Кўксинг яхшиликка юз очса агар…

0
549
марта кўрилган.

Адашган хат

 

“Юрагимни қамраган соғинч,

Ҳар нафасда эслайман сизни.

Ҳатто тунлар ухлолмайман тинч,

Тушларимдан излайман сизни.

 

Жоду каби тортаркан меҳр,

Хат ёзарман бедор тунларим.

Соғинганда ортаркан меҳр,

Шукр, яқин дийдор кунлари…”.

 

Ҳар ҳафтанинг якшанбасида

Такрорланар оддий одат бу.

Бир йигитдан рафиқасига

Жўнатилган ўнинчи хат бу.

 

Бу гал бироз боcдими ғафлат,

Ўртада хат ташувчи қушни,

Хотинига ёзилган бу хат

Онасининг қўлига тушди.

 

Хотин ўзи билан овора,

На эр, на хат билан иши йўқ.

Аммо бугун бу кенг дунёда –

Онасидан бахтли киши йўқ.

 

Бизга ақл ўргатма, деманг,

Бир шоирни телба аташиб.

Хат битганда онанггизга ҳам

Ёзиб туринг, майли, адашиб…

 

 

Севсанг…

 

Севсанг севгин-да, ахир,

Сенга маст йигитман-ку.

Алпомиш бобомдай бир

Забардаст йигитман-ку.

 

Сўзинг йўқми сўзларга,

Кўмма дилни музларга.

Ҳар хил ишва-нозларга

Сотилмас йигитман-ку.

 

Келгин, танга жон келсин,

Сомон юзга қон келсин.

Ит тугул, арслон келсин,

Қопилмас йигитман-ку.

 

Эй қалбимнинг қуёши,

Бўл бир умр йўлдошим,

Сендан ўзгага қоши

Қоқилмас йигитман-ку.

 

Ошиқларинг бўлса жам,

Барини енггай бу дам.

Олтин шамшир келса ҳам,

Чопилмас йигитман-ку.

 

Кетсам Тоҳирдай оқиб,

Қолма ҳушингдан оғиб.

Кундузи чироқ ёқиб

Топилмас йигитман-ку…

 

 

Тилак

 

Сен учун оддий ҳол бўлиши мумкин,

Завол билмай ўсиб-унинг, дейишса.

Лек нима қилардинг дўхтир ё фолбин:

Бу сенинг охирги кунинг, дейишса?

 

Балки кўзларингга ёш тўлиб бу он,

Васият ёзишга киришгайдирсан.

Балки эшитганим ёлғон деб, ёлғон,

Ўзингни алдашга тиришгайдирсан.

 

Ёки гадо келса эшигинг чертиб,

Борингни унга шу заҳот берарсан.

Балки мискинларга савоб бўлар деб

Садақа берарсан, закот берарсан.

 

Ё оғритган бўлсанг кимнингдир қалбин,

Бориб ундан узр сўрарсан балки.

Ё зиёрат этиб волиданг қабрин,

Ўсган тиконларин ўрарсан балки.

 

Суйган таомингни пишириб балки,

Кўзингга ёш олиб егаймисан ё.

Вужудингда ажиб шижоат қалқиб,

Бир бошга – бир ўлим, дегаймисан ё.

 

Умрида калима келтирмаган зот

Балки сажда этиб дуо ҳам ўқир.

Келажак авлодлар айлар дея ёд,

Кимлардир ўзига ёднома тўқир.

 

Бир умр чекишга қарши курашиб

Яшаган тамаки чекади балки.

Кимдир кимларгадир нафи тегар деб

Меҳр билан ниҳол экади балки.

 

Балки ўтказай деб бу кунни шодон

Кимдир майхонага босар қадам ҳам.

Ёмонлик қилгиси келмайди бу он

Ҳатто дунёда энг ёвуз одам ҳам.

 

Агар шундай ўтса охирги кунинг,

Кўксинг яхшиликка юз очса агар…

Унда охиргиси бўлсин ҳар тунинг,

Ҳар кунинг сўнгиси бўлсин, биродар!

 

 

Ёр кетади…

 

Ёр кетади от устида ёт билан,

Ёт ёримни олиб кетар от билан.

Тақдир экан дея унга бахт тилаб,

Кузатаман фарёд билан, дод билан.

 

Ёз ёмғири жунжиктирар танимни,

Сездирмайман унга оғринганимни.

Гўё олмоқ истагандай жонимни

Нигоҳ ташлар кўзлари жаллод билан.

 

Тўй кечаси яйраб ўйнаган ҳам мен,

Оқ либосга боқиб тўймаган ҳам мен,

Қадаҳ тўла жомни қўймаган ҳам мен,

Май дўст экан юраги барбод билан.

 

Кетиб қолгим келар қорли тоғларга,

Ўзим каби мағрур, орли тоғларга,

Маликамни ёдга солмас ёқларга,

Қандай яшай, ахир, бунча ёд билан.

 

Тўй ҳам тугар, ҳамон ўша-ўшаман,

На йиғлайман ва на ҳаддан ошаман.

Кулибгина у-ла видолашаман,

Гўё видолашгандай ҳаёт билан.

 

Ёрим кетар от устида ёт билан,

Ёт ёримни олиб кетар от билан.

Ўша отнинг туёғига мен тентак

Тақа қоқиб эдим белда бод билан…

 

Ифтихор ХОНХЎЖАЕВ

1991 йили туғилган. “Биринчи китобим” лойиҳасида “Уйғоқ юрак”, сўнгра “Ҳаёт куйи” номли китоблари нашр қилинган.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.