Мукофот мақтаниш учун эмас!

2
327
марта кўрилган.

2017 йил мен учун бир умр эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Айниқса, 7 декабр! Бу – ҳаёт ўйлаганимиздан кўра гўзалроқлигини, ундан рози бўлиб яшасак, яхшилик ахтарсак, яхшиликларнинг ўзи бизни қидириб келишини янада чуқурроқ англаган куним бўлди.

Ўша куни бир гуруҳ фахрийлар, юртнинг корига яраган зиёли инсонлар сафида мукофотланганларнинг энг ёш вакили сифатида турарканман, ҳушёр тортдим. Ўзимга саволларим кўпайди. Шу чоққача қайси йўлларни босиб ўтдим-у, бундан кейин кўзлаган манзилим қаерда?! Йўлда майда тошлар чиқса, шамолу бўронлар кучайса, чекинмай олға юришга саботим етадими, ишончни оқлай оламанми, каби иккиланишларимга ичимдан “ҳа” деган овоз кела бошлади. Президентимиз ўз қўллари билан кўксимга “Шуҳрат” медалини тақар эканлар, кўзёшларимни тутиб туролмадим. Бу севинч, розилик, шукроналик кўзёшлари эди, албатта. Мен бу мукофотни нафақат ўзимга, балки барча ёшларга, ёш ижодкорларга берилган мукофот деб қабул қилдим.

Маросим жуда самимий руҳда кечди. Президентимиз ҳаммамизни олийжаноблик ва алоҳида меҳр-эътибор билан тақдирладилар.

Аслида, шоир учун Яратган берган сўздан, У ато этган илҳомдан олийроқ мукофот йўқ. Ҳар бир Ўзбекистон фарзанди учун шундай тинч ва осуда Ватанда туғилиб, ўсишдан кўра юксак унвон йўқ. Шуни яхши англаб турибман, Президентимиз биз ёшларга бундай катта мукофотларни мақтаниб юришимиз учун эмас, ҳар биримиз ўз соҳамизда улкан янгиликлар яратишимиз, бу машаққатли йўлда тинимсиз меҳнат қилишимиз учун куч, далда сифатида берди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу йиғилишдаги ҳамда Конституциямизнинг 25 йиллик тантаналарига бағишланган байрам тадбиридаги нутқларини тингларканман, энг ривожланган давлатлар қаторидан албатта ўрин олишимизга умидим ва ишончим янада ортди. Фақат барчамиз якдил, энг муҳими, ўзимизга, бугунимиз ва келажагимизга қаттиқ ишониб, астойдил ҳаракат қилсаккина, эзгу мақсадимизга албатта етамиз. Зеро, Президентимиз ўз маърузасида таъкидлаганидек: “Буюк келажагимиз бугундан бошланади!”

 

Меҳриноз АББОСОВА,

шоира, “Шуҳрат” медали соҳибаси

2 Мулоҳаза

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.