Тўйдан сўнгги томоша

0
75
марта кўрилган.

Қайнона ва келин муаммоси неча минг йиллардан буён ҳаётимиздаги суратларга “рамка” бўлиб турибди. Бу можароли мавзунинг ҳам якуни бормикан? Турмуш қурган қайси қиз билан суҳбатлашмай, озгина бўлса-да, унинг ҳам бу мавзуга бегона эмаслигининг гувоҳи бўламан.

Автобус бекатида узоқ туриб қолдим.

– Нечинчи автобусни кутяпсиз? – ширингина овоз орқамдан эшитилди. Орқага ўгирилдим. 20-21 ёшлар чамаси чиройли бир қиз кулиб турганди. Автобус келгунча у билан узоқ гаплашиб турдим. Дилимиз дилимизга тўғри келди шекилли, анча чиқишиб қолдик. Исми Гулзода экан.Ўзи ҳам гуллар каби нафис ва латофатли қиз экан. Ёшимиз ҳам бир экан, унинг устига ота-оналаримиз ҳам бир вилоятдан чиқиб қолди. Суҳбат чоғида ҳаётини гапира кетди. Кулиб гап бошладию, кейин маъюсланиб қолди. Автобус ҳам келди ва унинг энг охирги ўриндиғини эгалладик. Ҳикояни эса давом эттирди.

– Яқинда одатдагидек ўқишга отландим. Дарс бошланишига бир оз вақт борлиги сабабли гуруҳ қизлари орасида айнан қайнона ва келин мавзуси ҳақида кичик суҳбат бошланди. Қизлар орасида турмушга чиққанлари бўлганлиги боис уларнинг ҳаётидаги воқеалар бизни қизиқтирарди. Энг қизиғи эса суҳбатимизга оилали, фарзандли ва асосийси қайнонали ўқитувчимиз қўшилди. Айтилган воқеаларни эшитиб бир оз ажабланди-да, уларнинг фикрини бутунлай аксини айтди.

– Мен ҳам, турмуш ўртоғим ҳам асли Фарғонаданмиз. Қайнонам бўлса “золотой”, – деди.

Уларнинг ҳикояларини дарс қўнғироғи бузди. Мавзуга нуқта қўйиб дарсни бошладик. Менинг хаёлим эса ҳамон ўша мавзуда қотиб қолаверди. Узоқ ўйлаб қолдим. Қайнона ва келин муаммоси: Тошкентдами ёки тошкентликларда?!

Ўзим Тошкентда туғилганман. Ота-онам эса вилоятдан. Ёшлигимда отамни эрта йўқотганим боис онам­нинг ёнига қўшилиб, ҳаётни эртароқ англадим. Онам бизнинг олий маълумотли бўлишимизни жуда ҳам истарди ва бунга қўлидан келганча ҳаракат қилди. Оилада мен тўнғич фарзандман. Ўзим истаган олий ўқув юртига грант асосида қабул қилиндим. Дунёда мендан бахтли инсон йўқ эди. Биринчи босқични тамомламасимданоқ уйимизга совчилар кела бошлади. Онам ҳали ёш, ўқиши бор, узатмайман деганларига ҳам қарамай уларнинг кети узилмасди. Ёз ойларининг бирида уйга қўнғироқ бўлиб, яна совчилар келди. Уларнинг айтишича мени бўлажак қайнотам топган экан. У деб, бу деб ўғли билан учрашувга чиқишга кўндириб кетишди. Биринчи учрашув одатдагидек ўтди.

Иккинчи учрашувда эса бўлажак куёвнинг ўзи тўйга розилигини менга айтди.

– Мен-чи, мен ҳали фикримни айтмадим-ку, – десам:

– Мен рози бўлсам бўлди-да, сеникини нима қиламан,   – деди.

Фотиҳа тўйимиз ҳам бўлди.Тўйга тайёргарликлар авжида.

Мен эса ҳаётимда бир кун бўладиган бетакрор кечамга чиройли кўйлак кийиш ва уни қаердан танлаш хаёли билан банд эдим.

Ҳаммаси шундан бошланди. Қайнонам айтган жойдаги кўйлакни кийиб кўрдим, лекин у менга ёқмади. Турмуш ўртоғим эса:

– Ҳаётингда бу кун бир марта бўлади, ўзинг истаган ва ўзингга ёққанини кий, – деди.

Ана шу кўйлакни ҳам топдим. Уни тўй кунига банд қилдик. Орада эса қайнонам онамга қўнғироқ қилиб, менинг ўжарлигиму қайсарлигимдан арз қилибдилар.

Тошкентда қиз узатиш ҳам катта машмаша экан. Унинг ортиқча сарф-харажатларини-ку айтмаса ҳам бў­лади. Бу сарпо-суруғ деганлари одамнинг тинкасини қу­ритди. Қайнона ва қайнотам ҳам асли тошкентлик эмас, лекин нима учундир тўйнинг урф-одатларини тошкентча қиламиз деб туриб олган эди.

Онам ёлғиз бўлганлиги сабабли ортиқча харажат­ларнинг кераги йўқлигини ва бунга ҳаракат ҳам қил­мас­ликларини айтдим. Чунки улар тошкентча тўй деган­лари билан келинга қилган сарполари фақат битта ки­йим-бош эди. Гап кийимда ҳам эмас, бироқ саломга яра­ша алик деганларидек, ортиқча мулозаматнинг кераги йўқ эди. Кийимларимни эса тўйдан кейин ҳам ўзим секин-секин олавердим.

Нима бўлганда ҳам янги келин деб ҳамманинг кўзи сизда бўлар экан. Бир кўзи сизда, бири эса эгнингизда.

Домдан ҳовлига тушган келиннинг рўзғорга мослашиши қийин бўлади дейишади. Аксинча, мен тез кўникиб кетдим. Ўқишимни ҳам йўлга қўйиб олдим. Олдимга қўйган мақсадларим бутунлай ўзгарди. Энди оилалиман. Унинг устига талабаман. Турмушга чиққанимда университетнинг 2-босқичида ўқиб юрардим. Ўша кунларда жудаям  бахтли эдим… Токи қўлимга стипендия теккунча…

Воқеани бошлашдан аввал сизга ҳам бир савол бермоқчиман. Талаба учун бир ойга базўр етадиган стипендия бир оила учун қандай етиши мумкин?

– Тўғри, – дея, ўзим ҳам анча ўйланиб қолдим.

Бу саволни мен ўзимга жуда кўп маротаба берганман. Мени шу муаммо ўйлантирарди. Бошида пулни қайнонамга бермоқчи бўлдим, бироқ мен ҳам ёш келинман. Юқорида айтганимдек кийингим, кўчадан бирон нима олиб егим келарди. Ўқишимдан, эҳтиёжларимдан ортганини йиғиб қўярдим.

Кунлардан бир кун қайнонам стипендиямни беришимни сўради.

– Нима қиласиз стипендиямни, ўзимдан ортмайди-ку, ортса ҳам йиғиб қўяяпман, лекин озгина йиққаним нима ҳам бўларди? – дедим.

Қайноналарга хос тавозе билан қошларини чимириб, қайнингизни (эримнинг укасини) уйлантирамиз, опангизга (эримнинг синглиси, унинг ёши меникидан катта)  бешик қиламиз, деди.

Ҳайратдан ёқа ушладим. Наҳотки, оилада ишлаётган тўрт кишининг маоши ҳам бунга камлик қилса, етмаса?

Турмуш ўртоғим тунги навбатчилик учун ишга кетди. Одатдагидек идишларни йиғиб дарс қилиш учун хонамга кираётганимда қайнонам яна шу мавзуда гап очди. Бир нарсага ҳеч тушунмасдим: уларнинг машмашаси эрим ишга кетгандан сўнг бошланар эди.

– Шу пуллар уйингизга кетса норозиман, – деб дабдурустдан гап бошладилар. Ҳайрон қолганим – қайнотам бу жанжални кузатиб бурчакда жимгина ўтирарди. Орада анча куракда турмайдиган ҳақоратларни эшитдим. Охири чидолмадим. Турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилиб бор гапни айтиб бердим. У эса қайнонамга телефон қилиб вазиятни юмшатишга уринди.

Турмуш ўртоғим яхши одам. Мени ўқишда ҳам, ишда ҳам қўллаб-қувватлайди. Ҳамма вақт мени тушунишга ҳаракат қилади.

Юрагимга энг оғир ботган нуқта қайнонамнинг кўзимга қараб, “сени стипендиянг учун келин қилганман”, дегани бўлди. Чиндан ҳам келин бюджетда ўқиса, шартнома пулини тўламаса, унинг устига стипендия… Ҳаммасини ке­йин тушуниб етдим. Қайнонам ва қайнотам жуда пухта иш қилишган экан, жуда узоқни ўйлаб келин қидиришганини тушундим. Қайнотам ҳам эркак киши бўлатуриб бу вазиятни жимгина кузатиб ўтираверди.

Ота меҳрига тўймаганим боис уни жуда соғинардим, ҳар куни кутардим. Қайнотам отамдек, қайнонам эса онамдек бўлади деб жуда ҳам истагандим. Айниқса қайнотамга отамдек қарардим. Ҳомиладорлигим сабаб жанжалларни кўтара олмадим. Онам ва турмуш ўртоғим ҳам уйга келиб, ҳаммаси гаплашиб  олишди.

Қайнонамнинг бир одати ёмон. Оғзига келган гапни гапираверади, ўзи нима гапираётганининг маъносига тушунмайди. Ҳеч кимга гап бермайди. Фақат ўзиникини маъқуллайди. Айтадиган гапини айтиб қўйиб, қилар ишни қилиб уйнинг бурчагига киради-да, тасбеҳини ташлаб ўтираверади. Онамга қилган муомаласини эшитиб, унинг устига жанжал туфайли ўзимни тутиб туролмадим. Уч маротаба ҳушимни йўқотдим. Ўша вақтда отамдек деб юрган қайнотам бу артистлик қиляпти, деб мени жон-жаҳди билан силтаб ташлади. Ҳаммаси эсимда. Бу кунларни ҳеч қачон унута олмасам керак.

Агар отам ҳаёт бўлганида, менга бундай муносабат­да бўлишмас эди. Ҳаммаси бойликнинг, пулнинг қудратидан эканлигини кейин тушуниб етдим.

Бу вазиятда онам мени қолдириб кетолмасди. Эримнинг ўзи бизни уйга ташлаб қўйди. Уни ҳам тушунаман: икки ўт орасида қолган эди.

Онамнинг уйидан ўқишимга қатнаб юрдим. Кунларнинг бирида не кўз билан кўрай, университетга қайнотам кириб келяпти. Менга айтган гапларини эшитиб, ер ёрилса кириб кетган бўлардим.

Мен ҳар ойлик стипендиямни қайнонамга олиб бориб берар эканман, улар эса қайнонамга билдирмай менга ўша пулни бериб турар эмишлар. Бу ҳам тўйдан олдин тузилган режалардан бирига ўхшаш режа эканлигини дарров англадим.

Қайнотамнинг ўзи ойлигини қайнонамга берса, кунлик пулини улардан олса, яна қандай қилиб менга пулни тўғирлаб бериши мумкин? Жаҳлим чиқиб, ўша менга ваъда қилаётган пулингизни ойижонга олиб бориб беринг, дедим.

Орадан озгина вақт ўтди. Қиш бўлганлиги боис кун­лар анча совуқ эди. Эримнинг қистови, унинг устига ҳомиладорлигим сабабли уйга қайтдим.

Афсуски, жанжаллар давом этаверди. Арзимаган нарсалардан жанжал чиқараверишди. Уларни айтишга тил ҳам бормайди. Энг ачинарлиси, кутилмаганда орада ҳомиламдан айрилдим. Бу ҳам уларга сабоқ бўлмади.

Яқинда тўйимиз бўлганига бир ярим йил бўлади. Аллоҳ насиб қилса яқин кунларда фарзандли бўламиз. Ўзим эса 3-босқичда ўқияпман. Ҳали ҳам стипендия мавзуси тугамаган. Мен эса ҳаммасидан чарчадим.  Турмуш ўртоғим ва яқинда туғилажак фарзандим учун барига кўз юмиб, чидаб келяпман.

Уйдагилар ёзларга чиқиб овсин туширишни ният қи­лишган. Келин қидиришяпти. Ўқийдиган эмас, ўқишни тамомлаб, ишлайдиган, маошини олиб келиб берадиганидан излашяпти. Шартнома асосида ўқийдиган қизлар чиқса контракт пулини тўлаб зарилми, деб уларни рад этишяпти.

Қишки сессияни ҳам эсон-омон “5”га ёпдим. Энди эса ўқишга боришга қийналяпман. Ҳаммасидан ҳам менга алам қиладигани – бирон марта ўқишим учун ёки дарс тайёрлашим учун шароит яратиб бермай туриб, фақат пулни талаб қилишгани.

Вақт ҳаммасини даволайди дейишади. Яхшиямки ўқишим бор, дарс билан, курсдошларим билан овунаман. Турмушнинг муштларига кўниб, барига чидаб келяпман. Бунинг ҳам ниҳояси бордир…

Гулзоданинг ҳаётида аччиқ-тизиқ воқелар кўп бўл­ган экан. У билан дугона бўлиб олдим. Ҳозир ҳам қўн­ғироқлашиб турамиз. Айтган ҳикояларидан айнан мана шу “стипендия” бобинигина оққа туширдим, холос.

Буни ўқиган қайнона-келинлар ўзларига етарли хулоса чиқариб олишар, дейман-да. Ахир келин ҳам кимнингдир фарзанди-ку. У ҳам янги жойда меҳрга ташна, ширин сўзнинг гадоси.

 

Юлдуз ФАЙЗИЙ,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби

“Ёшлик”2012/2

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.