Сўз мулкига сафар

0
63
марта кўрилган.

Нодирнинг “Сўз” достонини қўлимга беришганда, ишхонада эдим. Янги достон ҳидини туйиб, қувонганимданми, дарров ўқишга киришдим. Лекин, уч бет ўқидим-у, бирдан тўхтадим… сатрлар юкини ҳис этдим ва алоҳида вақт топиб ўқишим керак экан, деган қарорга келдим. Асл шеърни ўқишнинг вақти бўлади-да, дуч келган жойда ўқиб увол қилмаслик керак. Сўнг ўша вақтни топиб достонни ўқиб чиқдим.
Аввало, шуни айтишим керакки, бу достон – чинакам илҳом меваси. Унда битта сатр ҳам шунчаки ёзилмаган. Ҳар бир сатрнинг ўз ўрни ва вазифаси бор. Ҳар бир сатрга шоирнинг кўнгли гувоҳ ва ҳамроҳ. Шоир маъно ва моҳиятдан узоқлашиб бораётган дунёнинг бугунги ҳолини бадиий талқин этади. Оламнинг туб маъноси – Сўз. Сўзсиз дунё маъносиз дунёдир. Муқаддас Китобда айтилгани каби “Ҳамма нарсанинг аввали Сўз эди”. Демак, охири ҳам Сўз бўлади.
Шоир оламга саёҳатга чиқади. Бу саёҳатда унга Сўз ҳамроҳ бўлади. Маънони топиш учун маънони ҳис этиш керак. Маъно эса Сўз эди. У дунёни сўз орқали танийди, идрок этади. Достоннинг ҳар боби аниқ тимсоллар ва аниқ мақсад билан ёзилган. Сўзлар ҳам қуйилиб келган, рамзлар ҳам. Воқеалар, ҳодисалар, юксак ва тубан кечмишлар, сокин маромлар ва талотўплар рамзий ҳикояларда мароқ билан тасвирланган. Сўз сирини англаш, сўз ҳикматини топиш шоир учун ҳаёт моҳиятини англашдай муҳим. Нодир Жону­зоқнинг сўзга муҳаббати, сўзга таваллоси бизни шу моҳият сари ундайди.
Халқимиз қасам ичишни “Сўз бер” деган иборада бекорга ифодаламаган. Боболаримиз Низомий, Деҳлавий, Навоийлар ўз асарлари ибтидосида сўз васфига алоҳида ўрин беришларида ҳам ҳикмат бор.
Нодирни бу достон билан қутлайман. Достон бир нафасда, шиддат билан ёзилган. Унда шоирнинг муҳаббати ва самимияти ҳар қадамда барқ уриб туради.
Тирик сўзга ташна очунда
Маъносини топган Сўз қолар, – дейди шоир.
Менинг тасаввуримда бу достон маъносини топган яхлит бир Сўз каби намоён бўлди. Шоирга ҳамроҳ бўлган шу Сўз билан шеърхонлар ҳам бир саёҳатга чиқиб кўришса, кўп нарсадан баҳраманд бўлишарди.

Эшқобил Шукур,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.