Шу йилнинг 7-8 август кунлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро анжуман ўтказилади. Мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган мазкур тадбирга жаҳоннинг қирқга яқин давлатидан олим ва таржимонлар қатнашиш истагини билдирган. Улар орасида Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат, Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим, Озарбойжон Ёзувчилар бирлиги раиси Анор, Панжоб штати Ёзувчилар ассоциацияси раиси Дев Бхадвей (Ҳиндистон), “Мастера литературного перевода” гильдияси бошқарув раиси Александр Ливергант (Россия), шунингдек, Вели Саваш Йелок (Туркия), Хендрик Боёшотен (Бельгия), Радмила Мечанин (Сербия), Хисао Коматсу (Япония) каби нуфузли ижодкорлар, ўзбек адабиёти тадқиқотчилари бор. Профессор Карл Рейхл ҳам анжуманнинг фахрий меҳмонлардан бири. Олимнинг “Қаҳрамоннинг қайтиши: Алпомиш, Арасту ва эпос” (“The Return of the Hero: Alpomish, Aristotle and the Oral Epic” номли илмий мақоласини айрим қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.
Ўзбек халқ оғзаки ижодининг шоҳ асари – “Алпомиш” достони икки қисмдан ташкил топган бўлиб, биринчи бўлимида қаҳрамоннинг Барчинга уйланиш воқеаси рўй берса, кейинги қисмда бу жуфтликнинг бир-биридан айрилиши ва айрилиқдан сўнг қайта висолга етишиши баён қилинади. Дастлабки бўлим “Келиннинг ғалабаси” дея номланувчи кенг тарқалган мотивга қурилган бўлса, достоннинг иккинчи қисми асосини фольклоршунослик тадқиқотларида “Эрнинг қайтиши” ёки “Қаҳрамоннинг юртга қайтиши” дея билан аталадиган, Аарне-Томпсон-Утернинг Эртак сюжет типлари кўрсаткичида 974 рақами билан қайд этилган мотив ташкил этади.
Виктор Жирмунский илмий изланишларида “Алпомиш” ва “Одиссея” достонлари воқеаларида ўзаро яқинлик борлигига алоҳида эътибор қаратади. Айниқса, бу ўхшашлик “Эрнинг қайтиши” қисмидаги воқеаларда, аниқроқ айтганда, Алпомиш билан Барчиннинг учрашиб, бир-бирларини таниб қолиш саҳнасида ёрқинроқ кўринади. Юртига қайтган қаҳрамонларни биринчи бўлиб содиқ хизматкорлари: Алпомишни чўпон Қултой, Одиссейни эса энагаси Эвриклея билиб қолади. Қултой Алпомишни елкасига босилган Шоҳимардон пирнинг панжаси изидан, Эвриклея эса Одиссейни оёғидаги чандиқдан таниб олади.
Юнонларда бир инсонни бошқа бир инсон таниб қолиши анагнорисис деб аталади. Арасту “Поэтика”да анагнорисисни тўрт турга ажратади. Биринчиси – қаҳрамонни баданидаги алоҳида белгиларидан таниб қолиш. Алпомиш билан Одиссейнинг танилиш саҳнаси шу турга киради. Иккинчиси, “таниб қолиш” муаллифнинг ўзи томонидан амалга оширилади. Бунда муаллиф қаҳрамоннинг исмини айтиб ёки қандайдир ўйин орқали таништиради. Учинчи турда эса, қаҳрамоннинг танилиши учун ўтмиш эсланади ёки шу қаҳрамонга хос бирор белгига ишора берилади. Ниҳоят, тўртинчи турда қаҳрамон мантиқий хулосалар эвазига таниб олинади. Эпик асарларда анагнорисиснинг биринчи ва учинчи турлари кўп учрайди. Арасту бу икки тур учун “Одиссея”дан мисоллар келтириб ўтган.
“Алпомиш” достонининг илк туркий талқини “Китоби Дада Қўрқут” қўшиқларида учрайди. Ўн иккита алоҳида қўшиқни жамлаган “Китоби Дада Қўрқут”нинг еттинчи қўшиғида асир олинган ва орадан вақтлар ўтиб озодликка эришган ўғуз ботирлари ва бир ўғлоннинг қаҳрамонликлари куйланади. Асир тушган бахтсиз қаҳрамонлардан бири – Бамси Бейрекдир. У ўн олти йил тутқунликда яшаб, кейинчалик унга кўнгли тушиб қолган насроний ҳукмдор Шоклининг қизи ёрдамида зиндондан қочишга муваффақ бўлади. Бамси уйига қайтаркан, йўлда унаштириб қўйилган қайлиғи – Чечак Бонунинг тўйига кетаётган жиров (бахши) билан тасодифан учрашиб қолади. Воқеадан хабар топган Бамси отини унинг удига айирбошлайди. Сўнг жиров қиёфасига кириб, тўйга етиб келгунга қадар йўлда бир гуруҳ чўпонлар билан, ўзининг опа-сингиллари билан ҳам учрашади. Аввалига уларнинг ҳеч бири Бейрекни танимайди. Аммо жулдур чакмони билан даврага тушган “жиров” аслида кимлигини Бейрекнинг опаси билиб қолади. “Жиров” ўзи чалган кўйга келиннинг рақсга тушишини сўрайди. Шу чоғ икки қиз ўзини келинликка солиб, даврага киради, бироқ Бейрек уларнинг ҳийласига алданмайди. Бироздан сўнг “жиров” тўй базмида ҳақиқий келинни кўради, кўради-ю, уни бевафоликда айблайди. Шунда Чечак Бону бармоғидаги бир вақтлар Бейрекнинг ўзи таққан узукни кўрсатади ва изсиз йўқолган севгилиси учун шу кунга қадар садоқат билан яшаганини айтади. Буларни эшитиб, Бейрек ўзини ошкор қилади. Ўғлининг дардида йиғлайвериб, кўр бўлиб қолган отаси “Қанийди, омонлик бўлиб, кўзимнинг нури қайтса, ўғлимнинг дийдорига тўйиб-тўйиб олсам”, деяётганида мўъжиза рўй бериб кўзи кўра бошлайди.
Бундан кўринадики, Бамси Бейрек – Алпомиш ҳикояси. Аммо Бамси Бейрекнинг ўзига хослиги шундаки, бу ерда анагнорисис бирдан эмас, аксинча, аста-секинликда содир бўлади. Қаҳрамон ва унинг суюкли ёри ёки Чечак Бонуга уйланмоқчи бўлган йигитнинг онаси ўртасида бўлиб ўтадиган айтишувлар, тўй қўшиқларида ҳазил-мутойибага мойиллик бор. Бу хусусият ўзбек, умуман, Марказий Осиёдаги бошқа халқларнинг эпик асарларида муҳим ўрин тутади. Айниқса, анагнорисис саҳналарига ўзига хос бўёқ, ўзига хос нозик ифодани бахш этади. Ўзбек халқ достонларидан хушчақчақ, ҳажвий оҳанглар уфуриб турса, ўзга халқларнинг достонларида беҳад ҳассослик ва қандайдир жанговар кайфият устунлик қилади. Қуйида эпик адабиётда ана шундай мотивлар асосига қурилган айрим намуналардан мисол келтирмоқчиман.
Рус халқининг “Добриня ва Алёша” билинасида (қўшиқ-эртак, биздаги достонга яқин – тарж.) воқеалар Добринянинг уйдан чиқиб кета туриб, хотини Настасяга агар у олти йил ичида қайтмаса, бошқа эр қилиши мумкинлигини айтиши саҳнаси билан бошланади. Настася эса ўн икки йил эрини кутади. Ахийри эринг олти йил олдин ҳалок бўлган, дея хабар етказган Алёшага тегишга розилик билдиради. Эътиборли жиҳати, бу ерда Алёша “Бамси Бейрек”даги хоин Ялтачук билан бир хил ўринда келаяпти. Тўй арафасида Добриня Константинополга бориб қолади ва унга хотини Настасянинг эрга тегаётганини айтишади. Қаттиқ таъсирланган Добриня уйига шамол тезлигида учиб боради, бироқ онаси ўз ўғлини танимайди. Шунда Добриня ундан бир вақтлар бедарак кетган ўғлининг ялтироқ либоси ва чолғусини сўраб олиб, подшоҳ Владимир саройида бўлаётган тўйга боради. Настася Алёшага никоҳланишига оз фурсат қолганида, Добриня ўз хотинининг рўпарасига келиб ўтиради. Унга ўз узуги солинган бир қадаҳ узатади. Настася узукни кўриб, эрини таниб қолади. Бу ўринда “таниб қолиш” мотивида узукдан фойдаланилиши асарнинг ўзига хослигини таъминлайди.
“Марко Кралевич ва костурлик Мина” номли серб эпосида бош қаҳрамон Марко турк ҳукмдори Султон Боязидга қарши курашиш учун саройини тарк этади. Костурлик Мина Марконинг онасини ўлдириб, хотини Елани ўғирлаганидан хабар топади ва роҳиб қиёфасида Минанинг олдига боради. Тўй устидан чиққан “роҳиб” масхарабоз томошасини ижро этиб беради. Намойишдан кўнгли тўлган Мина “роҳиб”га ҳақ тўлаш учун “рафиқа”сидан Марконинг хазинасидан танга олиб чиқишини сўрайди. Ела Марконинг хазинасидан танга билан бирга унинг занг босган шамширини ҳам олиб чиқиб, “роҳиб”га узатади. Ҳали мақсадига етмаган Марко Минадан энди зоҳидлар рақсини кўрсатишга ижозат сўрайди. Ҳавода шамширини муаллақ силкитиб рақс бошлаган “роҳиб” кутилмаганда Минанинг бошини танасидан жудо қилади.
Дунё халқлари эпосида бош қаҳрамоннинг ўзга қиёфага кириб, ўз шахсиятини яширишга уриниши улардаги сюжетнинг ўзига хос қиррасидир. XII–XV аср инглиз, немис, италян, испан ва француз халқлари оғзаки ижодида ҳам шундай мотив асосига қурилган бир қанча асарларни учратиш мумкин. Бироқ мен ҳозир уларни эслай туриб, қандай қилиб бошқа-бошқа халқларнинг турли достонлари бир хил мотив асосига қурилганини ва, умуман, бунинг келиб чиқиш сабаблари, халқ оғзаки ижодининг анъаналари хусусида фикр билдирмоқчиман. Мотив айнан кимгадир тегишли бўлмаган ҳолда макони ва миллатидан қатъи назар мустақил шаклланиб бораверади (полигенезис). Аммо муайян мотив асосида индивидуал услубда сюжет яратилиши ҳам мумкин. Индивидуал услубда мотив воқеалар ривожида ўзига хос қолип вазифасини бажаради. Бу қолипнинг “Фалон қаҳрамон асирликка тушиб қолибди”, “Фалон қаҳрамоннинг хотини бошқа эрга тегишидан аввал ёрини жуда узоқ йиллар кутибди” ёки “Қаҳрамонни баданидаги фалон белгисидан таниб қолишибди” каби шакллари қаҳрамон кўрган-кечирган саргузаштларнинг даражасига қараб қўлланилаверади.
Агар “Одиссея” достонидаги ўша мотив воқеалари шу йўсинда яратилган ўзга халқлар оғзаки адабиёти намуналаридаги мотивларга туб манба сифатида хизмат қилган бўлса, у ҳолда биз Ҳомерга хос мазмундаги мотивлар бир тарафдан Адриатик денгизининг шарқий қирғоқлари орқали албанларга, бошқа бир томондан Амударё орқали туркийларга етиб бориб, узун бир занжир ҳосил этган, дейишимиз мумкин.
Ушбу хулосани ақлга сиғмас мулоҳаза, дея инкор этиш учун бирорта тўсиқ кўринмайди. “Одиссея”нинг “Эрнинг қайтиши” қисмидаги ўзига хос мотив ҳам бу фикрни асослаб турибди. Гарчи қаҳрамонларнинг турли саргузаштларни бошдан кечириб уйга қайтиши Шарқ ва Ғарб халқларининг оғзаки адабиётига кўчган бўлса-да, айнан “Одиссея”даги воқеалар уларнинг минг йиллик илдизга эга турмуш тарзига ҳеч қачон мувофиқ келмайди. Шубҳасиз, бундай ҳолларда адабиёт миллатнинг ўзига хос табиатига юзланади. Жумладан, турк, албан, рус ва серб халқ достонларидаги “Эрнинг қайтиши” мотивидаги саҳналарга ушбу миллатларнинг ҳаётий тажрибаларида рўй берган воқеалар асос қилиб олинган.
Энди турли халқларга тегишли икки асарнинг қай бири бошқаси учун асос мотив сифатида хизмат қилгани ва халқ достонларининг ўзига хос анъаналарида мотивнинг шаклланиш хусусиятлари ҳақида сўз юритсак.
“Алпомиш” достони тўғрисида, у шу мазмундаги барча асарларнинг туб манбаси, деган фикрни билдира олмаймиз. Зеро, бу достон юнон эпоси учун асос бўла олмайди. Аввал айтиб ўтганимиздек, “Алпомиш” достонининг туркий тилдаги илк талқинини “Китоби Дада Қўрқут” асарида кўриш мумкин. Бироқ “Китоби Дада Қўрқут”да ҳомерча унсурлар: қаҳрамонни чандиқ ва хол ёки унинг оти орқали таниб қолиш, камон воқеаси, содиқ хизматкорлар ва бошқалар кузатилмайди.
“Алпомиш” достонининг “Эрнинг қайтиши” қисмидаги тўй саҳнасидаги куй-қўшиқлар ўзбек тўйларининг ўйин-кулгу билан ўтишини кўрсатиб туради. Аёл тилидан куйланган бундай қўшиқлар ўзбек халқ эпосида катта ўрин тутган. Булар фақатгина Алпомиш ва Барчиннинг ўртасида кечган ўзаро айтишувларда эмас, балки ўзганинг хотинини ўз ўғлига тегишга зўрлик билан мажбур қилган шафқатсиз аёл – тили чучук кампир билан диалогларда ҳам учрайди. Бу кампирнинг чулдираб гапириши ҳамда унга ҳазил билан жавоб қайтарган қаҳрамоннинг қўшиқлари достоннинг интиҳосига нафақат жўшқин кайфият олиб киради, балки ўқувчини бахтли якунга тайёрлаб боради.
Сўнгги хулоса: “Алпомиш” достонининг бахшилар оғзидан ёзиб олинган ўттиздан ортиқ варианти бор (сўнгги маълумотларга қараганда, қирққа яқин варианти бор – муҳ.). Уларнинг сюжети ўхшаш бўлса-да, жуда катта фарқли томонлари кўп. Жумладан, “Эрнинг қайтиши” мотивининг бадиий ифодасида ҳам. Владимир Проппнинг изланишларидан келиб чиқиб айтилса, “Добриня ва Алёша” билинасининг қарийб бир юз олтмишда варианти бор. “Эрнинг қайтиши” мотиви болқон халқларида серб ва албан қаҳрамонлик қўшиқларидаги намуналаридан кўра анча кенг тарқалган. Гувоҳи бўлганингиздек, халқ достонларига асос бўлган мотив ва сюжетларнинг қиёсий таҳлили бу дурдоналарни тушунишимизда денгиздан бир томчи бўлиб қолаверади. Зотан, ушбу тадқиқотда томчи табиати мавжудлигига қарамай, мен халқ оғзаки адабиётидаги намуналарни бир-бири билан таққослаш орқали, ўзига хос ва айни пайтда ғайриоддий жиҳатлари ҳамда бу асарларнинг таг-томирига сингиб кетган миллий анъаналарни очиб бера олдим, деб умид қиламан.
Карл Рейхл
Бонн университети профессори (Германия). Рейн-Вестфалия академияси аъзоси, Нукус университетининг фахрий профессори. Туркий халқлар эпоси тадқиқотчиси сифатида танилган. Хусусан, “Алпомиш” достони ҳақида бир неча мақолалар эълон қилган.
Инглиз тилидан
Гулҳаё Маҳамадалиева таржимаси.