Омад келса, қўша келади деганлари рост экан

0
229
марта кўрилган.

2017 йил мен учун омадли, бахтли ва сермазмун бўлди. Шу вақтга қадар ҳикоя ва таржималарим анча йиғилиб қолганди, йил давомида уларни китоб ҳолига келтириш ва нашриётларга тақдим этиш билан машғул бўлдим.

Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Биринчи китобим” рукнида “Ёнингдаги бахт” номли ҳикоялар тўпламим чоп этилди. Омад келса, қўша келади, деганлари рост экан. Биринчи китобимдан сўнг “Ўзбекистон” нашриёти томонидан “Жодугар ёхуд минг йиллик ҳаёт” номли қиссам ҳамда “Ўқитувчи” нашриётидан “Дунёдаги энг бахтли одам” номли таржима ҳикоялар тўпламим нашр этилди. 

Йил бошида халқаро миқёсдаги Open Eurasian Book Forum & Literature Festival танловига бир қиссамни тақдим этгандим. Куз фаслида сараланган ижодкорлар қаторида борлигимни кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Сабаби, бир неча йиллардан буён танловда қатнашиб, финалгача етиб бормаган эдим-да. Меҳнатларингиз самарасини кўриш, халқаро ҳайъат аъзолари томонидан эътиборга тушиш – жорий йилнинг мен учун унутилмас кечишига яна бир сабаб бўлди.

Йил якунига етаётган кунларда эса, «Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи мукофоти» совриндори бўлдим. Наср йўналиши бўйича «Йилнинг энг яхши ёш ижодкори», номинациясида ғолиб деб топилдим. 

Шахсий ҳаётга келсак, шу йилнинг баҳорида учинчи фарзандим туғилди – оналик саодатини янада теранроқ англадим. Яратган эгам менга шундай бахт берганига шукурлар айтаман. Ҳозирда фарзандларим тарбияси билан бандман. Аммо ижоддан сира чекинганим йўқ. Қайтага, келгусида бажаришим, ёзишим ва таржима қилишим керак бўлган ишларни режалаштириб, айримларига киришиб ҳам кетдим. Масалан, йиғилиб қолган қисқа ҳикоялар тўпламимни ўқувчиларга тақдим этиш, жаҳон адабиётидан янги муаллифлар асарларини таржима қилиш ўйи сира тинчлик бермаяпти.

Янги 2018 йил барча устозларим ва тенгдошларим учун ижодий зафарларга, ютуқларга бой бўлишини тилайман. Яна бир гап, “Ёшлик”да дийдорлашиш насиб этсин. Ҳар биримизнинг, жумладан, “Ёшлик” ўқувчиларининг хонадонида ҳам доимо ёруғ кунлар бўлсин!

 

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА,

ёш ёзувчи

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.