Баҳодир ҚОБУЛ: Авлодлар таънасига қолмайлик

0
453
марта кўрилган.

Мақолнавислик

Баҳодир Қобул – ёш тилшунос, журналист. Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши ижроия қўмитасида масъул ходим бўлиб ишлайди. Яъни Давлат тили мақоми берилган тилимизнинг ижросига бевосита масъуллардан. Биз ижодкорлар – ғоячилармиз, ижрочилик ишидан кўпинча бехабармиз ва аксар ҳолларда улардан нолиймиз. Хўш, ижрочи, масъуллар, ўша қозонда қайнаётганлар нима дейди бунга. Балки охир мақсадларимиз бир чиқиб қолар…

Дарвоқе, Баҳодиржон номларни абадийлаштириш, аниқроғи ном қўйиш масаласида ҳам юзага келаётган муаммолар хусусида фикр билдирган. Унинг мулоҳазалари эҳтимол, баҳслидир. Эҳтимол, Сизнинг дилингизда эътироз туғдирар. Агар шундай бўлса, марҳамат, кўнглиздаги гапларни ёзиб юборинг, баҳсу мунозарада иштирок этинг.

 

 Бу (турк)ларга яқин бўлиш учун энг асосий йўл уларнинг тилларида сўзлашишдир, чунки улар бу тилда сўзлашувчиларга яхши қулоқ соладилар, ўзларини яқин тутадилар, уларга зарар бермайдилар Ҳатто ўз паноҳида турган бошқаларнинг гуноҳларини ҳам кечиб юборадилар.

Маҳмуд Қошғарий.

 

1

Тилимиз учинчи бор қайтадан Мовароуннаҳрда давлат тили мақомини олди. Биринчи бор туркий тилга девон тил рутбаси беназир Алишер Навоий уни “тиллар ботқоғидан” олиб чиққанидан сўнг берилганди. Ўша воқеадан кейин оз эмас, кўп эмас, роппа-роса беш аср ўтибди…

Пайсалга солинган иш ўз аҳамиятини йўқотганидек, ижроси асоссиз кечиктирилган Қонуннинг ҳам қадри бўлмайди. Бу хусусда грекларда яхшигина ибора бор: “Амалга ошмайдиган ҳар қандай Қонундан қаҳвахонанинг гапи афзал!” Ушбу Қонуннинг моҳияти, бажарилиши ва кишиларимиз онгига қай даражада етиб бораётгани ҳамда улар қандай фаолият кўрсатаётганликларини ўзим яшаётган ва ишлаётган Самарқанд вилояти мисолида бир оз таҳлил қилмоқчиман.

Ўтган муддатда вилоят босмахонасида муҳр тайёрлайдиган ёзув машинкаларига ўзбекча ҳарфлар ўрнатадиган махсус устахона очилиб, ишга туширилди. Улар хизматидан қўшни вилоятлар ҳам фойдаланишлари мумкин. Қонун қабул қилинганлигининг бир йиллиги тантанали нишонланди. Буларнинг барчаси қувончли, албатта. Қувончлар эса ўзбекистонликман деганнинг барчасиники! Жумҳуриятимиз бошидан кечираётган ачинарли кунлар-чи?! Улар қачон қувончлга айланади? Қонун тўлиғича етти-саккиз йилдан кейин амалга ошар экан деб ўйлаш бориб турган ноқобиллик, қолаверса, ота-боболаримиз руҳига беписандлик, хиёнатдир.

Маълумки, Қонуннинг фақат 4, 7 ва 8-моддаларини амалга оширишгагина узоқ муддат берилган. Шунингдек, бу уч модда барчага бирдай тааллуқли бўлиб қолмай, балки давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида ишлаётган, туб ерли халқ тилини билмайдиган амалдорларгагина тегишлидир. Тил билмайдиган раҳбар билан ишлаш ўта ноқулай. Айниқса, ўзга тилда сенга ақл ўргатиб турса. Иншоолло, насиб бўлса, элимиз бу борадаги ўзининг нақд гапини ҳализамон айтгусидир.

Лекин шу нарса аёнки, жумҳуриятимиздаги анчайин идораларнинг (биринчи навбатда фирқа қўмиталари) раҳбарлари Қонуннинг 28-моддасини писанд этмаяптилар. Мазкур моддада эса улар зиммасига ўзларига бўйсунувчи соҳа доирасида Қонун талабларига риоя қилинишига шахсан жавобгарликлари кўрсатилган. Амалда эса Қонунни тан олмаслик, билиб билмасликка олиш (аслида булар замирида ўзбек тилини менсимаслик иллати ётади) оқибатида ўзибўларчиликка, сансоларликка йўл қўйилмоқда.

Ҳар қандай вилоятда бундай ташкилотлар, идоралар рўйхати анча узун эканлигига имоним комил? Аммо ўша рўйхат бошида Ўзбекистон ССЖ иқтисодиёт қўмитаси ҳамда Ўзбекистон комфирқа Марказқўми сингари давлат ва жамоат ташкилотлари турганлигига нима дейсиз?!

“Ўзбекистон ССЖнинг давлат тили ҳақида”ги Қонунини амалга ошириш давлат дастури қабул қилинганидан буён уни бажариш борасида жумҳурият иқтисодиёт қўмитасидан олган ҳужжатларимизнинг биронтаси давлат тилида эмас! Дардингни кимга айтишингни билмайсан киши. Истеҳзоли бўлса-да, айтишим керак, жумҳурият иқтисодиёт қўмитасида мазкур иш билан А.Б.Фёдорова деган ходима шуғулланади. Бошқача қилиб айтганда, давлат тилига ҳомийлик вазифаси шул зотга юклатилган. Тил билмаслик айб эмас, бироқ тил билан ўйнашган ёмондир!

Шунингдек Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган атама қўмитаси ишини ҳам қониқарли деб бўлмайди. Мазкур қўмита ҳалигача давлат бошқарув органларига ўзи тасдиқлаган атамалар рўйхатини тақдим этган эмас. Оқибатда бир қатор тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Шу ўринда одоб доирасидан чиқиб бўлса-да, бир гапни айтишни лозим топдим. Зеро юзга айтганни заҳри йўқ: ўша атамақўмда фаолият кўрсатаётганларнинг анчагинаси бир вақтлар ўзбек тилининг остига сув қуйганлардандир. Хоинликнинг эса катта-кичиги бўлмайди. Қолаверса, ҳурматли домла, Ўзбекистон ССЖ Фанлар Академиясининг мухбир аъзоси Азим Ҳожиев таъкидлаганларидек, “у ёки бу соҳада янгиланиши лозим бўлган атамалар (терминлар) айрим мутахассислар ваҳима қилиб юрган даражада эмас”.

Таклифим: атама қўмитаси ишига олимлар жалб этилиб, унинг аъзолари рўйхати марказий матбуотда эълон қилинса. Шунингдек, маълум муддат берилсаким, ишларнинг якуни (албатта, нисбий)нинг муддати аниқ белгиланса.

Менга тинчлик бермайдиган, қолаверса, умуман куракда турмайдиган яна бир ҳолат ҳақида фикр юритмоқчийдим. Маълумотларга кўра, Қонунни амалга ошириш учун 1128,6 миллион сўм сарфланиши керак эмиш. Жумҳурият бўйича иш қоғозларини қайта янгилаш учун 76,8 миллион сўм сарфлаш, концерт ва театр залларига видеомагнитофонлар олиш мақсадида 0,48 миллион сўм, олий таълимгоҳларни компьютерлар, мегафонлар ва видеомагнитофонлар билан жиҳозлашга 253 миллион сўм, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлашга ҳам миллионлаб сўм сарфланиши кўзда тутилган. Бир қарашда бу кўпдай туюлади. Бироқ аслида буларнинг барчаси “Қонунни бажариб бўлмайди” дейишаётган валломатлар чироғига мой қуяди, холос. Жаноблар, ахир етмиш йилда мактабларимиз ўрис тилидаги компьютер, видеомагнитофон, лингофон билан тўлиқ таъминлай олмадинглар-ку, нега энди оғирликнинг барчасини шўрлик ўзбекнинг давлат тили ҳақидаги Қонунига келтириб тақаймиз?!

Жумҳурият бўйича иш қоғозларини янгилаш хусусида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Бир ташкилот икки-уч йилда ўзининг иш қоғозларини қайта тайёрлаш учун босмахоналарга буюртма беради. Шундай экан, бу иш хачакалла демасдан, босиқлик билан, тадбиркорлик билан ҳал этилса сих-да, кабоб-да куймайди. Томошагоҳларга, театрларга ўрнатилиши кўзда тутилган видеомагнитофонларнинг ўзбек тили девонига хизмат қилишини эса ҳазм қила олмайман. Бундай бирёқламалик билан ишга киришмаслик керак. Қонунни кишилар кўзига олабўжи қилиб кўрсатмаслик лозимдир.

Яна бир нарсани ҳеч тушуна олмайман: вилоятимизда (бошқа вилоятларда ҳам аҳвол мақтагулик эмас!) 287 та фақат ўрис тилида машғулот олиб бориладиган болалар боғчаси бўлса, уларнинг биронтасининг мудираси ҳам ўзбек тилида тарбиявий иш олиб боришу ҳужжат юритишни билмас экан. Ваҳоланки, уларнинг аксарияти шу ерда туғилиб-ўсган кишилардир. Мудираларни қайта ўқитиш, малакасини ошириш учун роппа-роса 115600 сўм зарур. Бир илож қилиб, шунча пул ҳам топилиши мумкин. Бироқ ишончим комилки, 287 мудирадан еттитасининг ҳам малакаси қиёмига етиб қолмайди. Тарбиячи руҳ муҳандисидир. Араблар айтганидек, “тарбиячини тарбиялашга уриниш телбаликдан бошқа нарса эмас!”

Қонуннинг 27-моддасида давлат тилига ва бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараган мансабдор шахслар, аризалар ва шикоятларни қабул қилишдан бош тортганлар ССЖИ ва Ўзбекистон ССЖнинг амалдаги қонунлари асосида жавобгарликка тортиладилар, дейилган. Амалдаги қонунларни ёд биладиган маъмурий-ҳуқуқий идора ходими ҳам давлат тилига номуносиб йўл тутган шахсга нисбатан ҳеч қандай жазо қўлламайди.

Таклифим: мазкур Қонун янги таҳрирда ёзилиб, муддатлар масаласига жиддий қаралган ҳолда Олий Кенгашимизда қайта кўрилса. Зеро, ҳукуматнинг обрўйи у чиқарган Қонуннинг ҳаётийлиги ва адолатлилигидадир! “Халқ сўзи” рўзномаси эса Қонуннинг бажарилишини мунтазам назорат қилиб борса.

 

2

“Ўзбекистон ССЖнинг давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилиниши билан жумҳуриятимиз бўйлаб жойлар номларини ёппасига қайта (масалага ёппасига ёпишиш бизга колхўзлаштириш давридан қолган бўлса керак!) номлашга киришиб кетишди. Ҳар яхшининг бир ёмони бор деганларидек, бу жабҳада ҳам анчайин кишилар демократия (халқпарварлик)дан – халқнинг ниқоб қилинишини, жоҳилликни; торқобиқдан – дунёвий кенгликни ажрата олмаётирлар. Бизнинг вилоят ижроия қўмитаси ном қўйиш комиссиясига ноҳиялардан келаётган таклифлар билан танишиб чиққан киши ёқасини ушламай иложи йўқ. Бошқа вилоятларда ҳам аҳвол худди шундай. Бундай дейишга марказий матбуотдаги ахборотлар сабаб бўляпти. Яқинда ноҳия ижроия қўмиталаридан бири Молдовада ҳарбийликни ўташ чоғида ҳалок бўлган аскарнинг номини абадийлаштириш ҳақида қарор қабул қилиб, тасдиғини қонун-қоидага биноан вилоят ижроия қўмитасидан сўради. Молдовадаги ҳарбий қисмдан ва ноҳия ҳарбий комиссари берган маълумотномада, аскар ҳарбий машқ бажараётиб мардларча ҳалок бўлди, дейилган. Мана сизга жумбоқ. Маълумотнома сўнгида ҳарбий қисм командири аскар номини абадийлаштиришни маъқуллайди-ю, кўрсатган мардлиги нимадан иборат эканлигини айтмайди. Табиийки, вилоят ном қўйиш комиссияси бу таклифни рад этди.

Яна бир мисол. Ноҳиялардан бири марҳум фан номзоди хотирасини абадийлаштириш ҳақида қарор қабул қилган. Сабаб, “қишлоқдан чиққан ёш олим бўлиб, эрта вафот этган; кўпроқ яшаганда катта ишлар қилган бўларди” эмиш. Тўғриси, марҳум ҳақида гапириш ножоиздир. Бироқ, ноҳия ижроия қўмитасидагилар масалага жиддий қарамаганликларини таъкидламоқчиман.

 

Маълумот учун: ҳозирги кунда Самарқандда 180 нафар фан доктори, 1800 нафар фан номзоди хизмат қилмоқда…

 

Қишлоқ кенгашлари томонидан келаётган таклифларда эса қўрғонлардаги кўчалар, мактаблар, шифохоналар, ҳатто фермаларга ҳам кишилар – биринчи бригадир, биринчи коммунист, биринчи фахрий, биринчи пахтакор номини бериш кўрсатилган. Ана шундай ҳолат Пайариқ ноҳиясида бўлди. Бу ерда Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, номи абадийлаштиришга арзигулик хизматлар кўрсатган, қатор нишонлар эгаси Бопил Ҳасанов номи бўрдоқичилик фермасига берилиши ҳақида қарор қабул қилинган. Вилоят комиссияси қарорни маъқул топмади. Сабабини изоҳлаш шарт бўлмаса керак. Шунингдек, Улуғ Ватан уруши жанггоҳларида иштирок этиб, бир-икки орден-медал олиб қайтган кишилар номини ҳам мактабларга қўйишни сўраб, ўнлаб таклифлар тушмоқда. Тўғрисини айтадиган бўлсак, ушбу таклифларнинг 95 фоизини тасдиқлаш замон талабига ҳам, мусулмончиликка ҳам тўғри келмайди. Шу ўринда савол туғилади: нега жанггоҳлардан орден-медал олиб келганлар номи мактабларга берилар экан-у, фронтда жонини жабборга берганларга йўқ? Қолаверса, наҳотки ҳар бир урушда қатнашган одам номим мактаб ёки кўчага берилсин деб жангга кирган бўлса? Шундай дея жон берган бўлса? Уларнинг хотиралари Ватанимизнинг энг кичик қўрғонидан тортиб, энг катта кентида ҳам абадийлаштирилган-ку! Улардан бизга қолган хотира мана шу Ватан! Ватанни бало-қозолардан сақлашимиз улар хотирасини сақлаганимиз бўлади! Шундай эмасми?!

Қатор қишлоқ кенгашлари баъзи қишлоқларни муқаддам ноҳия фирқа қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган кишиларнинг номларига қўйишни таклиф қилмоқдалар. Савол туғилади: нега айнан шу кишининг номи қўйилиши керак?

“Ҳа, энди ноҳия раҳбари бўлганда қишлоғимизни обод қилган-да”, дейишади талабгорлар. Уларга: “Ноҳия котиби бўлгач, қишлоқни обод қилиш унинг вазифаси ҳисобланади. Қолаверса, биргина қишлоққа масъул эмас у. Ноҳия биринчи котиби бўлиш қаҳрамонлик саналмайдиям” дегингиз келади.

Ўтган йили Каттақўрғон шаҳар ижроия қўмитаси шаҳарнинг 83 кўчаси номини ўзгартириш ҳақида таклиф билан чиққанди. Ишонасизми-йўқми, шундан 78 кўчага кишилар номи қўйилган. Ўйлаб қоласан: наҳотки Каттақўрғонда номига кўча қўйса арзийдиган кишилар шунча кўп бўлса? Бўлса бордир. Бироқ кўча номларини фақат ва фақат кишилар номларига қўйиш шартмикин. Қолаверса, марҳумлар руҳи шу билан шод бўлиб қолмайди-ку. Ваҳоланки, ота-боболаримиз ном қўйишни ҳақиқий санъат даражасига олиб чиққанлар. Бугунги кунда уларнинг бу санъатини Ленинград, Москва, Киев, ҳатто Лондону Париж олийгоҳларининг олимлари ўрганмоқдалар. Уларнинг таъкидлашларича, дунёда бирор-бир халқ ўз турар-жойларини бу даражада гўзал, бетакрор, мазмундор, таъбир жоиз бўлса, сирли атай олмаган.

Афсуслар бўлсинким, биз совет даври кишилари ота-боболаримиз изидан бориш ўрнига улар юрган йўлларга “лой” чапладик. Юзлаб йиллик тарихга эга бўлган Хўжанд, Каттамачит, Сўфимиён, Султонқишлоқ, Боймаҳалла, Эшонхўжа сингари қишлоқларнинг номларини тилу динимизга ёт номлар билан атадик. Самарқанд қилоятида айни вақтда Чапаев, Фрунзе қишлоқлари, Чернишевский, Добролюбов, Толстой маҳаллалари бор. Босқинчи ва жоҳил Верешагин сингари, шунингдек, яқин ўтган сиёсатимиз мевалари бўлган пойинтор-сойинтор (Бульдозер, Экскаватор, Ракета, Артиллерия, Дивизия) кўча номларини айтмай қўя қолайлик.

Вилоятимизда В.И.Ленин шарафига юзга яқин жой аталган. Бу ўз-ўзидан тушунарли, албатта. Бироқ мен ҳанузгача вилоят суяк сили касалликлари шифохонасига (шифохонага номни тегишли вазирлик тавсия этади) ҳам В.И.Ленин номи берилганига тушуна олмайман. Бу инқилоб сардорига ҳурматимизнинг чексизлигими ёки суиистеъмол қилишми?

Буларнинг барчасига биринчи навбатда сиёсатдан йироқ сиёсатдонларимиз, олимларимиз, зиёлиман деб бўйинбоғ таъқиб юрганнинг ҳар бири айбдордир!

Шарқда кўчаларга кишилар номини қўйиш расм эмас. Айниқса, мусулмон оламида. Бу ҳақда дин ахллари ўз фикрларини билдирсалар жуда ўринли бўлур эди.

Саволлар туғилаверади: “Нега Амир Темур Самарқанд шаҳри номини ўзгартириб, ўз номи билан ататтирмаган экан? Нега Муҳаммад Тарағай Самарқанд кўчаларига устозлари номини бермади экан? Ахир жаҳонгир бобомизнинг шундай қилиш учун юз эмас, минг марта ҳаққи бор эди-ку? Ахир Самарқанд деган шаҳар борлигини дунёга танитган шул табаррук зот эмасми?!”

Бу ерда, менимча, ерга – она тупроққа нисбатан чексиз ҳурмат ҳисси яширин бўлса керак. Халқ бекорга “Ернинг ҳар ерда ўз оти – ўзи билан” демаган. Бошқача айтганда, ер ўзига ўзи ном берган. Худди шундан келиб чиқиб, жойларга ном қўйилган. Семизкент – Самарқанд (Бойшаҳар) ҳам бундан мустасно эмас. Тошкент, Ўратепа, Фарғона, Нукус ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Бундай ном бериш санъати (фанда онамастика дейилади)нинг илдизи “Девону луғатит турк”ка бориб тақалади. Маҳмуд Кошғарий ҳазратлари ана шу асарларида Оқтерак, Қорайиғоч, Олайиғоч сингари оймоконимларга изоҳ берган.

Ном қўйиш тартибларини белгилайдиган Ўзбекистон Вазирлари Кенгашининг 1981 йил 27 майдаги Низоми ҳам, бизнингча, бир қатор масалаларда ҳаётдан ортда қолган. Бирор-бир каттароқ жойга (аэропорт, вокзал) ном бериш учун нега Москвадан рухсат сўралиши керак экан? Ёки бир ҳудудда бир киши номида икки жой аталмаслиги кўрсатилган-у, ҳудуд деганда қайси ўрам назарда тутилиши аниқ белгиланмаган. Ёки ўша ҳудудда А.Навоий, А.Жомий номи иккита бўлса нима қилибди? Бунақа ғужала масалалар эса Низомда талайгина. Жойларда тузилиб, эндигина атак-чечак иш бошлаётган ном қўйиш комиссиялари ўзларининг ваколатларини аниқ тушуниб етмаётирлар. Оқибатда қишлоқ Кенгашлари жумҳурият Вазирлар Маҳкамаси зиммасидаги ишни ўз бўйнига олишгача етиб бормоқда. Маълумки, амалдаги қонун-қоидаларга кўра тегишли ҳудуддаги жой номларини ноҳия ижроқўмлари берадилар? Кишилар номини абадийлаштириш ваколати эса вилоят  ижроия қўмитасига топширилгандир. Яқинда Самарқанд шаҳар ижроия қўмитаси вилоят ижроия қўмитасининг ваколатини ўз зиммасига олганлиги учун унинг қарори бекор қилинди.

Таниқли туркшуносларнинг айтишича, бир вақтлар ном сўзи ҳозирги номус сўзининг ўрнини ҳам босган экан. Халқдаги «Номусинг ўчди – номинг ўчди“, “Йигит бўлсанг, номингга доғ туширма” сингари ибораларни эшитиб, бу гапда жон борлигига имон келтирасан киши.

Модомики, тилимиз номусимиз экан, бу масалада доимо хушёр ва доимо адолатли, халқчил бўлишимиз керак, токи йиллар ўтиб, келажак авлодларимиз ўз юртларида ўз тиллари ҳақида қайтадан қонун чиқариб, бизларни шармандалар қаторида санашмисан! Зеро, авлодлар таънасидан оғирроқ жазо йўқ!

 

“Ёшлик” журнали, 1991 йил, 6- сон

 

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.