Уйингизда тунаганимни эслайсизми?

0
186
марта кўрилган.

* * *
Машҳур адиб Жорж Сименон сермаҳсуллиги билан дунёга довруғи кетган эди. Умр бўйи 220 та роман ёзган. Шундан 84 таси комиссар Мегрэга бағишланган.
Кунлардан бир куни ёзувчининг уйига Америкадан кинорежиссёр Альфред  Хичкок телефон қилади. Сименон бу пайтда навбатдаги – 158- романини ёзаётганди. Хотини эрини ижоддан чалғитмаслик  учун телефон гўшагини ўзи кўтаради.
– Жорж янги романини ёзаётганди, уни безовта  қилмаган маъқул, – дейди уй бекаси  режиссёрга.
– Бемалол  ёзаверсин, – дейди режиссёр ҳозиржавоблик билан, –  у ёзиб тугатгунча мен кутиб тураман.

* * *
Кунлардан бир куни машҳур итальян қўшиқчиси Карузо пулини олиш учун почтага келади. Ёнида паспорти бўлмагани учун почтачи пулни бермайди. Шунда Карузо ўз шахсини тасдиқлаш учун бир операдан арияни қо­­йилмақом ижро этиб, пулини олади.
Бу воқеани эшитган бир танқидчи Карузога иддао қилиб дейди:
– Энрико, бу ахир санъатни таҳқирлаш-ку!
– Ишинг қисталанг бўлиб турганда кўзинг­­га санъат ҳам кўринмайди! – дея жавоб қилади Карузо.

* * *
Бернард Шоу ноёб китоблар дўконида ўз пиесаларининг илк нашрини  кўриб, суюниб кетади. Аммо унда ўз дастхатини кўриб, ҳайрон бўлади. Шундай сўзлар битилганди: “Роберт Фуксга. Ҳурмат билан Бернард Шоу”. Адиб китобни  сотиб олиб, яна ўша одамга юборади. Бу гал сал бошқачароқ дастхат битади: “Сизга бўлган ҳурматимни яна бир  карра тасдиқлайман. Шоу”.

* * *
Машҳур ёзувчи, режиссёр ва актёр Василий Шукшин ўз юрти Олтойдан Москвага келиб, кинематография институтига имтиҳон топшираётган эди. Ётоқхонада жой  бўлмагани боис тунаш учун дарё соҳилига бориб, шу ердаги бир ўриндиққа чўзилади. Энди кўзи илинай деганда уни баланд бўйли, қотмаган келган, қўлида таёғи бўлган бир одам туртиб уйғотади. Шукшин уни қоровул бўлса керак деб ўйлаб, қўрқиб кетади.
– Нега бу ерда ухлаяпсан? – деб сўрайди ҳалиги одам.
– Ётадиган жойим йўқ, – жавоб қилади Шукшин.
– Юр бизникига, ўша ерда ухлайсан, – дейди нотаниш одам.
У Шукшинни уйига бошлаб келади, меҳмон қилади  ва туни билан суҳбатлашиб чиқади.
Шукшин институтда ўқий бошлаганда кимдир узоқдан унга машҳур режиссёр Иван Пырьевни кўрсатади. Шукшин шунда уйида тунаган ўша одамни танийди.
Орадан кўп йиллар ўтганда бир куни Шукшин ўзаро гурунгда Пырьевдан сўраб қолади:
– Уйингизда тунаганимни эслайсизми, Иван Александрович?
– Эслолмайман, – дея жавоб қилади Пырьев. – Менинг уйимда кўп одамлар тунаган…

Шодмон ОТАБЕК таржимаси

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.