Ойбек даҳоси

0
40
марта кўрилган.

Ёзувчи Одил Ёқубов — танқидчи Умарали Норматов суҳбати

 

ТАНҚИДЧИ. Октябрь инқилобидан кейинги йиллар ўзбек маданияти, адабиёти ва саньати учун ўзига хос уйғониш даври бўлди. Бу йилларда худди қадим Ренессанс вақтида бўлгани каби қомусий билим, универсал истеьдод, кўп қиррали ижод соқиблари етишиб чиқди. Шулардан бири — Ойбек. Адибнинг ўн тўққиз томлик «Мукаммал асарлар тўпламиини кўздан кечирганда унинг иқтидорига, истеъдод кўламига, ишчанлигига қойил қоласан киши. У ажойиб лирик шоир, қатор эпик поэмалар, драматик достонлар муаллифи; айни пайтда бадиий проза мастери, ўткир публицист, ҳикоя, қисса, хусусан, баркамол романлар автори; шу билан баробар, болалар адабиётининг етук намояндаси, улкан адабиётшунос олим, танқидчи, тарихчи, моҳир таржимон…

ЁЗУВЧИ. Гап фақат Ойбек истеъдодининг серқирра эканида, унинг ҳар хил адабий тур, жанрларда қалам тебратганидагина эмас. У ҳар бир соҳа, адабий тур ва жанрда аксари юксак чўққига кўтарила олган.

ТАНҚИДЧИ. Дарҳақиқат, у шеъриятда ҳам, насрда ҳам, адабиёт илмида ҳам, таржимада ҳам етук аллома! Ойбек лирикаси ҳали адабиётшуносликда тўла кашф этилган эмас. Бу соҳа — улкан бир хазина. Бизда том маънодаги реалистик интеллектуал поэзия Ойбекдан бошланган. Унинг лирикаси сиртдан тинч, босиқ-вазмин, аммо унда фикрлар, туйғулар гупуриб, қулф уриб ётади. Ойбек лирикасини тўла тушуниш, унинг бағридаги фикр, ҳис-ҳаяжонни чуқур уқиб етиш учун муайян маънода авторнинг даражасига кўтарилиш керак. Биргина «Наъматак» шеьрини эслайлик. Бу асар, адабиётшуносликда таъкидланганидек, сўз сеҳри билан қад кўтарган гўзалликнинг тенгсиз обидасидир… Қизиқ, кейинги йилларда Ойбекнинг поэтик тажрибасига қизиқиш ғоят кучайди. Ҳозирги ёшпар шеъриятида, янгича поэтик мушоҳадага мойил қаламкашларнинг изланишларида Ойбек лирикасига бориб туташадиган жиҳатлар кўп… Шоир достонлари-чи! «Уч», «Даврим жароҳати» бадиий баркамоллик томонидан бу жанрнинг ҳар қандай нодир намуналари билан беллаша олади. Мен аминманки, Ойбек ижодий мероси фақат лирика ва поэмалардан иборат бўлганида ҳам у адабиётимизнинг классиги бўлиб қолаверар эди.

Ойбек таржималари, хусусан, «Евгений Онегин» таржимаси адабиётимизда улкан воқеа бўлган. Унинг адабиётшунослик, танқидчилик соҳасидаги фаолияти, Навоий ҳаёти ва ижодига оид тадқиқотлари бир етук танқидчи, адабиётшунос умр бўйи эришиши, улгуриши қийин, кўплар учун орзу бўлган чўққидир. У ўрта мактаб ва олий ўқув юртлари учун адабиётдан бир қатор дарслик ва хрестоматиялар ҳам яратган… Аммо булар гўё йўл- йўлакай амалга оширилган ишлар. Ойбек аввало прозаик, романнавис сифатида ўзбек адабиётини бир қадам олға силжитган санъаткор. Қисқаси, Абдулла Қаҳҳор айтганидай, Ойбекнинг қирқ йиллик ижодий фаолияти тўрт юз йилга тенг келадиган фаолиятдир.

ЁЗУВЧИ. Чамаси, ижтимоий-маънавий тараққиёт, адабиёт ва санъат ривожинннг кескин бурилиш, дадил кўтарилиш паллаларида кўпинча ана шундай кўп қиррали истеъдод соҳиблари етишиб чиқади. Сиз айтган хусусиятлари билан Ойбек рус адабиёти классикларига, хусусан, янги давр реалистиқ рус адабиётининг асосчиси А. С. Пушкинга ўхшаб кетади. Ахир, биз Пушкин деганда фақат дилбар лирик шеърлар, «Мис чавандоз», «Боқчасарой фонтани», «Руслан ва Людмила» каби ўлмас поэмалар, тенгсиз шеърий роман — «Евгений Онегин» авторинигина эмас, «Борис Годунов»дек етук трагедия, «Дубровский», «Капитан қизи» сингари ажойиб повестлар, Пугачёв қўзғолони тарихига бағишланган худди бугунги ҳужжатли проза намуналарига ўхшаб кетадиган асарлар ва ўзи асос солган «Литературная газета»да эълон этилган ўз даври адабиёти ривожининг актуал масалаларига бағишланган кўплаб теран адабий-танқидий мақолалар муаллифини ҳам тушунамиз. Биласиз, Ойбекнинг Пушкинга ихлоси ниҳоятда баланд бўлган, Пушкиннинг ижодий жасорати, у яратган асарларнинг реалистик қудрати, маҳорат, санъат сирлари ҳамиша уни ўзига мафтун этган. Ойбек ҳам устоз изидан бориб, ҳам шеъриятда, ҳам насрда, ҳам таржима ва адабиётшуносликда бирдек маҳорат билан ажойиб асарлар яратганки, бу ҳол бизни қойил қолдиради.

ТАНҚИДЧИ. Ойбекнинг серқирра ижтимоий фаолияти, инсон, граждан, ташкилотчи-раҳбар, жамоат арбоби сифатидаги хислатлари ҳам ғоят ибратли. Ёзувчилар союзининг раҳбари, Фанлар академиясининг академиги, ношир сифатида қилган ишлари, фан заҳматкашлари, ижодкорларга кўрсатган ҳиммат-саховатларини айтмайсизми…

ЁЗУВЧИ. Адабиёт тарихидан маълумки, ҳар бир улкан истеъдод эгаси айни пайтда улкан шахс ҳам бўлган, унииг қалбида замонасининг жамики қувончу ташвишлари, орзу умидлари, дарду изтироблари жо бўлгаи. Ўз даврининг, халқининг жонкуяр фарзанди, чин маънодаги граждани бўлмаган ижодкор ҳеч қачон улкан адиб бўла олмайди. Улкан истеъдодларнинг ҳаммаси фақат ўз ижоди, тор профессионал Машғулотлари доирасида ўралашиб қолмай, ҳамиша катта ижтимоий ҳаёт қозонида қайнаганлар. Истеъдоднинг кўлами қанчалик катта бўлса, унинг ижтимоий манфаат доираси ҳам шунчалик кенг бўлади. Адабиётимиз тарихида Навоий, Бобурга тенглаша оладиган истеъдодлар йўқ, ҳисоб. Зотан ҳеч қайси адиб ўтмишда ижтимоий ҳаёт қозонида уларчалик қайнаган эмас. Тўғри, ижодда талант бирламчи, аммо катта ижтимоий манфаат ва фаолият улкан талант учун кенг уфқлар очади. Мени, айннқса, Ойбекнинг Улуғ Ватан уруши йилларидаги серқирра, ғоят маҳсулдор фаолияти ҳайратга солади. Ўз тажрибамдан биламан, бир йирик романни ёзиб битириш учун тўрт-беш йил вақт кетади. Қаранг, Ойбек салкам тўрт йиллик уруш даврида, ниҳоятда оғир бир шароитда «Навоий» романини битирди. «Маҳмуд Торобий» драматик достонини яратди, «Куёш қораймас» романини ёза бошлади, ўнлаб жанговар лирик шеърлар, публицистик мақолалар ёзди, Ватан уруши фронтларида, жангчилар орасида бўлиб оташин сўзлари билан уларни жасоратга чорлади, фронт хотираларини қоғозга туширди, Фанлар академиясининг академиги сифатида қизгин илмий ишлар олиб борди… Ойбекнинг сўнгги ўн йилдан ортиқроқ ҳаёти, фаолияти ҳам мислсиз жасорат намунаси! Бу табаррук зот шу йиллар давомида оғир хаста қолида «Қуёш қораймас» романини ёзиб тугатди, «Улуғ йўл», «Болалик» асарларини яратди, яна ўнлаб лирик шеърлар, поэмалар, адабий-танқидий мақолалар битди, сўнгги нафасигача янги ижодий режалар билан яшади, ишлади…

ТАНҚИДЧИ. Ойбекни яқиндан билганлар уни одамларга, ҳамкасб дўстларига ниқоятда меҳрибон, ўта кўнгилчан, сахий қалб эгаси сифатида таърифлайдилар. Бу хислат унинг ижодий фаолиятида, асарларида ҳам кўринади. Унинг шеър, достон, роман ва мақолаларида буюк қалб саховати шундоққина сезилиб туради. Айни пайтда бу меҳрибон зотда шер ҳамласи ҳам бор, унда қабоҳатларга нафрат, қаҳр-ғазаб туйғуси ҳам жуда кучли, у адолатсизликларга қарши мардона жангга кирган олим. Бу жиҳатдан унинг биргина «Танқид соҳасида ур-йиқитчиликка қарши ўт очайлик» деган мақоласини эслаш кифоя. Мақолада қаламкаш дўсти Ҳ.Олимжонни асоссиз танқидлардан қаттиқ туриб ҳимоя қилади, вульгар социологизм концепциясига қақшатқич зарба беради.

ЁЗУВЧИ. Ҳақиқий граждан адиб теварак-атрофда, жумладан, ўз соҳаси — адабиёт оламида юз берган адолатсизликни кўрганда жим туролмайди, виждони бунга йўл қўймайди. Ойбек учун ҳам бу хислат бегона эмас.

ТАНҚИДЧИ. Ойбек прозасининг, баркамол шоҳ асарлари — «Қутлуғ қон» билан «Навоий»нинг адабиётимизда тутган ўрни қандай! Бу асарлар ўзбек адабиётига қанақа янгиликлар олиб кирди!

ЁЗУВЧИ. «Қутлуғ қон» ва «Навоий» романларининг адабиётимизда тутган ўрнини белгилаш борасида муайян ишлар қилинган. Яхшиси, мен бу ерда ҳар икки асарнинг ўзимга кўрсатган таъсири ҳақида гапира қолай. Мен «Қутлуғ қон»ни ўн олти ёшимда, шу ёшдаги ҳозирги ўспиринлар мендан кулмасинлар, ўзимни йўқотар ҳолга тушиб, гоҳ қувончдан танамга сиғмай, гоҳ алам-изтироблар нчида ўзимни қўярга жой тополмай, гоҳ йиғидан ўзимни тутолмай қаттиқ ҳис-ҳаяжон ичида ўқиб чиққанман. Асар менинг мурғак қалбимни шунчалар ларзага солганки, унинг таъсирини ҳануз унутолмайман. Романдаги жамики катта-кичик персонажлар худди тирик одамлардек шундоққина ёнимда турарди, мен уларнинг, аниқроғи, асардаги яхши одамларнинг дарду ташвишлариии худди ўзимга яқин кишиларнинг ташвишлари каби қабул қилган эдим. Асар билан илк танишувда хотирда қолган чеҳралар ҳамон хаёлимда, кўнглимда…

«Кутлуғ қон» романи аллақачон дарслик ва хрестоматиялардан жой олган, бир неча ўн йиллар давомида халқимизнинг бир неча авлоди шу романни ўқиб тарбия олди. Эқтимол, уларнинг кўпи роман билан танишганда менинг қолимга тушгандирлар… Демак, асар бутун халқнинг ҳаётига, онгига сингиб кетган. Табиийки, бундай асар адабиёт ривожидагина эмас, халқнинг маънавий ҳаётида бутун бир даврни ташкил этади. «Навоий» романи билан танишувим бошқачароқ, бу ҳақда кейинроқ гапирарман.

ТАНҚИДЧИ. Дарҳақиқат, «Қутлуғ қон», шунингдек, «Навоий» романлари «Ўтган кунлар» ва «Сароб»дан кейин ўзбек прозаси ривожида янги босқични ташкил этади. Назаримда, «Ўтган кунлар», «Сароб», «Қутлуғ қон», «Навоий» яхлит ҳолда ўзбек романчилигига замин бўлган, кейинги тараққиётини, етакчи тенденцияларини белгилаб берган асарлардир. Сўнгги қирқ-эллик йил давомида ўзбек романчилиги асосан шу тўрт асар ғоявий-поэтик арсенали доирасида ривожланиб келди. Бу ҳақда ҳам кейинроқ тўхталамиз. Бу ерда мени ҳаммадан кўпроқ Ойбекнинг шоҳ асарлари «Қутлуғ қон» билан «Навоийннинг туғилишидаги адиб кўнглида кечган маънавий-руҳий, ижодий, психологик ҳолат қизиқтиради. Бу икки асар кетма-кет ва жуда қисқа муддат ичида ёзилган бўлса-да, адиб ҳар икки романга ёндош ҳолда узоқ вақт маънавий жиқатдан тайёргарлик кўрган. Чунончи, Октябрь инқилоби арафасидаги ҳаёт, зулмга қарши исён, оддий халқ онгидаги ўзгариш, уйғониш, инқилобий руҳ ҳақида битилган талай шеърлар, достонлар, 1928 йилдан Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганишга киришиш, 30-йиллар ўрталарида ёзила бошлаган илмий тадқиқотлар, Навоий сиймосини гавдалантирувчи достон ва шеърлар… Улкан реалистлар поэтик тажрибасини ўрганиш, «Евгений Онегин» таржимаси, Абдулла Қодирий ҳақидаги тадқиқот, буларнииг устига, сиёсий иқтисод фани билан бевосита шуғулланиш, марксча-леиинча адабий танқидий тафаккур билан қуролланиш — барчаси бўлғувси улкан адабий кашфиёт учун маънавий тайёргарлик, муайян репетициядан далолат беради.

Ана шу тайёргарлик жараёнидаги бир момент айниқса диққатга сазовор. Шубҳа йўқки, «Қутлуғ қон», «Навоий» романлари бўш жойда эмас, биринчи галда, миллий адабий анъаналаримиз, ўзбек реалистик насрининг илк тажрибалари, аввало, Абдулла Қодирий романлари, улкан адиб реализми сабоқлари заминида майдонга келди. Адабиётшуносликда кўпинча адабий ворислик, анъаналар бирёқлама, силлиқ, осон кўчадиган ҳодиса тарзида талқин этилади. Аслида улкан санъаткорларда устозлардан ижодйй ўрганиш ғоят мураккаб, баъзан эса кескин баҳс-мунозара тарзида кечади. Навоийнинг буюк салафларига муносабатини эсланг. У «Хамса»га қўл урар экан, ўзидан олдинги хамсанавис устозларга чуқур ҳурмат-эҳтиромини сақлагани ҳолда, улар билан қизғин баҳсга киришади. Баҳс пайтида ўз «Хамса»си, унииг етакчи қаҳрмонлари ҳақидаги концепцияларини баён этади… Шундай диалектик ижодий-руқий жараённи Ойбекнинг Қодирийга муносабатида ҳам кўриш мумкин. Ойбекнинг «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» тадқиқоти 1936 йили — айни «Қутлуғ қон» ва «Навоий» асарига ҳозирлик кўриш пайтида майдонга келган. Тадқиқотда Абдулла Қодирий ижодининг, романларининг бир талай фазилатлари, адиб реализмининг ўзига хос хусусиятлари катта билимдонлик, нозик дид билан инкишоф этилган. Айии пайтда адиб кўп ўринларда Қодирий билан жиддий баҳс олиб боради. Тадқиқотчининг танқидий мулоҳазаларига синчиклаб қарасангиз, улардан кузатилган асосий мақсад Қодирий романларининг камчиликларини «очиб ташлаш» эмас, кўпроқ адибнинг ўз ижодий принциплари, концепцияларини белгилашга интилишдан иборат эканлигини сезиб турасиз; гўё ёзувчи Қодирий романларига, реализмига хос бир қатор хусусиятларни танқид қилиш билаи ўзининг бўлғувси романларига хос ижодий принципларини баён этади; тадқиқотдаги тарихий роман, романда тарихий шахслар ва тарихий ҳодисалар муносабати, социал типлар, социал типларнинг шароит билан алоқаси, ижтимоий-синфий конфликтлар ифодаси, оддий меҳнаткаш халқ вакилларининг асардаги ўрни, бадиий талқини билан боғлиқ қатор мулоҳазалар кейинчалик «Қутлуғ қон» ва «Навоий» романларида авторнинг ўзи амал қилган принциплар бўлиб қолди.

ЁЗУВЧИ. Кузатиш ва мулоҳазаларингиз тўғри. Умуман, улкан санъаткорлар ўзларидан олдин ижод этган ёки ўзларига замондош адибларнинг шакл, услуб, тил бобидаги тажрибаларини, изланишларини ҳеч қачон тўлиқ қабул қилган эмаслар. Адабиётдан узоқроқ баъзи кимсалар учун Толстойнинг Шекспирга салбий муносабати, Тургенев асарларини ёқтирмагани ёхуд. Достоевскийни тўлиқ қабул этмагани эриш, ғалати туюлиши мумкин. Аслида бунда ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ. Улкан адиблар орасидаги баҳс-мунозараларга дуч келганда, буни қандайдир бир-бирини кўролмаслик ёхуд ҳасадгўйлик деб билмаслик лозим. Бу хилдаги баҳслар, зиддиятли қарашлар улкан санъаткорлардаги ижодий принципларнинг ўзига хослиги туфайли келиб чиқадиган ҳолдир.

ТАНҚИДЧИ. Шуниси ҳам борки, Ойбек амалий фаолиятда, хусусан, «Навоий» асарида Қодирий романлари муносабати билан айтган баъзи танқидий қарашларидан хиёл чекинади. Масалан, адиб «Ўтган кунлар»да Отабек, Юсуфбек ҳожи сингари савдогар табақа намояндалари ўзларида социал кучнинг хусусиятларини атрофлича тўла ёритиб бермаганини айтади, улар асарда савдогарлар табақаси моҳиятини ташувчи шахслар эмас, балки ўз даври учун нисбатан прогрессив қарашларни акс эттирувчи кишилар эканлигини етарли ҳисобга олмайди. Ёзувчи «Қутлуғ қон» романида айни шу ўзи илгари сурган концепцияга тўла риоя қилади, ундаги ҳар бир қаҳрамон, персонаж муайян табақа, социал кучнинг моҳиятини ташувчи хусусиятларга эга, уларнинг ҳар бири бевосита социал тип, ё эзувчи — эксплуататор ёки эзилувчи — меқнаткаш ишчи-деққон синфи вакили… «Навоий» романида эса ўзгачароқ манзарага дуч келамиз. Ҳаётий ҳақиқат, мавзу- материал, асарнинг ғоявий-бадиий проблематикаси, бадиий ният характеридан келиб чиққан ҳолда адиб қаҳрамонлар танлаш ва уларнинг талқиннда энди муайян даражада Қодирий тажрибасига таянади, қаҳрамонларнинг ижтимоий келиб чиқиши, мавқеи билан уларнинг ирода йўналиши, асарда тутган ўрни, кураш-интилишлари ифодасида, В. Белинский айтган анохронизм, бадиий ниятга кўра тарихий ҳодисаларни «ўзгартириб кўрсатиш» принципидан ҳам фойдаланади. Чунончи, Навоий ижтимоий мавқеи жиҳатидан катта мулк эгаси, саройда улкан мансабларни эгаллаган, бош вазир, бек лавозимларига кўтарилган одам. Ойбек Навоий ҳақидаги тадқиқотларида бу ҳолатни алоҳида таъкидлаб ўтади, аммо ёзувчи романда Навоий ҳаёти билан боғлиқ бу жиҳатларни атайин четлаб ўтади. Навоий образида катта мулкдорга, мансабдорга хос социал хусусиятларни очишга асло уринмайди, уни асосан халқпарвар, эркпарвар, адолатпарвар гуманист аллома сифатида талқин этади; саройдаги яна айрим илғор тарихий шахслар ҳам шу тарзда берилган. Шу жиҳатдан қараганда шахсан менга «Ўтган кунлар»даги Юсуфбек ҳожи Навоий образининг поэтик модели бўлиб туюлади. Юсуфбек ҳожини қийнаган кўп ҳаётий жумбоқлар, ўзаро урушларга, беҳуда қон тўкишларга қарши туриш, мансабдорларни адолатга, инсофга ундаш, халқнинг бирлиги, осойиши, фаровонлиги учун кураш, ақл-идрок тантанасига ишонч — булар кейинчалик Навоий образида ҳаётий фактлар асосида янги куч билан кенг масштабда намоён бўлди.

Шу тариқа «Ўтган кунлар» ва «Меҳробдан чаён»нинг таъсири, ҳар икки роман тажрибаларидан ижодий ўрганиш, уларни ижодий ривожлантириш самараси бўлган ўринлар «Навоий» асарида бир талай. Дўстга садоқатли, фидойи Султонмурод «Меҳробдан чаён»даги Султоналини эслатади, Дилдор билан Арслонқулнинг севги саргузаштлари, Дилдорни ҳарамдан қутқариш, саройдаги муҳит, хилма-хил интригалар ифодасида ҳам Қодирийга бориб туташадиган ўринлар йўқ эмас.

ЁЗУВЧИ. Адабиёт ривожида ғалати қонуниятлар бор. Гарчи улкан санъаткорлар орасида қизғин баҳслар кетса-да, ҳар бир ижодкор ўз принципларига амал қилиб ўз йўлидан боришга ҳаракат қилса-да, у ўзгалар тажрибасини баъзан онгли равишда, баъзан эса беихтиёр тарзда қандайдир даражада ўзлаштиради. Сиз «Навоий» билан Қодирий романлари орасида параллеллар мавжудлигини айтяпсиз. Дарқақиқат, бу романлар орасида мавзу, материал, ҳаётий проблематика, қаҳрамон ва конфликт жиҳатидан муштаракликлар кўп. Агар синчиклаб ўрганилса, Сиз Қодирий принципларидан кескин фарқ қиладиган асар санаган «Қутлуғ қон»да ҳам, хусусан, унинг поэтикаси, айрим сюжет линияларида «Ўтган кунлар»ни эслатадиган ўринларни топиш мумкин. Масалан, Йўлчининг ўғирланган Гулнорни қутқариш воқеаси «Ўтган кунлар»даги Отабекнинг Кумушбиби шаънини ҳимоя қилиш учун Ҳомид билан олиб борган жанг-тўқнашувини эсга солмайдими!! Демак, Ойбек улкан санъаткор сифатида Қодирий билан тортишган-баҳслашган, ўз прииципларини тайин этиб ижодда ўз йўлидан борган бўлса-да, устоз романларидан, шубҳасиз, таъсирланган, нжодий ўрганган.

ТАНҚИДЧИ. Адабиётдаги чинакам новаторона кашфиётлар шу тариқа традициялар билан мураккаб диалектик алоқада майдонга келади. «Қутлуғ қон» ва «Навоий» адабиётимизда чинакам оригинал бадиий кашфиёт, улкан новаторона ҳодиса бўлди. Ойбекнинг энг буюк адабий хизмати, новаторлиги шундан иборатки, у бутун бир халқнинг тимсоли бўла оладиган, халқ тарихининг энг муҳим палласи ҳақида тасаввур берадиган, халқнинг тақдири, савия-даражаси, орзу интилишларини ўзида акс эттирадиган ўлмас образлар яратди; адиб даҳоси маҳсули бўлган Йўлчи ва Навоий образлари, Сиз айтгандай, аллақачон халқнинг қалби тўридан жой олган, мангу ўлмас сиймолар сифатида унинг онгига, маънавий ҳаётига сингиб кетган.

Ойбек санъатининг сеҳри шундаки, у оддий меҳнаткаш деҳқон йигити Йўлчини ҳам, тарихда ўтган буюк зот Навоийни ҳам бирдек давр қаҳрамони, халқ руҳияти ифодачилари, халқнинг фахри даражасига кўтара олди.

Давоми бор

 

“Ёшлик” 1985/1

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.