шаклида қолди, қолаверса, китобнинг ҳар бир саҳифасига махсус безак­лар қўшимча қилинди, муқова ғилофи миллий нақшлар, махсус зарқоғоз билан бойитилди.

2016 йилнинг май ойида Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонининг уч тилдаги макети тайёр бўлди, энди китобни босиш ишларига ҳам ўтилса бўларди.

“Фарҳод ва Ширин” достонининг “дастлабки босма қоғозлари” тантанаси 2016 йилнинг 16 ма­йида Буча шаҳридаги (Киевдан 30 км. нарида) корхонамизда бўлиб ўтди. Биз бу байрамга Ўзбекис­тон Республикаси элчиси, нашр лойиҳасининг муаллифларидан бири жаноб Алишер Абдуалиевни таклиф қилдик.

Тўғри, мушакбозлик, ТВ-репортажлар, тантанали йиғилишлар бўлгани йўқ, лекин Алла, Алишер ва каминанинг – ушбу ҳодисанинг асосий сабабчиларининг кайфияти тоғдек кўтарилиб, ич-ичимиздан ҳис этдикки, эҳтимолки, бугунги кун учун эмас, балки бизнинг меҳнатимизни тушуниб, муносиб баҳо берадиган одамлар пайдо бўладиган истиқбол учун биз ғоят муҳим ишни амалга оширдик.

Гўзал ва биз учун қадрли бўлган 300 нусхадаги Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” китобини омборимизга топшириш билан “ишлаб чиқаришдаги беҳаловатликлар”имиз якунланди. Узоқ давом этган жиддий ишдан сўнг худди бизни унутиб қўйишгандек жимжитлик пайдо бўлди.

Лекин бу хато ўй эди. 2016 йилнинг 17 декабрида Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасида Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллигига бағишланган тантана ва илмий-амалий конференция ўтказилди.

Биз, яхши билардикки, бу барча тантанавор тадбирлар – Ўзбекистон томонининг ва шахсан жаноб Элчи А.Абдуалиевнинг шарофати ила амалга оширилди.

Шундай бўлса-да, бизни байрамнинг вакиллик таркиби лол қолдирди: Ўзбекистон ва Украи­на Республикаси илм-фани, маданияти ва санъатининг атоқли намояндалари, Президент администрацияси, ТИВ, Маданият вазирлиги, Украина Миллий Фанлар академияси вакиллари, 20 та хорижий мамлакатларнинг дипломатик корпус вакиллари, Украинанинг турли олийгоҳлари талабалари, ОАВ вакиллари, шунингдек, ўзбек диаспораси ва ўзбек талаба ёшлари. Улар орасида Ўзбекистон Республикасидаги етакчи навоийшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони, профессор Суйима Ғаниева, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейи директори, профессор Саидбек Ҳасанов, Тошкент педагогика университети кафед­ра мудири, профессор Каромат Муллахўжаева, Украина Қаҳрамони, Украина Миллий Фанлар академияси академиклари Иван Дзюба ва Борис Олейник, Украин тили ва адабиёти институти директори, профессор Павель Гриценко ва бош­қалар ҳам бор эди.

Элчи жаноблари А.Абдуалиев ўзининг нутқида ушбу лойиҳанинг барча ташаббускорлари ва иштирокчиларига қисқа вақт ичида (тўрт йилдан ошиқроқ!) бир бутун бўлиб атоқли Украина шоири Николай Бажаннинг иши – Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини украин тилидаги таржимасини мантиқий якунлай олишдек ҳалол меҳнатларига ташаккур билдирди.

Яна кўплаб чиқишлар ва табриклар бўлиб ўтди, аммо-лекин самимият, ўзбекона меҳмондўстлик байрамга чинакамига унутилмас шукуҳ берди…

Мақола бошида айтиб ўтганимдек, тасодиф мени улуғ иш сари етаклади. Ўзбекларнинг яна бир катта шоири Усмон Носирнинг шундай мис­ралари бор:

Кейин билсам, тасодифлар зарур экан,

Ҳодисани етакларкан сабабият.

Чиндан ҳам, тасодиф сабаб катта ҳодиса – улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг ишқ, ватанпарварлик, одамийлик каби улуғ тушунчалар тараннум этилган гўзал достонидан менинг юртдошларим ҳам баҳраманд бўлди. Шу ишда озми-кўпми ҳиссам борлигидан бахтиёрман.

 

 

Игорь Шпак

“АДЕФ-Украина” нашриёт уйи директори. Киев, Украина.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.