Қашқа бия ноласи

0
17
марта кўрилган.

Кайвони момонинг айтганлари

Қайсидир йили эди, бир нечта уй бир бўлиб баҳор юртга кўчиб чиқдик. Ҳамма томон кўм-кўк, кўрган сари кўргинг келади. Қип-қизил лола-қизғалдоқ кўзни қувонтиради, ҳаводаям аллақандай ёқимли ҳид сузиб юрарди. Жон роҳати бўлган кенглик ўртасида ўтовлар тикилди. Бу пайтда қўй-эчки аллақачон тўлдан чиққан, улоқ-қўзи дала-даштни тўлдириб, дусурлатиб югуриб қолган. Шу кунларнинг бирида қашқа бия қулунлади. Хўп ғалати қулун, тим қора, белида худди хуржундек осилиб тушган оқи бор. Чорвадор дегани унчалик иримчи бўлмайди, нимагадир чоли тушмагур “Бу қулун ғалати экан, уни эшонжонга назр қиламиз”, деб қолди. Бир кўнглим қаршилик қил, дейди, лекин эрга қарши бориб бўлами? Тўғри, ҳозиргилар эр билан теппа-тенг тиллашади. Эр билан беллашиб, белинг узилади, тўхта, дейдиган одам йўқ. Майли, ўзи билади. Тил ўзиники, эр ўзиники. Охиратини ўйлаган пошикаста бундай қилмайди.

Айни баҳормасми, дала-даштда ўт кўплигидан жониворларнинг елини сутга тўлган. Бундан болалари роса мириқишаяпти, ўзиям. Ҳалиги қулун, унга Олабел деб от қўйгандик, биянинг сутга тўлган елинидан эмаркан, кун сайинмас, соат сайин ўсаётгандек. Бир ойга қолмай, дуппа-дуруст қулун бўп қолди. Ўша кунлари овулга эшон келди. Эрим қулунни унга атагандим, деб бериб юборди. Ҳалиям бия йўғида бердик, бўлмаса, у “исён” қилармиди, дейман. Уюр билан овулга қайтган бия қулунини тополмай хўп безовта бўлди, у ёқдан-бу ёққа чопди, мунгли-мунгли нолиш қилди. Олдига борганга гўё аччиқ қилгандек гоҳ тепар, гоҳ тишларди. Унинг бу ҳолини тушундим. Шунинг учун шўрлик айрилиққа чидолмай, ўзини жардан ташламасин, ушлаб келинглар, деб бўз йигитларни юбордик. Улар кўп уринди. Зўрға шомга яқин бўйнидан арқон ўтказиб олиб келди. Маҳкам бойладик, бўйнига тўрва осиб, арпа солдик. Аммо қулунни ўйлаб сиқилган бияга арпанинг нима қадри бор. Унга юпанч бўлмай деб бўйнию ёлларини силаб туриб қалт-қалт титраётганини туйдим. Кўзига қарасам, бечора чини билан йиғлаяпти. Буни кўриб, томоғимга бир нима тиқилди, ғилт этиб ютиндим. Шу дамда жониворнинг нима деб нола қилаётганини уқиб турардим:

“… Болам, тойчоғим, йўқсан, сенга нима бўлди? Яйловдан елиним сутга тўлиб қайтди, “қулт-қулт” қилиб, тамшаниб эммайсанми, соғиндим. Сутим тошиб, оёқларимга оқиб тушаяпти. Кел, қаердасан, тойчоғим. Сенга нима бўлди, кўринмайсан? Бошқа қулунлар энаси атрофида сакраб-сакраб ўйнаб юрибди, сенинг-да сакрашларингни соғиндим. Қаердасан, тойчоғим?”

Ялт этиб биянинг елинига, оёғига қарадим. Ё пирай, чини билан сут унинг оёқларига оқиб тушарди, кўзидан тошаётган селни айтмасаям бўлади. Ўтовга киргач, буни ўйлаб, роса сиқилдим. Турмуш қурганимиздан бери эрга гап қайтармаган одамнинг қилиғини кўринг, чолим нимани сўрамасин, терс-терс жавоб беравердим. Бундан у ҳайрон қолиб:

– Нима, бугун чап ёнинг билан турганмисан, – деди юзимга синчков тикилиб.

– Ҳеч бало бўлгани йўқ, – дедим қовоқ-тумшуқ қилиб. – Анави Қашқани ўйлаб сиқилаяпман.

– Қашқага нима бўпди? Даштдан тўлғониб-тўлғониб қайтганди-ку.

– Тойчоғини тополмагач, не кўйга тушганини кўрмадингиз-да…

– Нима қилди?

– Бечора йиғлади. Мен-да йиғладим.

– Қўйсанг-чи… Ҳайвон йиғлашни биларканми?

– Ўз кўзим билан кўрдим, кўзидан ёш сизиб турарди, елинидан  оққан сут ундан зиёда. От одамдай сезади, дейишади-ку…

– Қўявер, орадан озроқ вақт ўтсин, секин-аста ўзига келади, унутади. Яна бир гап, кўнавермаса, бошқа қулунни эмизинглар, анча енгил тортади.

– Билмадим, бу кор қиларканми…

– Кор қилади, кор қилади, айтганни қилсаларинг-чи…

Эртасидан бошлаб бир ҳафтача бошқа қулунни эмизиб кўрдик, бир иш чиқмади. Аксига олиб, бия бечора кундан-кун саратоннинг ўтидай сўлиб бораверди. Бир қарасанг, бурни ер искайдиган бўлиб, мунгли-мунгли юриш қилади, бир қарасанг, қутурган айғирдек ҳар томон чопиб, оламни бузаман, дейди.

Одамнинг айтгани бўлмас экан. Баҳор ўтиб, саратон яқинлашдиямки, Қашқа тойини унутмади, унутолмади, бечора. Бу вақт ичида унга қўшилиб, менинг-да бўларим бўлди. Чидай олмадим, бир куни кечқурун чолимга портладим:

– Ҳой, чол, эшонга шу тойдан бошқа берадиган молингиз йўқмиди, – дедим. – Қўра-қўра қўй-эчки, пода-пода сигир, уюр-уюр йилқингиз бор, шулардан бирини, кам десангиз ўнини беринг эди, қани, мен бирон нима дермидим.

– Яна нега попиллаб қолдинг?

– Ҳар ерда юрасиз, уйда кам бўлганингиз учун бу ерда бўлаётганидан хабарингиз йўқ-да.

– Айт қани, нималар бўлаётган экан?

– Қашқа ўзига келолмаяпти. Ўзини ҳар ён уради, йиғлайди, мунгли кишнайди. Буни кўриб, ич-этимни еб адо қилаяпман. Болам узоқ пайтга кетгандаям бунча сиқилмагандим. Энди бўларини айтсам, унинг қулунини қайтарасиз.

– Нималар деяпсан, қандай қайтариб оламан?

– Борини айтинг, у киши тушунадиган одам. Жониворни шу ҳолида ташлаб қўйиш гуноҳ бўлади.

– Жим бўл, бир ўйлаб кўрай. Сен айтмасанг-да, бир неча кундан бери уни кузатиб, ичимдан ўтганини ўзим билиб юрибман. Кеча бия жонивор ёнимга келиб, тумшуғи билан елкамга секин туртиб, кўзларини мўлтиратиб боқди. Нимадир демоқчи бўлди, аммо мен ҳеч нарсани тушуна олмадим. Йўқ, алламбалоларни англагандекман. Назаримда, у тойчоғини қайтариб келишимни сўради. Жонивор тумшуғи билан мени нарига қараб сураркан, бор, боламни олиб кел, бўлмаса ўлиб қоламан, деётгандек бўлди. Ҳа, кампир, бу бия одамдай сезадиган хилидан экан…

Азонда турсам, чоли тушмагур отланаяпти.

– Қаерга, йўл бўсин, – дедим. 

– Бир жойга бориб келай, – деди у йўл ки­йимини кияркан. – Бияни кўп ўйладим, охири, буни эшонга айтайин, фикрини билайин, деб турибман.

– Ана энди тўғри ўйлабсиз.  

– Фақат бир нарсадан иккиланаяпман.

– Нима экан?

– Боласини олиб келсам, Қашқа уни танийдими-йўқми… Орадан анча вақт ўтиб кетди.

– Эй чол, бунисини ўйламанг. Қашқа ҳалиям боласини унутгани йўқ, ҳалиям йиғлаб юрибди. Қизиғи, бошқа тойларни эмизмай қўйган бўлса-да, ҳалиям елинидан сут тошаяпти. Аввалига буни кўриб, роса ажабландим. Бечора бия қулуним ёнимда, мириқиб эмаяпти, деган ўйда бўлса керак-да, сути қуримаган.

– Шунақасиям бўларкан-да, а? Буям бир ҳайвон, вақт ўтиб барини унутади, деб ўйлаяпман. Энди билсам, хато қилибман…

– Нимага мунча эзиласиз, ундан кўра боринг-да, тойни олиб келинг, шунда бари изига тушади…

Чолим кетгач, биянинг ёнига бордим. Кейинги пайтларда у тумшуғини ерга тираб, бехиял бўлиб қолгани учун уюрдан олиб қолаётгандик. Мени кўргач, тумшуғини ердан кўтарди, аммо туришни хаёлигаям келтирмади. Фаросат қилиб қарасам, адирда ўт мўл бўлсаям, жонивор анча ориқлабди. Уф-ф, нима қилай, уники емишданмас, уники дарддан, айрилиқдан. Унга юпанч бўлай, деб ёнига чўккалаб ўтириб, ёли, бўйнини силай бош­ладим. У бунга парво қилмади. Силашни давом этиб:

– Ҳа, жонивор-а, сенда фақат тил йўқ, лекин барини сезиб, билиб турибсан, – дедим. – Яна озгина сабр қил, тойчоғингни олиб келади. Эрталаб кўрдингми, чолим шунинг учун кетди…

Худойжоннинг қудратидан ўргилай, жонивор буни тушундими, сергак тортди, яна нима деркин, дегандек кўзини мўлтиратиб боқди. Бунга чидай олмадим. Ичимдан бир дард қуйилиб келди, бу дард Қашқаники, меники, иккимизники эди: “Айланайин, тойчоғим, боврим ҳувиллаб қолди, келгин-да бовримни тўлдирағай. Садағанг кетай, дала-даштни гумбурларга тўлдир, уюр теварагида айланиб-айланиб чопгин-да. Келиб, бу тор дунёни кенг қилгин-да. Бош айланди, кўз тинди, нафас қисаяпти, ҳозир ўладигандекман, бу дард давоси, билсанг, ўзингсан, тойим, тойчоғим. Бошқа тойчоқларнинг энасини эмаётганлигини, улар атрофида дупур-дупур чопаётганликларини кўриб, ичимда бир нима узилгандек бўлди, омонат турган дунё бузилгандек бўлди. Соғиндим, тойчоғим…”

Асрдан ўтавериб, узоқдан бир отлиқ кўринди. Чолим бўлса керак, деб анча ергача халакилаб бордим. Адашмабман. У кишим хурсанд, ўзича бир нималарни хиргойи қилиб келаяптими-ей. Мени кўриб:

– Кампир, бари зўр, – деди от жиловини қўйиб юбориб. – Эшонга айтгандим, анча вақтгача “аттанг”, деб бош чайқаб ўтирди, сўнг: “Кўлик топиб келинг-да, ана, олиб кетинг”, деди.

– Унда, кўлик қани, қулун қани, – дебман боласини кутаётган энадек ҳовлиқиб.

– Ҳали замон келиб қолади.

Бу гапдан шундай қувондим, шундай суюндим, буни сўз билан айтиб бўлмайди. Шундай паллаларда сўз ожиз қоладими, деб ўйлайман. Биянинг қувонгани-чи, буни-да сўзга сиғдириш қийин. Севинганини қандай сездинг, дейсизми? Нима, шуни сезмай ўлибманми? Чолнинг хурсанд келаётганини кўрган жонивор тумшуғини ердан узди, неча кундан бери ётган жойидан куч-қувватга тўлган ёш байталдек қалқиб турди. Чолим келган ёққа узоқ термилишини қаранг. Бунинг устига бир жойда тинч туролмаяпти, у ёққа боради, бу ёққа келади. Авваллари кўзида оғир мунг чўккан бўлса, энди ёш билан бирга, аллақандай нур, ҳа, севинч нурлари-да порлаб турибди. Бу ҳол узоқ чўзилса, бия ё ақлдан озади, ё юраги тарс ёрилиб ўлади, дейман. Шу учун тезроқ кела қолсайди, деб олисларга узоқ термилдим.

Бир пайт қора мошина кўринди. Ҳаял ўтмай унинг шовқини эшитила бошлади, унга қандайдир овоз жўр эди. Эътибор билан эшитсам, бу мошин устида келаётган тойчоқ овози экан. Туғилиб ўсган қадрдон даласини, ички бир ришта билан боғланган чексиз кенгликларни, тенг-тўшию, биянинг иссиқ боврини соғинган бечора тойчоқ узоқ-узоқ кишнаб, турган жойида бетоқат бўлиб типирчилаяпти. У билан чалғиб, бияни унутибман. Бир пайт қарасам, Қашқа мошин ёнида елдай чопиб келаяпти. Ўзига қўйиб берса, бир сакраб, устига чиқиб оладигандек. То ўтовга етиб келгунча мошина билан теппа-тенг чопиб келди.

Ў-ў, энани боладан, болани энадан айирмасин экан. Шопир мошин орқасини очиб, тойни арқондан бўшатиш учун тепага чиқди. Бия эса эна гўё боласига “кел, кел”, деб қўл узатгандек қилиб, бориб турди. Тойчоғи-да кўп куттирмади, унинг сабри тугаб, тамом бўлган. Арқондан бўшалиши билан бир сакраб ерга тушиб, энасининг илиқ боврига сингди. Иккиси бир-бирини искади, дам қўйиб яна искади, ўлсин дунё, тўймадилар, шекилли, яна, яна искадилар. Сўнг эна боласига иссиқ бағрини тутди, бечора гўдак бир неча ойликни бир йўла олишга қаcд қилгандек ютоқиб-ютоқиб эмишга тушди. У эмиб бўлгунча бия тойчоғини неча марталаб искамади, яламади, тумшуғи билан секин-секин турткилаб, эркаламади, дейсиз.

Буни кўриб, ичимдан бир дард тошиб келди, хўп йиғладим, хумордан чиққунча йиғладим. Бир тилсиз жонивор меҳри шунчалик бўладими, деб яна йиғладим. Нимасини айтайин, шунда­йи-да бўларкан. Фақат уларнинг тили йўқ, лекин одамдай сезади, одамдай куяди. Агар ўзим кўрмаганимда, буни оғизни тўлдириб айтмаган бўлардим. Э-э, яна нима дейин, от жонивор одамдайин сезади, одамдайин куяди…

 

Вафодор

Итнинг фақат тили йўқ, аммо ақлли, ҳушли жондор. Вафодорлигига-ку қиёс йўқ! Шу – кўпчилик одамлардан ҳам вафодорроқми-ёв, дейман-да! Бўлмаса, ҳайдашингга қарамай эши­гингда ётиб олиб, уйингни қўриб чиқармиди?! Э-э, нимасини айтай, бу жондорнинг фазилати кўп. Менам билиб айтаяпман, йўқса, бу гаплар қаерда, дейсиз…

Итнинг садоқати тўғрисидаги бир воқеани анча бурун эшитганим бор. Бир итни шунчалик, дебди-да…

Қаҳатчилик замонлари экан. Ишлайсан-иш­лайсан, ейишга ҳеч вақо йўқ. Бир ҳовуч буғдойни болаларимга, деб яширсанг, ана, уйинг куйди, мана, уйинг куйди. Сўроқ-пўроқ қилмасдан, аристонга жўнатади-қўяди. У ердан омон келасанми-йўқми, Худойжон билади! Ўлмай кетиб, келмай кетганлар кўп-да.

… Э, менинг чечанлигим қурсин, яна гапдан чалғибман-ку…

Шуйтиб, қаҳатчиликнинг дийдори қурсин! Одамларга шу етмагандай, ўғирлигу талон-тарожлар авж олиб кетади. Худойжон қаҳрига олса, шундай бўлармикан ё?

Ўша думурларда чолимнинг Авазбой дегич бўйинсаси бўларди. Чўпон эди, ҳукуматнинг молини боқарди. Одамларнинг айтишича, жуда бамаъни йигит бўлган. Шу денг, у куз-қиш вақтида молини Эгизак томонларда боқар экан.

У пайтда қўтонлар ҳозиргидек пухта-пишиқ бўлмаган. Қаерда қулай жой бўлса, ўша ерга молни ётқизиб кетаверган. Буям етмагандай, қишлоққа келиб, дам олиш қаёқда, дейсиз. Келсаям чулиғи борганда бир кун-ярим кунга “ғир” этиб келиб кетган. Палакат бўлган йили эса ёрдамчиси ҳам бўлмаган. Энди унинг кунини кўраверинг. Ҳар куни сурув ортидан юриб, туёқ санагани-санаган. Ҳалиям бахтига Бўйноқ дегич ақлли ити бор. Баъзан шу итни сурувда қолдириб, ўзи қишлоққа келиб кетаркан. Шу зайлда кунлар думалаб-думалаб ўтаверади.

… Тираманинг қайсидир куни, каллаи саҳарлаб Бўйноқ қишлоқда пайдо бўлади. Уйдагилар ҳайрон. Аввалига “Авазжон уришган бўлса, уйга келган-да”, деб ўйлашади. Жонивор ҳеч кимга яқин келмасдан, фақат ғингширмиш. Сал туриб разм солиб қарашса, итнинг танаси моматалоқ, бир-икки жойи нима биландир тилинган. Қон қотган жойлари билиниб турар, кимдир нон бераман, деб олдига чақирса, жунини ҳурпайтириб, тишларини кўрсатиб, ириллаган. Балки унга бари одамлар ёвуз, қонхўр, ўғри, каллакесар бўлиб кўриндими…

Одамлар итнинг аҳволидан кўнгилларига ҳар балоларни келтириб, унга янаям илиқроқ гапирибди. Шунда денг, жонивор ишонч ҳосил қилгандек, уларга яқинлашади. Ит одамларнинг бунчалик ақлсизлиги, фаҳмсизлигидан куйган, йиғлаган, деб гумон қилаяпман…

Аваз бебахтнинг мункиллаб қолган отаси бўларди. У ҳовлига чиқиб қараса, итнинг авзойи бузуқ. Унинг кўнглига шубҳа оралайди. Ит чолни кўриб, гўё арз-дод қилгандай, унинг этагидан тиш­лаб, дашт томонга судраб, тортармиш. Чол дарров сезган. У қўни-қўшнини йиғиб, йўлга чиқади. Одамларнинг ҳаракатланганини кўрган Бўйноқ уларга эргашиб, бир тўхтаб, бир чопармиш, бир чопиб, бир тўхтармиш.

Улар қўтонга келади. Бу ерда қиёмат қойим бўлган. Ҳамма томон қон! Авазбой беш-олти жо­йидан пичоқ еб, ўлиб ётармиш. Сурув эса аллақаёққа ҳайдаб кетилган.

Кўрганларнинг айтишича, Авазбой ва Бўйноқнинг ўғрилар билан кўп олишгани шундоқ билиниб турармиш. Ёлғиз гувоҳ – ит шу ерда ҳам у ёқдан-бу ёққа чопар, бир ўлиб ётган эгасининг олдига келар, яна қаерларга бориб келаркан. У шу ҳаракатлари билан кўрганларини айтмоқчи бўлган-ов, менимча. Аммо ўлик билан бўлиб, унга ҳеч ким эътибор бермаган. Ўзи, доим шундай бўлади, одамзод ўз дарди билан бўлиб, бошқани эшитмайди ёки эшитишни истамайди. Ит буни сезганми дейман, одамлардан ўн-ўн беш одим нари бориб, мунғайганча ётиб олади. Шўрлик йиғлаган, ўкирган, аммо буни ҳеч кимса билмайди, бир Худойжондан бўлак.

Ўша куннинг ўзида кексалар маслаҳатлашиб, Аваз бечоранинг жасадини ўзи шаҳид бўлган жойга қўяди. Ҳукуматдагилар ўғриларни излашга тушади. Орадан бир неча кун ўтиб, Худодан қайтган босқинчиларни бозордан тутиб келади. Улар қилмишига яраша жазосини олган. Аммо ўртада бир одамнинг нобуд бўлиб кетгани ёмон бўлган-да…

Қисқаси, Аваз раҳматлининг уйдагилари кўп куйган. Ахир, ҳазилакам доғми бу?! Ҳали чимилдиқ кўрмаганди, бебахт! Аммо нимаям қиларди: йиғлашди, куйишди, охири, кўнишди.

Ҳасратдан янаям мункайиб қолган чол ўғлининг еттисидан сўнг қабр бошига бориб келишни ният қилиб отланибди, денг. Бориб қараса, жонивор эгасининг қабри ёнида мунғайиб ётармиш. Одамни кўриб, ҳушёр тортади. Унинг қабр бошига келаётганини фаҳмлаган жонивор яқинлаштирмасликка ҳаракат қилади. Тишини кўрсатиб, ириллайди. А, нимасини айтсин. Унинг содиқлигиними ёки боласининг дўппайган қабрини кўрибми, чол тушмагур йиғлабди, тилига алмойи-алжойи сўзлар келибди:

… Мен, шу бир жониворчалик ҳам бўлолмадимми, болам?!

… Кексайганда шу доғни сўрабмидим Сендан?!

… Энди шу доғ билан ўламан…

Чолнинг кейинчалик айтишича, ит кекса эгасини энди танигандек, унинг дардини тушунгандек, қабр бошига йўл беради. Нимасини айтайин, ит сезган! Бўлмаса, йўл берармиди?..

Дунёси танг бўлган чол қабр бошида қанча турганини билмайди. Шомга яқин қайтади. Кетаётиб “Боламдан битта ёдгорлик шу – ит, унинг энг яқин дўстиям шу. Кел, уни уйга олиб бориб, яхши парвариш қилай”, деган ўйда итга яқинлашади. Буни сезган жонивор рўйхушлик бермаган. Чол минг макр билан унинг бўйнидан арқон ўтказади, отига тақиб, уйига олиб келади.

Жонивор йўл-йўлакай қанча ғингшимаган, орқага қараб тисарилмаган, дейсиз. Одам бағрини тош қилиб, кўзидан тизилиб оқаётган ёшни енги билан артиб, тортқилаб келаверади. Уйга келгандан сўнг қочиб кетмасин, тағин, деб боғлайди. Аммо бу ерда яхши парвариш қилишаётган бўлсаям вафодорга Аваздан бўлак одамлар етти ёт бегона. Шунинг учун  у ҳеч нарса емайди-ичмайди, икки-уч кунда ўзини олдириб қўяди.

Учинчи кечасигами, тўртинчи кечасигами, Бўйноқ арқонни тиши билан узиб, ғойиб бўлади. Бунга ҳамма ҳайрон. Биров-ярим ёш-яланглар:

– Олиб келайликми, – дейди. Аммо бир нимани сезган чол тушмагур:

– Йўқ, тегманглар, эгасининг ёнига кетган, у энди бошқа жойда яшай олмайди, – деб йигитларни шаштидан туширади.

… Орадан бир-икки кун ўтиб, бориб қарашса, Аваз раҳматлининг қабри ёнида яна бир қабрга ўхшаш дўнглик пайдо бўлганмиш. Воқеадан хабардор қайсидир раҳмли одам вафодорнинг ўлиб ётганлигини кўриб, шу ерга кўмиб кетган. Ўтган-кетганда кўрганмисилар-йўқми, билмадим, лекин ҳалиям шу икки қабр бор.

… Э, гапнинг қизиғи қолиб кетибди-ку. Ўша имонли одам қабр ёнидаги тобатошга пичоқ биланми, ё бошқа бирон нарса биланми, ҳар ҳолда, тирнаб, адашмасам, шундай гапларни ёзиб кетган: “Ҳаммасидан хабарим бор эди. Ўтиб кетаётиб, итнинг ўлиб ётганини кўрдим. Тилсиз жонивор садоқати шунча бўладими деб, хўп йиғладим! Кейин ўйлаб ўтирмасдан, чуқур кавлаб, қадрдонининг оёғ учи томонга кўмдим. Буни тушунасизлар, деб ўйлайман!”

Қабр бошига борганларнинг бари буни ўқиб, ўкириб-ўкириб йиғлабди, йиғлаб-йиғлаб ўкирибди. Кейинчалик ўтган-кетган ҳам бу ерга бир тўхтаб ўтар, кўз ёши қилиб кетаркан. Шу ёзув ҳозир бор-йўғини, билмайман. Чунки одамларнинг бу ҳақида гапирмай қўйганига кўп замон бўлиб кетди.  Лекин, аниқ биламан, қабрлар ҳалиям бор.

… Воҳ жонивор-а, воҳ жонивор-а, сенинг кўнг­лингга мунча меҳр, мунча вафони ким солди?! Воҳ жонивор-а, воҳ, вафодор-а…

 

Чибор

От жуда ақлли жонивор. Азалдан йигитнинг ҳамроҳи, йўлдоши. Бу иккиси гўё эгизакдай гап. Бир замонлар ана шундай бўлган. Аммо ҳозир удумлар анча ўзгариб кетди-да. Йигитларнинг отга меҳри анча пасайдими, дейман. Ҳар ҳолда бу гапларни айтишимда жон бор…

Шунча яшаб отнинг ёмонлиги ҳақида деярли ҳеч нарса эшитмабман. Аммо баъзи гап-сўзлар юради. От дев наслидан бўлиб, вақти келганда аслига бир қайтар эмиш. Тўғриси, буни мен отнинг шаънига зўр туҳмат деб биламан. Шундай бўлсаям бир воқеа эсимга тушди, айтайин-да, қутила­йин. Гап йўғида бир гап, дейман-да.

Тошпўлат чобағонни биласилар. Унинг довруғи ҳар ёққа кетган Чибор оти бўларди. Ў-ў, нимасини айтайин, жонивор ўз вақтида эгасининг орини ерда қолдирмаган. Кўпкариларда не-не отларни чангида қолдириб, кимнинг ҳавасини, кимнинг ҳасадини келтирмаган, дейсиз.  Одамларнинг айтишича, кўпкари бошланди, дегунча от ўзини тутолмай қоларкан, ўзиям. Буни сезган чобағон жиловни қўйиб юборса, бас, улоқ устида уймаланаётган уюрга ўзини урар экан-да, эгасига улоқни олишга ёрдам бераркан. Улоқ тақимга босилгандан сўнг елдек югурар, то “Ҳалол!” дейилмагунча чопавераркан-чопавераркан. Шу зайл жонивор Тошпўлатбойни элга танитган. Кўп йиллар икки қадрдон одамларнинг назарида юрди.

Дунё бевафо-да! Иккиси қариди. На униси, на буниси кўпкарига ярамай қолди. Одамлар-чи, одамлар, умуман унутди. Ҳа, улар ўзи шунақа! Ортда қолганни унутади, унутмаганлари тилдан чиқариб ташлайди. Шу нарсага куяман-да, шу нарсага…

Тошпўлатбой чобағон нима қиларди, одамлар унутаётганлигини сезгач, давралардан ўзини тортди, похир. Одамларга бўлган фикриям ўзгарган-ов, менимча. Лекин қари оти, содиқ дўстига меҳрини ҳеч аямаган. Гаплашсаям у билан гап­лашган. Кунларини унинг олдида уймаланиб ўтказаркан, ўзиям.

Бир-икки йил бурун шу икки дўст ўртасида ажаб воқеа бўлган. Буни эшитган одамлар яна гапиришга тушганди ўшанда. Айтишларича, шундан бир-икки кун бурун жонивор ўзини ғалати тута бошлаган. Эгасини кўрса, меҳри жўш урганиданми, ё ўрганиб қолганиданми, ўйноқлаб кутиб оладиган жонивор нимагадир совуқ тикилармиш. Бунинг устига унинг кўзида кишини сескантирадиган қизил нурми-ей, алламбалолар бор эмиш-да, ишқилиб. Ўша кунлари от ҳеч нима емаган, ичмаган. Тошпўлатбой эса пайтавасига қурт тушгандай типирчилаб қолади. Бир уйга кирар, бир оти олдига борармиш. Бу ҳол кўп қайтарилган. Энди ўйласам, унинг отга меҳри бўлакча бўлган экан-да, бошқа бўлганида, билмадим-ов, шундай қилармиди, йўқми.

Шу зайлда икки кун ўтади. Тошпўлатбой кўпроқ унинг олдида бўлган. Учинчи кун эса отининг олдидан бир қадам ҳам жилмаган. Айримларнинг айтишича, у от билан ниманидир гаплашганмиш. Гаплашса гаплашгандир, нима бўпди! Шуни гап деб кўтариб юрганларга ҳеч қойил эмасман. Бунинг устига Чиборни гап-сўзни тушунадиган жонивор эди, дейишади.

Одам отнинг ёлларини силаган, бўйнидан қучоқлаб, йиғлаган, йиғлаб ёрқин ўтмишини бир-бир эслаган.

…Чиборжон, бир пайтлар иккимиз қанча ёрқин кунларни ўтказганмиз. Улоқни тақимга босиб, чопаётган дамларимда кўнглимдан кечган ғурурни, севинчни ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди. Сен ҳам севинганмидинг? Билардим, севингансан! Буни бошқа отларнинг олдидан тўшингни чўққидай қилиб ўтишларингдан билардим, Чиборжон!..

…Энди ҳаммаси ортда қолди: сен ҳам, мен ҳам, иккимиз билан боғлиқ гап-сўзлару шуҳрат чўққилари ҳам…

…Агар сен ўзингни ғалати тутмаганингда, балки бу ҳақда ўйламаган, гапирмаган бўлармидим. Балки бугун билан эмас, ўтмиш билан яшаб юрармидим. Сен кўзимни очдинг, Чиборжон, сен кўзимни очдинг! Энди ҳолимни билаяпман. Тан олиш оғир бўлсаям тан олаяпман, Чиборжон!..

У отга узоқ гапирган. Йиғлаб-йиғлаб гапирган, сўзлаб-сўзлаб йиғлаган. Чибор беэътибор. Балки беэътибор, десам тўғри бўлмас, ғалати экан. Эгаси диққат қилиб қараса, у ниманидир кутармиш. Бу пайтда вақт алламаҳал бўп қолган экан. Шунда, денг, жонивор узоқ-узоқ уч марта кишнайди. Ҳаммаси ана шундан кейин бошланган. Кишнаб бўлган Чибор зарб билан арқонни узади. Кейин пишқира бошлайди. Ажаб томони шундаки, унинг бурнидан чиқаётган ҳақиқий олов экан-да. Чобағон буни кўриб, ҳушини йўқотади. Шундай бўлсаям жониворнинг ҳаракатларини кузатаверган. Қарасаки, от энди худди одамга ўхшаб орқаси билан ерга ўтириб олган, олдинги икки оёғи одамнинг қўлидай кўтарилиб турганмиш. Кўз эса бир балои бад бўлиб кетган. Кўз соққасида оқиям, қорасиям йўқ, уларнинг ўрнини совуқ қизил рангми, нурми эгаллаган. Кейин оғзини очибди. Тишлари айрича бўп кетган. Бу  – отнинг тишлари эмас, қозиқ тишлар экан.

Чиборнинг бир дамда кўзидан совуқ нур, бурнидан олов сочиб, тишини шақиллатиб турган махлуққа айланиб қолганлигини кўрган чобағон турган жойида тошдай қотади. Энди  унинг ёнида турган Чибор оти эмас, тайёр дев эмиш-да. Кутилмаганда махлуқ одамга ташланади. Одам чап бермаганда уни бирон хаста қилиб қўйиши ҳеч гап эмаскан. Лекин у кўп ташланмапди. Балки жонивор шу ҳолидаям эгасини танигандир, балки чобағоннинг қўрқмай қараб тургани сабаб бўлгандир. Ишқилиб, бир-икки уринишдан сўнг махлуқ тинчланади. Сўнг аста-секин ўзига келади.

Кўпчиликларинг гапимга ишонмаяпсилар-а, сезаяпман. Ишонасиларми, йўқми, буниси ўзларингга ҳавола. Ахир, Тошпўлатбой майда гап, қўшиб-чатадиган одам эмас, у чин сўзли, мард одам. Нимани кўрган бўлса, борини уйдагиларига айтган. Мен эса ундан-бундан эшитганларимни айтаяпман…

Шуйтиб, буни эшитган айрим кайванилар отни йўқ қилишни маслаҳат беради. Фаҳмлашимча, чобағон отидан озроқ хафа бўлган, шекилли, уларга дарров қаршилик қилмаган. Авваллари шу гапни эшитганда борми, маслаҳатгўйнинг бошини ёрган бўларди. Чобағоннинг шу қилиғини унча тушунмадим. Нега отидан хафа бўлади. Ахир, жонивор махлуқ бўламан, деб  бўлган эмас-ку. Унинг қисматида шу нарса бор экан, у шўрлик нима қилсин. Ҳалиям шукр қилиш керак, махлуқлигига бориб, бирон хаста қилмабди…

У ҳеч нарса демасдан маслаҳатгўйларни кузатади. Ҳеч кимга бир оғиз сўз демай ўрнига кириб ётади. Балки оти билан кечган ширин дамларини эслагандир, балки жониворни нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлагандир. Бунисига бирон нарса дейиш қийин. Тўғри-да, бандаси ичидагини Яратган Эгамдан бўлак ким биларди. Аммо шу кеча унинг ётиб ётгандай, ухлаб ухлагандай бўлмаганлиги рост. Бунга ишонса бўлади. Эртасига каллаи саҳар туради. Ҳеч вақт ўтмай бир-иккита томошаталаблар етиб келибди, денг…

Улар уч-тўрт киши бўлиб отхонага ўтади. Не кўз билан кўришсинки, от ўлиб ётармиш. Чобағоннинг боври тўлиб турган экан, шекилли, “Чиборжон! Чиборжон!” деб оламни бузиб йиғлайверибди. Йиғилганлар ҳеч нарса дейишолмабди. Охири, йиғлаб кўзёшлари тугагач, жониворнинг жасадини кафанлаб тоза жойга олиб бориб, кўмиб келади. Шу-шу, чобағон дунёдан, одамлардан юз бурди. Уф-уф, Чибор ҳасрат қилса бўладиган от бўлган-да, доғида куйдирадиган от бўлган-да, ўзи… Яна нимасини айтайин.

Яқинда эшитдим, Тошпўлат чобағон ётиб қолибди. Ишқилиб, Худойим  шифо берсин, сабр берсин! Бандасининг қўлидан тилашдан бошқа яна нима келарди.

…А, Чибор-а, Чибор, шуйтиб куйдириб кетасанми? Чибор-а, Чибор…

 

Зокир ХУДОЙШУКУР

1971 йили туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган.

“Дил асрори”, “Суюкли маъво”, “Вафодор” каби шеърий тўпламлари, “Сўнгги ов” номли қисса ва ҳикоялар тўплами чоп этилган.

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.