Инсон қалбини чизган санъаткор

0
517
марта кўрилган.

Cўнгги йилларда юртимизда адабиётга қаратилаётган эътибор натижасида жаҳоннинг кўплаб ёзувчи ва шоирлари ижодини ўқиш ва ўрганиш имкониятига эга бўлдик. Жаҳон тафаккурини янгилашга хизмат қилган, инсон қалби ва маънавиятини бойитадиган, дунё ҳақидаги тасаввуримизни кенгайтирадиган қатор бадиий асарларни ўзбек тилида мутолаа қиляпмиз. Хусусан, машҳур ирланд ёзувчиси Жеймс Жойснинг “Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили” асарини моҳир таржимон Аҳмад Отабой, “Улисс” романини эса устоз таржимон Иброҳим Ғафуров она тилимизга ўгирди.

1982 йили ЮНЕСКО қарори билан Жеймс Жойс таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланиши адиб ижоди ва шахсининг жаҳон миқёсида яна бир бор эътирофи бўлди. Бугун унинг асарлари дунёнинг нуфузли олий ўқув юртлари, ўрта таълим масканларида ўрганилмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу жараён кечмоқда. Филология фанлари номзоди Тилаволди Жўраевнинг олий ўқув юрти талабаларига мўлжалланган “Жеймс Жойс” рисоласи бу йўлдаги дастлабки қадамлардан бўлганди. Адиб ижодини янада чуқурроқ ўрганиш, таҳлил қилиш мунтазам давом этмоқда. Зеро, муаллиф бежиз шундай деб ёзмаган: “Очиғини айтсам, “Улисс”да матнни шундай бошқотирмалар билан тўлдирдимки, олиму тақризчилар, танқидчию адабиётшунослар жумбоқлар мағзини чақолмасдан умрларининг охиригача овораи жаҳон бўлсинлар”.

Жеймс Жойснинг асарлари ўзига хос услуби ва матндаги бошқотирмалари, адабий мураккаблиги билан бошқа адиблар ижодидан кескин фарқ қилади. Унинг ижоди юзасидан баҳс-мунозаралар салкам юз йилдан буён тўхтовсиз давом этаётгани сабаби ҳам шунда. Танқидчи ва адабиётшунослар унинг асарларини турли йўналишларда таҳлил қилиб, аксар ҳолларда бир-бирига бутунлай қарама-қарши хулосалар чиқаришаётир. Аслида, бу ҳам Жеймс Жойснинг ноёб истеъдод эгаси, улуғ ёзувчи эканига яна бир далилдир. Буюкларнинг фикри, дунёқараши ва орзу-умидлари билан танишиш ҳар доим мароқли. Уларнинг маҳорати ва ҳаётий тажрибаси билан яқиндан танишиш асарларини янада теранроқ англашга, тушунишга ёрдам беради. Шуларни эътиборга олиб, биз улуғ адиб билан суҳбатлардан бирини ҳамда унинг севиб ўқиган ёзувчилари ҳақидаги фикрларини журналхонларимизга ҳавола этмоқдамиз. Мазкур суҳбат адиб ижодини ўрганишга бағишлаб чоп этилаётган  “James Joyce Broadsheet”,  “James Joyce Literary Supplement”,  “James Joyce Quarterly”,  “Joyce Studies Annual” каби журналлардаги маълумотлар асосида журналист Мария Гладбих томонидан тайёрланган.

  Ўйлаймизки, адибнинг энг машҳур асари “Улисс” ҳақидаги дунё олимларининг эътирофлари ва адибнинг адабиёт ҳақидаги ўткир мулоҳазалари журналхонлар учун қизиқарли бўлади.

 

Ёзув столида 20 000 соат

 

– Жаноб Жойс, Сизни кўриб турганимдан бахтиёрман. Туғилган юртингиз, униб-ўсган оилангиз ва ота-онангиз ҳақида гапириб берсангиз?

– Камина Ирландия пойтахтидан жануброқдаги Ратгар шаҳарчасида таваллуд топганман (2 февраль, 1882 йил). Отам Дублинда отнинг қашқасидай таниғлиқ одамлардан бири эди. Ишга масъулиятсизлиги туфайли тез-тез касби-корини ўзгартирарди. Шунинг учун оиламиз билан шаҳарнинг у чеккасидан бу чеккасига кўчиб юрганмиз. Отам шинаванда одам бўлиб, улфатлар даврасини ёқтирарди. Бироқ майхўрликдан тийила олмагани боис обрў-эътиборини йўқотиб қўйганди. Онам бечора ўн беш бола туғиб, афсус­ки, шулардан ўнтасини вояга етказган уй бекаси эди. Менинг шахсиятимга онамнинг фидокорлиги, сабр-тоқатидан анча нарса ўтган. Оилада иккинчи фарзанд бўлганим учун мен онамни яхши тушунардим.

– Ирландиядаги энг яхши мактаблардан бири Клонгоуз Вудда таълим олгансиз. Аммо отасининг чўнтагида ҳемири йўқ болага у ерда ўқишга йўл бўлсин…

– Отам ҳар доим банкрот бўлиб юрган. Бироқ унинг қўлидаги бор пули менинг Клонгоуз Вудда ўқишни бошлашим учун кифоя қилган. Бу мактабда кўп фанларга қизиққан бўлсам-да, асосан тил ва адабиётни чуқур ўрганишга интилганман. Лекин орадан бироз вақт ўтиб, отамнинг пули тугади ва мен бошқа мактабга қатнашга мажбур бўлдим. Оиламиз ўшандан кейин  таназзулдан чиқа олмади.

– Серфарзанд оиласини қулай, фаровон ҳаёт билан таъминламагани учун ота­нгиздан ранжиганмисиз?

– Мен болалигимда ҳам, ўсмирлигимда ҳам масъулиятсиз ва иродасиз эмас эдим. Ҳозир ҳам. Доим қадр-қимматимни билганман. Эзгулик ва ҳамдардлик туйғуларини яхши ҳис қиламан. Ўша пайтлар оилани боқиш учун охирги тангасини сарфлаётган онамга раҳмим келарди. Отамга нисбатан нафақат менда, балки ака-укаларим ва опа-сингилларимда ҳам ачиниш ва нафратга ўхшаш қоришиқ туйғу бор. Асарларимдаги қаҳрамонларнинг айрим жиҳатларини айнан отамдан олиб ёзганман.

– Адабиётга қизиқиш  қандай бошланган? Ижод  чархпалаги ўз-ўзидан айланиб кетмагандир?

– Дублин университетида ўқиётган чоғларимда Ҳенрик Ибсен ижоди ҳақида эссе ёздим (у севимли ёзувчим). Кейинчалик “Биз ўлганлар уйғонганимизда” пьесасига “Ибсеннинг янги драмаси” деган тақриз ҳам қораладим. Лондондаги “Икки ҳафталик шарҳ” журналида пухта-пишиққина ҳолда чоп этилди. Тез орада адибдан миннатдорлик ва мақтов хатини олдим (албатта, журналдан қалам ҳақини ҳам).

Шундан сўнг “Оломонга татаббу”, “Драма ва ҳаёт”, “Катилина” сингари мақолаларим турли нашрларда эълон қилинди. Гауптманнинг пьесасини таржима қилдим ва бошқа эсселар дегандай…

– Ўша пайтдаёқ ёзувчи бўлишингизни тушуниб етганмидингиз?

– Йўғ-эй, нималар деяпсиз? Университетни тамомлагач, тиббиётни ўрганиш учун Париж­га бордим. Лекин тиббиётга қизиқишим секин-аста барҳам топди. Мен тез-тез Миллий кутубхонага борадиган, шеърлар ва кичик-кичик насрий асарлар ёзадиган бўлдим. Қўшимча даромад ишлаш мақсадида “Дублин Дэйли Экспресс” нашри учун китобларга тақризлар ёзиб бердим. Бир йил давомида мазкур газетада 23 та мақолам эълон қилинибди. 1903 йил 13 августда онам вафот этди. У мени умрининг охиригача қўллаб-қувватлаб турганди. Шундан кейин яна ҳаётимда муаммолар, ташвиш­лар, келажакка ишончсизлик бошланди.

– Турмуш ўртоғингиз Норани учратиш ҳаётингизда, ҳақиқатан ҳам, унутилмас кун бўлганми? “Улисс” романида унинг номини абадийлаштирдингиз. Ёшгина қиз сизни нимаси билан ром этган?

– 1904 йилнинг 10 июнида Нора Барнаклни кўчада биринчи марта учратдим. Унинг отаси новвой ёрдамчиси эди. Рўзғорини аранг тебратарди. Норанинг ўзи “Файнс” меҳмонхонасида оқсоч бўлиб ишларди. Мен уйланишим мумкин бўлган ягона аёл эди у! Жуда ораста эди! Унга хат ёзишни ёқтирардим. Очиғи, ҳеч қачон сўзни аямаганман. Отам Барнакл фамилияли (barnacle инглизчада ёпишқоқ деган маънони англатади) одамнинг қизи билан учрашаётганимни билгач, “У сени ҳеч қачон ташлаб кетмайди”, деб айтган. Унинг гапига фаришталар омин деган экан ўшанда.

– Фарзандларингиз борми?

– Албатта! Мен жуда ғамхўр отаман.

– Адабиётдаги кейинги ишларингиз қандай кечди?

– Мен кўп ва хўп ишлаганман. Газета учун шеърлар, памфлетлар, мақолалар ёзардим. Кейин ҳикоя, пьеса ва романлар битдим. 1906 йили Римга кўчиб кетдим, бу ерда банкнинг ёзув-чизув ишларини қиладиган ходим бўлиб жойлашдим. Инглиз тилидан дарс бердим. 1907 йили “Марҳумлар” ҳикоясини ёздим. “Камер мусиқа” тўпламимга киритилган. 1914 йилнинг 2 февралидан бошлаб америкалик модернист шоир Эзра Паунд ёрдами билан “Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили” романимни эълон қила бошладим. Ўша пайтда ёзганларимдан айримларининг тақдири оғир кечган. Чунки мени цензура умидсизликка тушириб қўйганди. 1909–1912 йиллари “Дублинликлар” номли ҳикоялар тўпламимни тайёрлаганим беҳуда кетди. Ирландиядаги нашриёт аввалига мен билан шартнома имзолаб, кейин вақтни атайлаб чўзиб, тўпламни барибир нашр этмади.

– Охир-оқибат, “Дублинликлар” дунё юзини кўрди-ку! Ўшанда ноширларни қандай жин чалган эди?

– Янги китобимни цензорлар ўтказишмади. Худди ёш ёзувчилар каби менга ҳам рад жавобини беришди. Улар китобни тушунмаган, дадил ва танқидий фикрлардан чўчиган бўлиши мумкин. Ношир эса жамоат босимидан ҳайиққан. Тўғри-да, унга ватан хоини деган тамғани босувчи ҳикояларни чоп этишдан нима фойда? Китобнинг чоп этилган барча нусхалари ёқиб юборилди. Бундан қаттиқ изтироб чекдим…

Албатта, анча вақт ўтиб, бошқа нашриётда китобим 1250 нусхада чоп этилди. Бироқ булар ҳам барибир китобни тўлиқ босишмади. Ҳанузгача танқидчилар адабиёт меъёрлари асосида асарларимга баҳо бера олмаётганига ҳайронман.

– “Улисс” унутилмас таассурот қолдирди. Роман етти йил давомида ёзилиб, “Литл ревю” журналида бир неча йил давомида пешма-пеш эълон қилинди. Унинг юзага чиқиши дунёда адабиёт тушунчасига муносабатни буткул ўзгартириб юборди. Гап келганда, романинг яратилиши хусусида сўзлаб берсангиз…

– Миннатдорман. Мақтов эшитиш доим мароқли. “Улисс” – иккинчи романим. Хийлагина семиз китоб. Уни 1914 йилнинг 1 мартидан ёза бошладим, биринчи жаҳон уруши йилларида 20 000 соат вақтим кетди. Қаҳрамонларим —дублинлик яҳудий Леопольд Блум ва ёш ёзувчи Стивен Дедал ҳаёти баёнини  тонгги соат саккиздан тунги иккигача қоралаганман. Китобдаги барча воқеалар Дублинда бўлиб ўтади. Ҳар бир эпизоднинг ўрни атрофлича кўрсатилган. Шаҳарнинг ҳар бир детали асарда шу даража аниқ баён қилинганки, агар Дублин ер юзидан йўқолиб кетса ҳам, китобим орқали яна худди аввалгидек қайта тиклаш мумкин. Романда ёзувчилик маҳоратим, ҳаётий тажрибам, бор адабий усул ва жанрлардан тўлиқ фойдаланишни хоҳлаганман. Барибир бу асар менинг дунёмдаги орзу ва интилишларимдан катта эмас.

– Фикримча, асар ҳамма учун эмас. Ҳар қандай одам уни мутолаа қилавермайди. Ҳатто ақл-заковатли кишилар ҳам…

– Эҳтимол, шундайдир. Асарда борлиқнинг инсониятгача бўлган даври ва кейинги даврини кўрсатиб беришни мақсад қилгандим. Мен бу асар орқали адабиётга, одамзотнинг касб-корига муносабатини ўзгартиришни ўйладим. Балки асарим фантастикдир. Насрдаги энг оғир шеърдир! Афсуски, асарларим худди одобнома китоблари мисоли ўрганилаяпти. Энг ёмони, буни кўпчилик жиддий қабул қилади. Ҳолбуки… Ҳақиқий эркакча гапни айтайми? Бу асаримда бирорта жиддий мисра йўқ. Қаҳрамонлар шунчаки вайсақилар!

– “Улисс” бу – “Одиссея” сўзининг лотин тилидаги варианти. Асар номи орқали мақсадимга эришаман, деб ўйлаганмисиз? Ёки Ҳомернинг “Одиссея”­­си сингари адабиётда камёб бўлган эпос яратишни хоҳладингизми?

– Албатта, мен учун Ҳомер, Данте ва Шекспир намуна бўлган. Улар билан ижодий мусобақага кириша олдим, деб ўйлайман. Бироқ замонавий адабиётнинг эпоси фақат роман сингари бир жанр бўлиши мумкин эди, холос. Романнинг тузилишидан келиб чиқиб, “Одиссея”дан умумий қолип олинган, деб ҳисобласа бўлади. Айлантириб ҳикоя қилиб бериш ҳам ундан юққан бўлса керак. Очиғи, мен аниқлик борасида унга эргашганман. “Улисс” Ҳомернинг “Одиссея”си билан ўзаро алоқадор. Асардаги 18 воқеанинг “Одиссея”да келтирилган воқеалар билан ўзаро ички боғлиқлик жиҳати бор. Ўзаро уйғунлик мазмунда, мавзуда ва моҳиятда ҳам сезилади. Романдаги аксарият қаҳрамонлар Ҳомер поэмасининг прототипларига ўхшайди: Блум – Одиссей, Стивен – Телемак, Молли Блум – Пенелопа ва ҳаказо. Таққосни яна давом эттирсак, “ўтакетган” номутаносибликни ҳам кўриш мумкин. Ҳомер “Одиссея”ни бошқа давр ва маконларни кезиб яратган. “Улисс” қаҳрамони эса куни бўйи Дублин кўчаларида ҳеч бир иш қилмай, санғиб юрадиган оддий одам. Ҳомерда Пенелопа – аёлнинг вафодорлик тимсоли. Молли Блумнинг иши эса хиёнаткорлик. Аслида, “Одиссея” ва “Улисс” бир-бирига сира ўхшамайди. Масалан, Одиссей юнон, Блум эса яҳудий. Агар ҳаммасини айтиб берсам, асарнинг боқийлиги қолмайди. Романда шунчалик кўп жумбоқ ва тилсимлар борки, улар ҳали олимларнинг бошини яна юз йиллаб оғритади…

 

Жеймс Жойс

1882 йили Ирландияданинг Дублин шаҳрида туғилган. “Дублинликлар” номли ҳикоялар тўплами машҳур. “Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили” ва “Улисс” романлари ўзбек китобхонларига яхши таниш. 1941 йили Швейцариянинг Цюрих шаҳрида вафот этган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.