Сархуш

0
184
марта кўрилган.

(Ҳикоя)

У кичкина телевизорнинг тугмасини босди. Телевизор бироз хириллаб, хонага кўкиш шуъла таратди. Бунақаси ҳозир ҳеч кимда йўқ, ўйлади ўзича. Қаерданам бўлсин? Бундан йигирма йил илгари чиқарилган оқ-қора рангли матоҳнинг кимга кераги бор?

Лаблари буришиб пичирлади:

– Ё раббий, ўзинг мадад бер!

Ўзини тошдек қаттик, эски диван устига ташлади. Стол тагида бир неча кундан бери турган ярим шиша ароқнинг оғзидаги тиқинни тишида очиб, икки-уч қултум ютди-да, тамшаниб қўйди. Кичик болишни буклаб, бошига қўймоқчи бўлганида димоғига ўғли Тўғрулнинг сут аралаш ҳиди урилди.

Хотини Судоба боласини қўлтиқлаб, отасиникига кетиб қолмаганида, бугун унинг етти ойлигини нишонлаган бўлишарди.

Роппа-роса етти ой илгари Судоба унга оталик бахтини раво кўрганди. Исмини ҳам Судобанинг ўзи қўйган. Эри ҳам бунга қаршилик кўрсатмади. Эр бўлиб унга нима қилолдим, ҳеч бўлмаса, ўғлига ўзи истаган отни қўяқолсин, деди.

У бир пайтлар ўғил кўрсам, отамнинг исмини қўяман, деб юрарди. Судоба бир гал: “Отангиз нима иш кўрсатган ўзи?” дея кесатганидан кейин, дами ичига тушиб кетди. “Бир етимнинг пешонаси шўр бўлса, шунчалик бўлар-да!”, дея хаёлланди ва вақтни билиш учун қўл соатига қарамоқчи бўлди. Шу чоқ икки кун илгари соатин ўн кундан бери йиғилиб қолган беш минг манат қарзидан қутулиш учун нон дўконига топширгани эсига тушди. Кулгиси қистади. Тўғриси, уни ҳамма телбага чикариб қўйган. Буни юзига айтмасалар ҳам, орқаваротдан “Савдойи” деб айтишларини биларди.

“Ростдан ҳам шунақадир?”, деган хаёлга борди.

Нақ сувнинг ичида ётиб-туриб юрган одамни ким ҳам жинни демасин Тошқини бутун қишлоқни ғарқ этаёзганди. Кундан-кунга кутарилиб бораётган сув сатҳи у яшаётган ғариб кулбани кичик бир оролчага ўхшатиб қўйганди. Тўрт ойдан бери сув ўртасида қолиб кетган, хомғиштдан тикланган бошпанаси бир пайтлар унинг кўзига ҳашаматли қаср бўлиб кўринарди. Ҳозир эса, зах тортиб, ивиб кетган деворлар йиқилишга махтал турарди.

Ўзимам ғалатиман, ўйлади у, бу ерда Судоба қандай қилиб яшаши мумкин эди? Уч ойлик чақалоғи-чи? Уйда егулик йўқлиги, пул йўқлиги учун она шўрликнинг сийнасидан сут қочиб кетгани рост-ку?

Шўрлик Судоба, ҳозир нима қилаётган экан-а?”.

Тўғрулни эслашга тиришди. Юзини кўз олдига келтиролмади. Фақатгина кўзлари юмуқ гудакнинг тили билан оғзидаги сурғични чиқариб ташлагани ёдида қолган. Бечоар чақалоқ шунақа чинқириб йиғлардики, эшитган одам ҳозир жигари ёрилиб кетади, деб ўйларди. Кейин ёдига Судобанинг қарғишлари тушди.

– Ҳамманг, сенам, отанг ҳам қирғинга учрасаларинг бўлмасмиди?

Бу гап қулоғи остида жарангларкан, юзига совуқ сув сепилгандек бўлди. Жойидан ирғиб турди. Диванда ўтирганича, телевизор сари эгилиб, унинг овозини кўтарди. Жини суймайдиган бир аёл қўшиқчи куйлаётган эди.

– Падарингга лаънат, манжалақи! Атайин ғашимга тегиш учун ҳар куни телевизорга пул бериб чиқадими, дейман!

Бу фикридан ўзининг ҳам кулгиси келди: “Қара-я, сени таниркан-да, ғашингни келтирмоқчи бўларкан”.

Эҳтимол, таниши ҳам мумкин эди. Агар мактабни битирган йили пойтахтга бориб, ўқишга кирганида, ана шундай машҳур қизларни кўриши, улар билан танишиши мумкин эди.

Эҳ, етимлик қисмати шу бўлганидан кейин, у қаерда-ю, Бокуга бориб, институтда ўқиш қаёқда?

Яна нималар ҳақида фикр юритиши мумкин?.. Бошқа мавзу қолмадимикин? Тўрт ойдирки, мана шу диван устида, шу ойнаижаҳон қаршисида яккаю ёлғиз ўй суриб ётишдан бошқа иши йўқ эди.

– Кеча Нефтчала туманидаги Кура дарёсидан қайиқда кесиб ўтмоқчи бўлган 16-22 ёшлардаги икки киши сувга чўкиб кетди. Ҳали уларнинг жасадлари сув тубидан қидирилмоқда.

16-22 ёшли… Сухандон қиз бунча совуққонлик билан гапирмаса? Тўғри-да, чўккан бўлса унга нима? Ўзи бир тарафда тошқинлар, бир тарафда қочқинлар миллатни қийин вазиятга солиб қўйди.

Шу чоқ ич-ичидан азобли оғриқ турганини ҳис этди. Оғриқ кураги томон ўрмалади. Турмоқчи бўлди, мажоли етмади. Қўлини дивандан пастга тушириб, эски шолча устига тиради. Бор овози билан қичкиргиси келди, овози чиқмади. нафаси етмаётганини ҳис килди. Ё раб, бу қандайин оғриқ бўлди?

Ўғли, ҳатто юзи ҳам хотирасидан сидирилиб кетган жигарбанди эсига тушди. Кейин хотини…

Узоқдан эса онасини кўргандек бўлди. Бор кучини тўплаб онаси тарафга интилди. Аммо онаси унга якинлашиш ўрнига тобора узоқлашиб борарди. Судрала-судрала айвонга чиқди. Ҳаво етишмаётганини сезди. Ҳовлига узанган зинапояга яқинлашди. Поғоналар устидан думалаб, бир неча ойдан бери ҳовли юзини босиб ётган кўлмакка қулади. Бир зумда унинг бадани сув тагида қолди.

…Эртаси куни ойнаижаҳонда, жумладан, Судобанинг ота уйидаги оқ-қора телевизордан ҳам ушбу хабар таркатилди:

– Ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги кишининг жасади ўз ҳовлисидан топилди. У кўп миқторда спиртли ичимлик ичганлиги аниқланди.

 

Азиза Лалаева

1986 йили Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида туғилган. Боку давлат университетининг фалсафа факультетини тамомган. “Мактуб” номли ҳикоялар тўплами нашр қилинган.

“Юлдуз” журнали, “525-газет” газеталарида ҳикоя ва мақолалари чоп этилган. Озарбайжон иқтидорли ёшлари ташкилотининг раҳбари, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.