КУКАРАЧА

0
268
марта кўрилган.

Марта холанинг атрофи тут, шафтоли, олча дарахтлари билан қуршалган болохонали уйи Варазисхеви кўчасининг этагига жойлашган.

Ёз бошланиши билан кварталимизда яшайдиган болалар ана шу дарахтларга мўрмалахдай ёпирилишар, шунда ҳовли Марта холанинг адоқсиз қарғишларию дўқ-пўписаларига кўмилиб кетарди:

— Туш деяпман сенга, ҳой тирранча!

— Еганинг еган, шохини синдирганинг нимаси?!

— Ҳўй, кўр бўгур! Олчага ҳали ранг киргани йўқ-ку!

— Жора, милтиққа туз сопке!

— Уйинг куйгур ўғрилар, дарбадарлар, муттаҳамлар!

— Тушинглар ҳозир, бўлмаса Кукарачани чақираман!

— Ота-оналарингни кўзига куйдирги чиққанми?! Ёки етимчамисанлар, а?! Э-э, парвардигор, бу қароқчиларнинг бир додини бер! Ичбуруғ бўлиб думалаб қолишмаса гўримда тикка тураман!

Марта хола хипчин кўтарганча у дарахтдан-бу дарахтга югурар, кейин буткул ҳолдан тойиб, ҳовлининг ўртасига ўтириб оларди-да, панд-насиҳат қилишга ўтарди:

— Натела, қизалоғим, муаллиманинг қизисан-а?! Бу қанақаси: ойинг бутун Вакега[1] имлони ўргатади, «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон»дан сабоқ беради, аммо якка-ёлғиз қизига ўзиники билан бировникини фарқ қилишни ўргатолмапти-да?!

— Бай-бай-бай-бай! Дуду, каллавой-ей! Отанг, кимсан — инженер! Шаҳарнинг ярмини қурган, сени эса бировларнинг уйини хонавайрон қиладиган бола қилиб ўстиришипти-да, а?!

— Ҳой, думбул Гуриели, намунча кишнамасанг! Сен райком секретарининг эмас, қассобнинг ўғли бўлиб туғилишинг керак эди, Вэреда[2] ичак-чавоқ ювсанг қандоқ ярашарди! Бу ёққа туш, ярамас, қатиқ қуйиб бераман! Туш, деяпман дарахтдан, ишёқмас, худо кўрсатмасин, йиқилиб тушсанг, товонингга қоламан-а!

— Э-э-э, сен ҳам шу ердамисан, Бродзели? Дарвоқе, сендай каллакесар, товламачи шу ерда бўлмай қаерда ҳам бўларди!.. Бугун олча ўғирлайсан, эртага бировнинг уйини тунайсан, индинга поездни қақшатасан, у ёғига қарабсанки, денгизда сузиб юрган кемани кўнглинг тусаб қолади…

— Ие, ўзингмисан, Кучико?! Сени нима жин урди?! Ҳе, башаранг қурсин, хумкалла!

— Ҳа-а-а, Костя-грек! Сиз нега қадам ранжида қилдингиз, мени қон қақшатиш учундир-да, а?! Нима бало, Грецияда олча билан тутнинг уруғига ўт тушганмиди, а?

— Сени кўзинг қаёқда, Кукарача?! Оғизда ботирсан! Ундоқ қилодурман, бундоқ қилодурман! Участка инспекториман! Ўғри ва товламачилар учун азроилман! Ёшларнинг мураббийсиман! Латтачайнарсан, билдингми! Мураббий эмиш-а! Ўзинг ҳам етимхонада ўсган бўлсанг кераг-ов! Ҳе, ўргилдим сендақа ботирдан!

 

Районимиз милициясининг участка инспектори Кукарача ҳақгўй, ҳаммага ғамхўр ва меҳрибон киши, шунинг учун ҳам каттаю кичик уни бошига кўтаради. Бировни чивин чақса ҳам дарров Кукарачанинг олдига югуради. Муҳимроқ ишлар-ку кўпдан буён Кукарачанинг аралашувисиз битганмас.

Фин урушидан кўксига Қизил Байроқ орденини тақиб қайтган Кукарача ўша куниёқ район партия комитетига кириб иш сўраган дейишади. «Қўлингдан нима иш келади?» — деб сўрапти райком секретари. «Отиш ва душманларимизни ер тишлатишни дўндираман», — деб жавоб  берипти  Кукарача.  Секретарь мийиғида кулибди-ю, уни район милиция бўлимига жўнатипти. Инспекторимизнинг биз билган бор-йўқ таржимаи ҳоли мана шу. Фронтда мардона жанг қилган, деган гап-сўзлар ҳам юради. Бунинг устига, Қизил Байроқ орденини шахсан Ворошиловнинг ўзи кўкрагидан ечиб, ўз қўли билан Кукарачанинг гимнастёркасига қадаб қўйганмиш. Тағин елкасига қоқиб:

— Баракалла, Кукарача, дзалиан карги бичи хар![3]— деганмиш.

— Грузинчани қаёқдан биласиз, ўртоқ Климент Ефремович? — деб сўраганмиш Кукарача таажжубланиб.

Ворошилов Кукарачанинг соддалигидан бир кулиб қўйганмишу сўнг:

— Иосиф Виссарионович ўргатган-да, — деб жавоб берганмиш.

Кукарчадан, шу гаплар ростми, деб сўрашса, аниқ жавоб бермайди, «ҳа»ям демайди, «йўқ» ҳам демайди.

— Қаёқда… Аммо-лекин орденни нима учун олганимни гапириб беришим мумкин… — шундай деб, у бир ҳикоясини юзинчи марта ҳам такрорлайверади.

…Шундоқ бўладики, Кукарача ўз танки билан танкка қарши қазилган ҳандаққа тушиб кетади. Минг уринмасин, ўрадан чиқолмайди, ўзимизникиларга ҳам хабар қилолмайди. Тинкаси қуриган Кукарача уйқуга кетади. Бир маҳал танк атрофидан ғала-ғовур эшитилади. Тирқишдан қараса — ана холос! Финлар иккита енгил танк билан Кукарачанинг танкини шатакка олиб, тортиб ётишипти! Кукарача миқ этмай ўтираверади. Ниҳоят финлар танкни ҳандақдан чиқазиб, ўзлари эгаллаб турган жойга олиб келишади. «Э, йўқ, — дейди Кукарача ўзига-ўзи, — бунақаси кетмайди!.. Сенларга асир тушиб бўпман!..» У шундай дейди-ю, танкни ўт олдиради, шартта орақага буриб, газни охиригача босади… Финлар эс-ҳушларини йиғиб олгунларича, уларнинг иккита енгил танкини судраб жўнаб қолади… Шу алпозда ўзимизникилар турган маррага етиб келади. Тўғри, финлар танкларидан сакраб тушиб, қочиб қолишади, ҳа майли, садқаи сар! Шундай қилиб, душманнинг бус-бутун иккита танки Кукарачага ўлжага қолади.

Шу ерга келганда Кукарача ҳикоясини тўхтатади. Климент Ворошилов билан бўлган суҳбатнинг мазмуни ҳар гал сирлигича қолаверади.

Каллаи саҳарлаб Цхнетидан[4] Тбилисига тушган қатиқфурушлар эшакларини Марта холанинг ҳовлисида қолдириб, ўзлари сут-қатиқ солинган банкаларга тўла хуржунларини елкаларига ташлашарди-да, «қатиқ сота-ма-ан, кимга сут кера-ак!» — дея бақирганча шаҳар кўчаларига тарқалиб кетишарди.

Тушдан кейин, сут-қатиқларини сотиб бўлишгач, улар яна ҳовлига тўпланишар, узун тахта стол атрофига ўтирволишиб, Кахетия виносини эрмак қилишар, қадаҳ сўзлари орасида кун бўйи кўчада эшитган янгиликлари ва ҳар турли олди-қочдилардан бир-бирларига сўзлаб беришарди.

Биз Марта холанинг ҳовлисини «карвонсарой» дердик.

Баъзан цхнетилик қатиқфурушлар эшак пойга ташкил қилишарди. Старт жойи — ҳовли дарвозаси, марра — ҳовлининг этак девори, оралиқ — 25—30 метр. Чавандозликка бизни, болаларни ёллашарди. Ютган бир банка қатиқ оларди, ютқазган эса ўлгудай масхара бўлар ва гарданига бир мушт ҳам ерди.

Табиийки, ҳар бир эшакнинг ўз номи бор эди, лекин биз уларни эгаларининг исми билан атардик.

…Ўша куни ширакайф қатиқфурушлар ҳам пойгада қатнашмоқчи бўлишди. Беш сўм ганак тикилди.

Мен Китесга, Натела — Аршакка, Дуду — Шакрога, Ирача — Имедога, Костя-грек — Халватга минволдик. Бошқа эшаклар ҳам бор эди, лекин улар биринчи турда қатнашмаётганди — пойга йўлининг эни шуни тақозо қиларди. Марта хола билан мусобақада қатнашмаётган эшакларнинг эгалари ҳакамлик қиладиган бўлишди.

Марта хола учгача санади, пойга бошланди. Бир гала эшак қулоқларини чимирганча тапира-тупур қилиб маррага интилди. Қизишиб кетган қатиқфурушлар ҳай-ҳайлаб бизга ҳам, эшакларга ҳам далда беришарди:

— Х-хи, ҳаром ўлгур, еган арпангни оқла!

— Ҳой бола, сағринига ўтир, тезроқ чопади!

— Эшак эшаклигини қиларкан-да! Нуқул орқага тисарилади-я! Биқинига теп, биқинига!

— Э, қойил! Зўр қиз экан! Боплаяпти! Баракалла!

— Ҳе, лапашанглар! Қиз болачалик бўлолмадинглар-а!

Нателага бир банка қатиқ тегди, Аршак беш сўмлик бўлди, мен гарданимга бир мушт едим.. Энди иккинчи турни бошламоқчи бўлиб турувдик, ҳовлига ранги докадек оқариб кетган Зевара чопиб кирди-ю, ҳўнграб йиғлаб юборди:

— Кукарачани ўлдиришипти!

Ҳамма турган жойида қотиб қолди. Фавқулодда бу сукунатдан ҳатто дарахт шохларида чирқиллаётган чум-чуқларнинг ҳам уни ўчди.

Зевара сал ўзини босиб олгач, яна ўша гапини такрорлади:

— Кукарачани ўлдиришипти, ҳой одамлар! — деди у ва қуруқшаб кетган лабларини тили билан бир намлаб олди.

— Ким? — деб сўради узоқ сукунатдан сўнг Марта хола.

— Билмайман, — дея елкасини қисди Зевара.

— Қаерда? — деб сўради яна Марта хола.

— Кабулети тепалигида, — деди Зевара қўли билан ўша томонга ишора қилиб.

— Инганинг уйидами?

Зевара бош ирғади. Марта хола бошидаги рўмолини сидириб олиб, ҳовлидан чиқиб кетди.

Орадан ўн минут ўтар-ўтмас кварталимизнинг жамики аҳолиси Инганниг уйи ёнига тўпланди.

Санатиарлар билан иккита милиционер замбилда Кукарачани олиб чиқишди. У беҳуш эди. Кўкрагининг ўқ тешган икки жойидан ҳануз қон силқиб турарди. Замбил билан ёнма-ён ранг-рўйи бир аҳволда Инга келарди. У ҳадеб замбилга энгашар, даҳшатдан бақрайган кўзларини қонга бўккан докадан узмай, пичирларди:

— Ўлма, Кукарача, мени ҳам адо қилма… Онамнинг руҳини ўртага солиб илтижо қиламан, Кукарача, ўлма… Мени айбим йўқлигига ким ишонади… Кукарача, қадрдоним, ўлма, ўтинаман…

Замбилни тез ёрдам машинаси ёнига олиб келган пайтларида Кукарача кўзларини очди.

— Кукарача, азизим, ўлма… — Шундай деб, Инга замбил ёнига тиз чўкди.

Кукарача тепасида энгашиб турган одамларга маъюс кўз югуртириб чиқди.

— Ўлма, Кукарача, ўлма, ёлвораман… — деб такрорлади яна Инга. — Хароб бўламан, гапимга ишонишмайди…

— Бас қил… — дея шивирлади Кукарача, — кет бу ердан… Сен бу ерда йўқ эдинг… Эшитяпсанми? Кет…

— Кукарача! — Инга Кукарачанниг қўлига лабларини босди. — Азизим…

Кукарача энди унинг гапларини эшитмас, нигоҳи билан кимнидир изларди. Ниҳоят уни топгач:

— Давид! — деди.

Оломон орасидан район милиция бўлимининг бошлиғи сирғалиб чиқди.

— Давид, ўзинг биласан, бу жувон — менинг хотиним. У юзидаги кўз ёшларидай мусаффао аёл… Биласан-ку, ахир…

Давид бош силкиди. Кукарачанинг қуруқшаган лабларига ним табассум югурди.

— Инга, — деди у, — кўз олдимни туман қоплаяпти… пуштиранг туман… Сени кўролмаяпман… Эҳ, Муртало, номардлик қилдинг-а, ярамас… — Кукарача афсус билан бош чайқади, кейин кўзларини Ингага қадаб, қўлини унинг юзи томон узатди. Қўл ҳавода бир лаҳзагина муаллақ турди-ю, сўнг гўё биров зарб билан кесиб ташлагандай «тўп» этиб замбилга тушди.

Кукарача — милиция лейтенанти Георгий Тушурашвили, ана шундоқ — заррача ҳам инграмасдан, бир оғиз ҳам гапирмай, кулимсираб жон берди…

Янги уйимизга келган биринчи меҳмон (биз Анас-тасьев кўчасидан академик Марр номидаги кўчага жойлашган бинога кўчиб ўтган эдик) баланд бўйли, буғдойранг, хушсурат милиция лейтенанти бўлди. Ойим эшикни очиши билан у таклифни ҳам кутиб ўтирмасдан ичкарига кирди, тўппа-тўғри ошхонага бориб, табуреткага ўтирволди.

— Кимсиз, нима керак сизга? — деб сўради нотаниш кишининг сурбетлигидан довдираб қолган ойим.

— Мен муҳтарама… — лейтенант дудуқланиб қолди.

— Анико! — деди ойим.

— Мен, ҳурматли Анико, Грузия Ички ишлар Халқ Комиссарлиги Тбилиси шаҳар Оржоникидзе район милиция бўлимининг участкаси инспектори Георгий Тушурашвили бўламан, лақабим Кукарача! — деб жавоб берди у бидирлаб.

— Лақабингиз узукка кўз қўйгандай, — деди ойим хахолаб.

— Ҳа… табиат қора рангни мендан аямаган.

— Тўппа-тўғри…

— Мени Кукарача деяверишингиз мумкин.

— Шу гапни айтгани келувдингизми?

— Йўқ, албатта. Районимизда яшайдиган ўспиринларни рўйхатга олиб юрибман. Менга уларнинг мактаб ва оиладан ташқаридаги ҳаётига кўз-қулоқ бўлиб туриш топширилган.

Шундай деб, Кукарача чарм сумкачасидан қалин дафтар билан қалам олди.

— Ҳурматли… э-э… Кукарача, мабодо бошқа жойга келиб қолмадингизми? — деб сўради ойим.

— Йўқ, нега энди! Марр кўчаси, 2-уй, биринчи йўлак, тўртинчи қават, 8-квартира. Владимир Иванович Гуриели. Тўғрими?

— Худди ўзи! Лекин эрим райкомнинг биринчи секретари. Оиламизнинг милицияга бирон бир боғлиқ жойи йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. Токи мен тирик эканман, ўғлимнинг тарбиясига бировнинг аралашишига ҳам зарурат йўқ! — ойимнинг юзини қизил доғ қоплади. — Сизга маслаҳатим шуки, бамаъни оилаларнинг эшигини тақиллатиб юргунча, безори ва ўғриларга кўз-қулоқ бўлинг. Ҳа!

— Унақа деманг, ҳурматли Анико! — хотиржам жавоб берди Кукарача ва дафтарни ёпди.

— Нима деяётганимни ўзим яхши биламан! Ўғлим ҳали ўн иккига ҳам тўлгани йўқ. Хатга туширишнинг нима кераги бор?

— Унақа деманг, ҳурматли Анико! — такрорлади лейтенант.

— Тўтига ўхшаб, «унақа деманг», «унақа деманг»! дейишни қаёқдан ўргана  қолдингиз ўзи?! Илтимос, бунақа ишлар билан иккинчи бошимни қотирманг! — ойим ўрнидан турди. Лейтенант ҳам қўзғалди.

— Илойим, менга ишингиз тушмасин… Аммо-лекин, очиғини айтишим керак, ўғлингиз тенги пайтимда яшириқча папирос чекканман, кварталимиздаги болалар билан қарта ўйнаганман, ҳатто билагимга нина билан гул ҳам солиб ташлашган! Мана! — Кукарача енгини шимариб кўрсатди.

— Безовта бўлманг! Ўз-ўзидан кўриниб турипти! — ойим уни яна калака қилди.

— Нима ҳожати бор, ҳурматли Анико! Сиз билан уришгани келганим йўқ уйингизга…

— Ҳа, яхши, яхши. Омон бўлинг! — деди ойим паст тушмай.

— Хайр! — Кукарача эшикка қараб юрди. Мен йўлакда ҳамма гапни эшитиб турган эдим. Ойимнинг бунақа дағаллик қилганини ҳеч қачон кўрмагандим. Ёнимдан ўтаётиб Кукарача тўхтади, юзимни силаб:

— Исминг нима? — деб сўради.

— Тамаз! — дедим мен қўрслик билан ва ўзимни орқага ташладим.

— Раҳмат, қўлимни тишлавомадинг! — деб жилмайди Кукарача ва эшикни аста ёпиб чиқиб кетди.

— Сурбет! — деб қичқирди ойим унинг орқасидан.

Кукарача уйимизга келиб кетганидан кейин орадан бир ойча вақт ўтгач, бошқа бир воқеа юз берди.

Биз Варазисхеви кўчасидан Вэри соҳилига тушдик, ҳайвонот боғининг деворидан ошиб ўтиб, каттакон ёнғоқ дарахтининг ёнига келиб қолдик.

— Бўла қолинглар! — деб пичирлади Кучико елкасини тутиб. — Бир қўйин-бир қўйиндан ёнғоқ оламиз.

Мен унинг елкасига чиқиб, эгилиб турган бир шохга осилдим-да, ундан дарахт тепасига ўрмаладим. Кетимдан Дуду, Костя-грек, Ирача ва ниҳоят, Кучиконинг ўзи ҳам ёнғоққа чирмашди.

Овоз чиқазмай, тез ишга киришиб кетдик. Ўн беш минутда қўйинларимиз ёнғоққа тўлди.

— Бўлди! Тушдик! — деб буюрди Кучико.

Апил-тапил пастга тушиб, девордан аранг ошиб ўтдик ва соҳил ёқалаб олдинма-кетин юқорига қараб йўрғаладик.

— Тўхтанглар! Келдик! — деб буйруқ берди яна Кучико.

Биз чоғроққина бир дамба олдида тўхтадик.

— Тўкинглар!

Ҳаммамиз қўйнимизни бўшатдик. Ўмарган ёнғоғимиз бир уюм бўлди.

— Бошладик!

Ҳар биттамиз иккитадан силлиқ тошни ушлаб олиб, жон-жаҳдимиз билан ёнғоқ чақишга тушдик. Ҳар урганимизда пўстлоғидан сув сачрайвериб, ҳаш-паш дегунча юз-қўлларимиз қоп-қорайиб кетди.

— Бўлди! Ташладик! — деди Кучико.

Бўтқа бўлиб кетган ёнғоқни йиғиштириб олиб, сувга ташладик-да, нафасимизни ичимизга ютиб кута бошладик.

Бир минут ўтди, икки минут ўтди… Беш минут ўтди… Ва ниҳоят, сув сатҳида заҳарланиб тўнкарилиб қолган битта балиқнинг оппоқ қорни кўринди. Сал ўтмай яна  икки-учтаси пайдо бўлди. Орадан бир неча минут ўтгач, балиқ деганингиз бодроқ бўлиб кетди. Натижа кутганимиздан ҳам зиёда эди. Эҳтиёткорликни ҳам унутиб, бараварига ўзимизни сувга отдик ва қий-чувлашиб чалажон балиқлари тера бошладик.

— Ушла, ушла!

— Бу меники!

— Қорнидан ушла!

— Қойил, Кучико!

— Ким ўргатди сенга!

— Ўзим ўйлаб топдим!

— Оббо сен-эй!

Шодон қийқириқларимиз ярим соатча давом этди. Ниҳоят ҳамма балиқларни териб бўлгач, обдан тинкамиз куриб, шалаббо аҳволда қирғоққа чиқдигу таппа-таппа чўзилиб қолдик. Кейин Кучико балиқларни ҳаммамизга баравар тақсимлади, кетидан: мабодо биров балиқни қаердан олдинг, деб сўраса, қармоқ билан тутдим, дейсанлар, деб огоҳлантириб ҳам қўйди.

Ҳаммамиз мағрур ва мамнун бир кайфиятда уй-уйимизга тарқалдик.

Ойим мени юз-қўлларим қоп-қора, уст-бошим жиққа ҳўл, қўйним тўла балиқ, исқирт бир аҳволда кўриб, қўрқиб кетди.

— Нима бало қилдинг?! Афт-башарангни қара! Балиқни қаёқдан олдинг?..

— Дарёдан тутдик… Ҳаммасини ўзим қармоқ билан тутдим!

Ойим балиқларни ташлаб юбормоқчи ҳам бўлди, лекин мен роса ялиниб-ёлвордим. Шундан сўнг ойим уларни тозалаб, унга белади-да, кунгабоқар мойига жазиллатиб қовурди. Пишган балиқдан ўзи ҳам татиб кўрди-ю: «Ие, ширин-ку!» — дея ликопчани олдимга суриб қўйди.

— Ол!

Сўнгги балиқни еб турганимда бирдан қўнғироқ жиринглаб қолди. Ойим эшикни очди. Қўлида ғаров қармоқ, жилмайганча Кукарача кириб келди.

— Салом, ҳурматли Анико! Мумкинми? — деди у тавозе билан.

— Кираверинг! — ойим бу гал анча юмшоқ муомала қилди, кейин думалоқ стол ёнига бориб ўтирди.

Кукарача қармоқни деворга суяб қўйди-да, чарм сумкачасидан қизил муқовали китобча олиб, ойимнинг рўпарасига ўтирди.

— Хўш, эшитаман, ҳурматли Кукарача? Анови ғаровингиз нимаси? — деб сўради ойим.

— Ҳозир тушунтираман… Ёаров — оддий қармоқ, манави китобча — Жиноят кодекси.

— Шунақа  денг…  Лекин бу нарсаларни менинг уйимга нима дахли бор?

— Қармоқ билан, маълумингизким, балиқ тутилади, Жиноят кодекси билан эса — одам тутилди…

— Менга қаранг, лейтенант, илтимос, топишмоқларингизни қўйинг!.. Очиғини айтаверинг — сизга нима керак ўзи? — деди ойим энсаси қотиб. Аммо Кукарача индамай китобчани варақлайверди. Ниҳоят, керакли жойини топиб, ойимга қаради:

— Ижозатингиз билан манави муқаддас китобда нима деб ёзилганини бир эшитиб кўрайлик… Ўтиринг, йигитча! — бирдан у менга мурожаат қилиб қолди. Кўнглим нохуш бир нарсани сезди-ю, аммо сир бой бермай, секингина стол ёнига ўтирдим. Кукарача давом этди:

— Давлат мулки қасддан нес-нобуд қилингани, яъни хом ёнғоқлар ваҳшийларча талон-тарож этилгани ҳақида ҳозирча индамайман. Нисбатан енгилроқ жиноятлардан бошлаймиз… Хўш, 175-модда… «Балиқ ва бошқа жониволарни ғайриқонуний йўл билан овлаш». Хўш… Хўш… Мана! «Портловчи ёки заҳарли моддалар ёрдамида ов қилган шахслар тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилинади…»

Кукарача китобчани ёпиб, менга қаради.

Шундагина ҳаммасига тушундим. Аъзойи баданимни совуқ тер босди. Кучико, тилингларни тийинглар, деб бекорга огоҳлантирмаган экан-да. Мен тентак балиқдан кўриб ётибман! Ер ютсин шу балиқниям! Ҳамма гап уни қандай тутишда экан! «Заҳарли модда…»

Мен ойимга қарадим. У ранги қув ўчганча ўтирар, нигоҳини мендан узмасди. Чидаёлмай, бошимни эгдим.

— Хўш, нима қилишим керак энди? — деди Кукарача. — Балиқларни мусодара қилишнинг иложи йўқ. Жиноятчи оғзини артиб бўпти…

Ойим шартта ўрнидан турди-да, биттагина балиқ қолган ликопчани Кукарачанинг олдига келтириб қўйди.

— Мана, марҳамат! Мебеллар билан пианинони мусодара қилмассиз ҳарҳолда. Ёнғоқ масаласига келсак, арчилган ёнғоқ билан тўлайман… Совет Иттифоқида балиқ овлаган одам жазога тортилишини билмас эканман!

— Унақа эмас, ҳурматли Анико! Портловчи ёки заҳарли моддалар ёрдамида балиқ овлаганлар жазоланади! Қармоқ билан бўлса — марҳамат, хоҳлаганингизча тутаверинг!

— Сизлар нима билан тутгандинглар? — деб сўраб қолди ойим мендан. Миқ этмадим.

— Улар сувга янчилган хом ёнғоқ ташлаб, анча-мунча балиқни қириб ташлашган.

Ойим ёнимга келиб, иягимдан ушлади.

— Ростми шу гап?

Мен бош ирғадим. Ойим қулоғимдан ушлаб шундоқ бурадики, чинқириб юборишимга сал қолди. Кукарачадан уялганимдан тишимни тишимга босдим.

— Албатта, рост! — деди Кукарача. — Ўз кўзим билан кўрдим!

— Қўйинг-э! — ойим хафа бўлди. — Кўриб, индамай туравердингизми? Энди келиб насиҳат қилганингиз нимаси?

— Ўлай агар, Анна Ивановна, бунақа нарсани, яъни хом ёнғоқ билан балиқ тутишни биринчи кўришим эди! Маҳлиё бўлиб қолибман! Кейин вақт ўтган эди… Энг ёмони — дарёнинг этак томонида жуда кўп майда балиқлар нобуд бўлган! Бу машмашада ўғлингиз билан баб-баравар гуноҳкорман. Мени ҳам қулоғимдан чўзинг! — шундай деб, у ойимга қулоғини тутди.

— Тентаквой! — деди ойим жилмайиб ва ошхонага чиқиб кетди.

— Хўш, тушундингми энди? — дея мурожаат қилди менга Кукарача. — Сенга қармоқ олиб келдим. Бундан кейин, балиқ овига борганларингда мени ҳам олиб кетинглар. Агар хоҳласанг, иккаламиз борамиз. Чувалчангни ўша ердан топамиз, ҳайвонот боғида тиқилиб ётипти. Аслида бу балиқ пашшага кўпроқ илинади. Шунақа! — У ўрнидан турди, китобчасини сумкага солиб, ойимни чақирди: — Анна Ивановна, қолган балиқни мусодара қилишга арзимайди, яхшиси, еб қўя қоламан! Бир стакан вино ҳам берсангиз зўр бўларди! Нимага деганда, бу жиноятга шерик сифатида ўзим жавоб беришимга тўғри келади!

Ойим шу заҳоти бир шиша вино билан стакан опчиқиб, Кукарачани столга таклиф этди. Ўзи ҳам иягини иккала кафтига тираганча унинг рўпарасига ўтириб олди.

— Нон-чи?

— Раҳмат, кераги йўқ… — Кукарача балиқни думидан ушлаб, бутунича оғзига солди. — Оҳ-оҳ! Ажойиб балиқ! — Сўнг стаканга вино қуйиб, ўрнидан турди ва хотирамга бир умр михланиб қолган ушбу қадаҳ сўзларини айтди: — Қадрли Анна Ивановна! Кулимсираб вино кўтариб чиққанингизда онамга шунақаям ўхшаб кетдингизки… Онажонимни эслатганингиз учун сизга мингдан-минг раҳмат!

— Неччига кирдинг, Кукарача? — деб сўради ойим.

— Йигирма иккига.

— Уни қара-я, сендан атиги саккиз ёш катта эканман холос, тентаквой! — шундай деб, у эрта оқариб кетган сочларини силаб қўйди.

— Мени кечиринг… — Кукарача энгашиб ойимнинг қўлини ўпди. Ойим хўрсинди, синиқ бир жилмайди-да, хонадан чиқиб кетди.

Кукарача бир оз каловланиб турди, сўнг шартта бурилиб, жўнаб қолди.

[1]     В а к е — Тбилисидаги районнинг номи.

[2]     В э р е — Тбилисидаги дарёнинг номи.

[3]     Зўр йигит экансиз (груз.).

[4]     Ц х н е т и — Тбилиси яқинидаги қишлоқнинг номи.

(Давоми бор)

Рус тилидан Низом Комилов таржимаси

«Ёшлик» 1986/7

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.