Бадииятга кўчган замон сурати

0
273
марта кўрилган.

Истиқлол Ўзбекистон ҳаётида мисли кўрилмаган даврни бошлаб берди. Шўро истибдоди ўрнатган ва бир неча авлод учун дастуриламал бўлган мафкура тузум билан бирга маҳв бўлди. Аммо жамият мафкурасиз, ғоясиз яшаши мумкин эмас. Президент Ислом Каримов 1993 йил бир гуруҳ зиёлилар билан қилган суҳбатда ушбу долзарб масалани кун тартибига қўяди ва шундай таъкидлайди: “Миллий истиқлол мафкураси халқимизнинг азалий анъаналарига, удумларига, тилига, динига, руҳиятига асосланиб, келажакка ишонч, меҳр-оқибат, инсоф, сабр-тоқат, адолат, маърифат туйғуларини онгимизга сингдиришга хизмат қилиши лозим”.          

Мустақил жамиятнинг ғоявий асосларини ва йўналишини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ қилиш жараёни қизғин кечди. Бу улкан ва кенг қамровли масалалар муҳокамасида зиёлилар, олиму адиблар, журналистлар, кенг жамоатчилик вакиллари ўз таклиф-мулоҳазалари билан иштирок этди. 1991–1996 йиллар республика матбуотида истиқлолнинг илк даврлари инъикосини кўриш мумкин. Ўша давр газета-журналларини варақласангиз, миллий қадриятлар ва маданий мерос, тарихнинг янгича талқини, миллий ғоя ва миллий онг каби долзарб мавзуларда бир-биридан қизиқ юзлаб мақолалар, баҳс-мунозаралар, давра суҳбатлари, интервьюлар, илмий тадқиқот ишлари ва рисолаларга кўзингиз тушади. Бу ўзига хос жўшқин жараёнда шоир ва ёзувчиларимизнинг аксари фаол публицист сифатида ҳам ном қозонди, десак, хато қилмаган бўламиз. Сўз санъаткорлари фуқаролик позициясини намоён қилишда тезкор йўл сифатида публицистикани маъқул кўришгандир, эҳтимол. Лекин аҳён-аҳёнда бадиий адабиётда ҳам даврнинг оғриқли нуқталари ўзига хос тарзда тасвир этилган асарлар кўриниб қолар эди. Ана шундай асарлардан бири Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг 1993 йил “Ватан” газетасида чоп этилган “Аросат” ҳикоясидир.

Аввало ҳикоянинг номланиши китобхон кўнглида талай саволларни пайдо қилиши табиий. Нега энди “Аросат”? Сўзимиз аввалида айтиб қўяйлик: ҳикоя диний мазмундаги аросат ҳақида эмас. Аммо халқ орасида бу тушунчанинг тағин бошқа маънолари ҳам борки, гап шу ҳақда. Ҳикояда ўтмиш ва ҳозирги давр кишисининг ботиний ва зоҳирий олами, қадрият ва қарашлари ажойиб тасвирланган. Бир сўз билан айтганда, “Аросат”да бозор ва маънавият тўқнашуви акс этган. Истиқлолгача бўлган тарих шундан далолат бердики, тузумлар алмашиши, дунёқараш ва эътиқодларнинг ўзгариши жамият аъзоларида анчайин бир саросималик уйғотар экан. Бу жараён ҳар кимга ҳар хил таъсир этиши мумкин. Кимларнингдир қонида мудраб ётган молимардумхўрлик аста уйғониб, ҳунар кўрсата бошлайди. Яна кимлардир турли илинж ахтариб ҳар кўйга улоқиб кетади…

Ҳурматли адибимиз ҳикоя­нинг бирор ўрнида на қаҳрамонлар, на муаллиф тилидан маърифат, мафкура, ғоя сўзларини ишлатади. Бу сўз ва тушунчаларни образлар дунёсига сингдириб юборади. Ҳикоя қаҳрамонларидан бири Хўжамёр янги давр, янги шароитдан фойдаланиб бизнесмен бўлган, “Пул – ҳамма нарса” шиори билан яшайдиган одам. Чунки отаси Мадиёр даллол ўтган. Хўжамёр эсини танибдики, кўргани – бозор, даллоллик ва пул. У улғайиб ҳаётни ана шу тусда кўради. Унга инсоний қадриятлар, маърифат унутилган тушдай гап. Қорундек беҳисоб ганжинага эга бўлганларни дунё васвасаси билан ҳалок этган Зот наздида мол-мулкнинг заррача қадри йўқ, дейишади алломалар. Бор-йўғи даллолнинг боласи, мактабни зўрға битирган йигит бирданига бойиб кетади-ю, жаҳонгашта ва марҳаматли бизнесмен сифатида довруғ қозонади. Мактаб-маорифни устун билган, малакали мутахассис бўлган инсонгина фаровон яшайди, деган ақида билан юрган одамлар кўз ўнгида бунинг акси. Ақиданинг зидди билан ҳам халқни ўзига қаратиш мумкинлиги, эл-улуснинг ҳожати “синпида қолиб юрган” болага тушиши… Асарни тутиб турган образ – домла Зокир Ўриннинг “ҳаётдаги товланишлардан тўйгани” мана шу туфайли эмасми? Э, воҳ! “Давлат қўнса бир чибиннинг бошиға, Семурғ қушлар салом айлар қошига”.

Юксак маънавиятнинг бемисл ҳаётий эҳтиёжлиги, у жамиятни бамисоли ўқ томирдек тутиб туриши сира инкор қилиб бўлмас ҳақиқат. Айниқса, ишбилармон, давлатманд кишиларнинг маънавияти юксак бўлиши фақат ўзларига эмас, атрофдагиларга ҳам кони фойда. Шу ўринда ўқувчилик пайтимизда ўқиган бир шеър ёдга келади. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Югур, бизнесмен!” шеъридан:

Ҳазрат шайтон эрур сиғинган пиринг.

Хуллас, фирибгарсан, йўқ пинҳон сиринг,

Замонинг шул экан, югур, бизнесмен.

 

Биз шеърни ўқиб, ичимизда капиталистларнинг аҳволига кулган бўлсак-да, аммо бизнесмен кимлигини тушунмаганмиз. Мана, энди тушуниб етдик. Нафақат англадик, унинг талаб ва тартибларига-да мослашдик. Халқимизда “Эллик йилда эл янги” деган мақол бор. Эл янгиланаётганининг бир белигисидир балки бизнес олами.

Бозор иқтисодиёти ўз қонуниятига кўра нотабиий тузумнинг бир хил стандарт ва мезонларга кўра яшашга кўниккан фуқаролари ҳаётини остин-ус­тун қилиб юборди. Салкам бир асрлик мафкура истеҳкомлари вайрон бўлди. Кўпчилик саросима ва ваҳима ичида қолди. Эътиқод қўйган партия ва доҳийнинг шафқатсизликлари, қотиллигу хунрезликлари ошкор бўлгач, ўз-ўзларини яниб, айбдордек ҳис қилишди. Пул ва бойиш истаги заҳарли илондек жамият ҳаётининг маълум бир қисмини, баъзи одамларнинг бўшаб, ҳувиллаб қолган қалбларини аврай бошлади: товламачилик, фирибгарлик урчиб кетди. Ҳикояда тасвирланган Хўжамёр ана шундай одамларнинг бир вакили. У ҳатто уятни ҳам билмайди. Унга “бевосита бўлмаса-да, билвосита таъсир ўтказган” устози Зокир Ўрин “тоза ҳаётдан орқада қоп кетган” одам. Ана шу содда, болафеъл “домла Зокир Ўрин мактабда дарсларини ўтиб бўлиб уйига кетаётганда, азбаройи чанқаганидан чойхонага кирган эди”. Ҳикоя шундай бошланади. Эсон духтур “сўридан жой олган эрмакталаб нашаванд, фаррош ва сартарошга” Хўжамёрнинг “Масковдаги хайрия пондларидаям ишлаб” ишбилармон миллионер бўлганини айтиб мақтанади.       

“– Ҳов фельдшер, қайси Хўжамёрни айтаяпсан? – деб туйқусдан сўраб қолди Зокир Ўрин.

– Домла, сиз ҳам ғаплатда қолган экансиз-ку! – деб этсиз башарасини куйдирган калладай тиржайтирди Эсон. – Ахир, ўзингизнинг ўқувчингиз-чи? Мадиёр даллолнинг ўғли! Сўррайиб юрарди-ку отасининг изидан?.. Менимча, бир-икки йил синпидаям қолган эди”.

Домла шогирдининг ишбилармон бўлганини эшитиб, чандон хурсанд бўлади: “Хурсандлиги шунчаки, торгина кўкраги қабариб кетди”. Эсон духтурга Хўжамёрни ўқитганини, синфида қолганиям ростлигини айтиб, ўзини аллақандай ноқулай ҳам сезади: “Яхши, унда тижоратга қобилият бор экан. Биз ўшанда тижорат аҳлини ўғри-каззоб деб ёмонлар эдик”. Бир қарашда домла ўз даврининг тушунча ва тутумлари билан қолиб кетгандай кўринади. Аслида унинг ички дунёси, ўйлари ва қатъий хулосалари шўровий эмас. Асарда сиз қизил коммунист Зокир Ўринни кўрмайсиз. Аксинча, унинг тимсолида камтар, куюнчак, ўта маданиятли ўқитувчи-зиёли образи – ҳаракат ва қарашларига масъул бўлган Шахс гавдаланади.

Зокир Ўрин Эсон духтурдан шогирдининг корхонаси қаерда жойлашганини сўраб, йўлга тушади: “Бизнинг ўқувчимиз шундай киши бўпти-ю, биз бир оғиз табрикламасак, уят бўлади”. “Домла толиққан эди. Аммо бу янгилик завқидан ва Хўжамёрни кўриш, кўришиш ва ҳимматли ишларига барор тилаш онларининг жозибасидан чарчоғини ҳам унутиб, мактаб қошидан ўтиб кетди. У Хўжам­ёрнинг болалик қиёфасини ҳам, пахта терим маҳалларида такасалтанг юришлари, “Качегар бўламан”, деб ўчоқ бошида қолишларини ҳам ҳисоб формулалари каби эслаб борар, шу асно унинг оқибат тижоратчи бўлишида замин излар, чунки шу заминни шарҳлаб уни шод этишни ҳам ўйларди. Бироқ ҳарчанд бош қотирмасин, отаси даллоллигидан ўзга сабаб топа олмади. Домла учун тағин ачинарлиси шу эдики, Хўжамёр нақ ҳисобдан ҳам ўртача ўқир эди: ҳа, бирор масала ёки мисолни шариллатиб, ечиб ташлаганини эслолмайди”.

Зокир Ўрин мана шундай ўй-хаёллар ила собиқ колхоз идорасида жойлашган Хўжамбойнинг корхонасига келади. Домла “турмушнинг бошқа йўриқларига хийла лоқайд бўлиб қолганини тан олгани ҳолда, дарвозадан кирди”. Ҳовлидаги “қари тутнинг эгик шохларини кўриб, мамнун тортди: тут… ўзини кутиб олаётгандай туюлди”. Тут домлага таниш. “Болалигида… ҳу йироқ замонларда унинг кичкиналигини пеш қилиб, дарахтнинг учки новдаларини кесиш учун чиқаришар эди, Зокирбой одобли бола бўлганидан барг кесиш баҳона тутга қорин тўйдириб тушишни ҳам ўйламасди”.

Зокир Ўрин “йўлкада турган кўк “Волга” билан кумушранг хорижий машинага кўзи тушиб, ҳайрон” бўлади. Пешвоз чиққан Абди қоровулнинг “Хўжамёр аканинг апчаркаси бўлиб юриппиз, домлажон…” деган гапларидан астойдил жаҳли чиқади. Қоровул ва домланинг қизғин мунозарасига “Хўжамёр… ҳа, ўша отюзли йигитчанинг йирик нусхаси қараб турган экан”. Зокир Ўрин ялтоқи Абдибойдан ижирғаниб, “ишора-илтифотини қўл ҳаракати билан кескин рад этиб”, эшикка йўналади. Ҳўл тўшанчага “пошнаси аллақачон қийшайиб кетган туфлисини артиб”, чоғроқ хонага киради. Ёзувчи домланинг серҳаяжон лаҳзаларини қуйидагича тасвирлайди: “Домла остонага қоқиниб, чўғдек гиламга оёқ босди ва бўсағаданми, гиламданми узр сўраган каби ғўнғиллаб, Хўжамёрга талпинди”.

Домлани ҳаяжон чойхонадаёқ чулғаб олган, бу ерга – ҳовлига қадам босиши билан бу янада кучайиб, бадтар ўнғайсиз аҳволга солиб қўйган эди. Буни фарзанд муваффақиятидан шодланиб, боши осмонга етган ота ҳолига менгзаш мумкин. Шогирдларига чин меҳр қўйган, уларнинг камолидан қувонган устоз отадай азиз саналади-ку! Домла шогирдига оталарча кўнгли ийиб кетганидан довдирар эди. Мана ўша ҳолат тасвири:

“Хўжамёр уни бағрига олиб ва кифтига аста-аста қоқиб:

– Домлам-е, Зокир Ўринович-е, бормисиз-е, – дер экан, домла Зокир Ўриннинг кўзлари ғилқ ёшга тўлди: дами қайтиб, йироқ замонлар билангина эмас, ўзининг ёшлиги билан ҳам учрашгандек пиқиллади ва, табиий, у киши ҳам қўлини тепага узатиб, шогирдининг елкасини силар эди”.

Мазкур психологик-руҳий манзара муайян мақомга эришган ҳар бир инсонда рўй бериши муқаррар. Ўзингиз ўйланг: орадан йиллар ўтган. Дийдор кўришганларнинг кичиги улғайган, улуғининг умр шоми кирмоқда. Бири бозорга бораяпти, бири эса бозордан қайтаяпти…

Ҳаётнинг аччиқ-чучугини хўп кўрган устоз шукрона айтиб кўзёш тўкади. Ўзлари кўрмаган фаровонликни шогирди кўрганидан йиғлайди. Эккан дарахти мева берганига суюнади: “Бахтининг ёнида ғами кўринар, Ғами кўринади бахтида унинг”.

Асл муаллимлар ҳар бир учирма қилган шогирдларини юракнинг бир банди билан кузатади. Яъни қалби уларда кетади. Худдики жони боласининг ичида турган онаизор каби шодумон, бахтиёр ва айни дамда ғамгин-ўйчан. Бу ғамгин-ўйчанлик ғариб­лик, ёлғизлик аломати эмас. Бу азбаройи кўринмас иплар билан боғланган устоз-шогирд робитасидирки, уни фақат қалб билан ҳис қилиш мумкин. Яна бир томони, Зокир Ўрин қаршисида бугуннинг олд одами – тадбиркор Хўжамбой турибди! Устознинг шогирдга муҳаббати таъмадан йироқ. Аммо Хўжамбой буни бошқача тушунади. Устознинг йўқлаб келишини азбаройи пулга муҳтожликдан, кўзёшларини мутелик белгиси деб билади. Чунки унинг қалби муҳрланган, занг босган. У инсоний муносабатларни-да пул билан баҳолашга, ўлчашга ўрганиб қолган. Бетаъма инсоний севги, меҳр унга ёт.

“Потиҳа қилиб қўямиз-да, домла? Ҳарҳолда, мусулмонмиз, бунинг устига, дин модага кирди”, дейди Хўжамёр ўтиришгач. Шу биргина каломдан йигитнинг кибрга берилгани, оёғи ердан узилганини англаш қийин эмас. Устоз шогирдининг бу бемаврид гапини қабул қила олмайди ва “Дин ҳеч вақт модадан чиқмаган”, дея қўлларини фотиҳага кўтаради.

“– Омин, – Хўжамёр жилмайиб юзига фотиҳа тортгач, стол четидаги хорижий сигаретдан бирини чиқарди. – Ҳалиям мунозарага ўчсиз-а, домла?

– Гап мунозарада эмас, – дея Зокир Ўрин ҳам киссасидан “Астра”сини олди. – Дин ҳамма вақт одамларнинг қалбида бўлган, Хўжамбой. Лекин бечоралар тазйиқ остида…”

Шогирд домланинг гапларини бўлиб ташлайди. Ўз тили билан айтганда, “мунозарага” киришишга имкон қолдирмайди. Зокир Ўрин эса шогирдининг “замонавий бизнес бошлиқларидан бири” бўлганини эшитиб қувонганини, қутлашга вақтлироқ келмаганидан хижолат эканини таъкидлайди. Хўжамбой устознинг бу гапларига-да бепарво бўлади. Ҳатто “Сал қартайибсизми дейман?” дея масхараомуз гап қотади ва “Домла, дунёни кўриш керак”, деб фалсафа сўқади. Зокир Ўриннинг “Дунёдан узилиб вакумда яшаганмиз-да”, дейишидан яна қувват олиб, сигаретини кулдонга босганча устозига қиялаб тикилади: “Аҳвол қалай, домла?” Хўжамёрнинг бу саволи устозга ачиниши, унга раҳми келганидан эмас, балки уни калака қилиб, киноя оҳангида айтиладики, сўровнинг оҳангини тушунган домла аҳволи яхшилигини айтиб, “Элга келган тўй-да, бу кунлар ҳам…” деб қўяди. Шогирднинг осмондан келиши, беписанд гаплари домлани яна мунозара қилишга мажбур этади. Илҳоми тошиб: “Мустақил бўлишни шунча йил кутдик. Уни деб куйиб­-кул бўлиб ўтди улуғларимиз, алломаларимиз…” дейди. Хўжам устози айтаётган истиқлол фидойиларини, улуғларни билармиди? У ўзини, атрофидаги “апчарка”ларни, бизнесни билади, холос. Иқтисодий қийинчилик­ларни элга келган тўй деб қабул қилган, қаноатни маҳкам тутган зокир домлалар учун энг муҳими – юртнинг мустақил бўлгани. Бу тоифа инсонлар барча машаққат ва заҳматларни ўткинчи деб билади. Мана, сизга ватанпарвар Шахс тимсоли!

Ўзини ҳудуднинг якка хўжайини санаган айрим тадбиркору корчалонлар, халқнинг нонини туя қилувчи “ҳожатбарорлар” юрт номига иснод бўлганини яхши биламиз. Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов “Бозор – маънавият кўзгуси” мақоласида айнан шулар ҳақида тўхталиб: “…фақат пулга сажда қилиш, бу дунёнинг ҳамма муаммосини ҳал қилиб берадиган қудратни фақат пулда деб билиш, бойликни, молу дунёни ҳар қандай инсоний қадриятлардан юқори деб ўйлаш ўтмишда ҳам ҳеч кимни яхшиликка олиб келмаган, бугун ҳам олиб келмайди. Молу дунё орттириш йўлига кирган ҳар бир кимса бу йўлда ўз нафсини ўзи тия билиши, бевафо дунёнинг ўткинчи ҳою ҳавасларидан устун бўлмоғи, ўз эҳтиросларининг асоратига тушиб қолмаслиги керак”, деб ёзади.

Мустақиллик имкониятидан ҳузур-ҳаловат топиб, тасодифий омаддан боши айланиб қолган Хўжамбой кимнинг боласи эканини, кеча ким бўлганини бутунлай унутган. Эслашни-да истамайди. Устозининг Ватан мустақиллиги осонлик билан қўлга киритилмагани ҳақидаги гапларини ҳам қулоқлари тагидан ўтказиб юборади. Миллионер шогирди ҳузурида чорак соат ўтирган устоз кетишга изн сўрайди. Хўжамёр томоғини қириб, нима хизмат бор, дейди.

 

“Зокир Ўрин елкасини қисди:

– Хизмат… Соғ-саломат бўлинг, шу.

– Йўқ, ундай эмас, домла.

– Яна нима дейишим мумкин?”.

 

Хўжамёр қўлидаги тилло соатга қараб устозидан нимани истиҳола қилаётганини ижикилаб сўрайверади. Кейин ҳақоратомуз таҳдидга ўтади: “Кепсизми, сўранг-да энди!” У суянчиққа ястаниб, сигаретни роҳатланиб сўриб кулади: томоқдан чиққан ҳиссиз кулги устознинг нафсониятига тегади. Ниҳоят очилиб, ҳузурига муҳтожлар ҳар куни келишини, элнинг корига яраётганини айтиб миннат қилади: “У бечоралар ҳам, албатта, мени табриклагани келишади…”

Бетавфиқ шогирднинг тубан гапларидан Зокир Ўрин портлайди: “Ҳов, ҳали шунинг учун боянадан бери саволга тутаётган экансан-да?” Табрик учун келган устоз ўзини тутолмайди. Чунки, шогирд уни очиқдан-очиқ хонасидан ҳайдайди. Абдибой устозга эшикни кўрсатади. Камлик қилгандай, домлани қучиб кўтариб ташқарига чиқаради.

“– Қўйвор, аблаҳ! – деди Зокир Ўрин. – Ўзимнинг… оёғим бор! Ҳозирча бор! – дея эшикка қараб бақирди. – Ҳой, бизнесмен! Тиланчи эмасман, худога шукр. Сени ўқувчим деб… Бемаъни, одобсиз!.. Одамларга бундай қараш учун киши нақадар тубан бўлиши керак…

Абди жила бошлаган Зокир Ўринни яна даст кўтариб олди-да, ғизиллаб кетди. Кўчага чиқариб қўйиб, дарвозанинг очиқ табақасини беркитди”.

Бойлик дасти эшикни ёпди. Эзгулик ташқарида қолди мунғайиб… Котибаси Асалнинг “Нима бўлди, Хўжака?” деган саволига “Ўзим ҳам тушунмай қолдим”, деб жавоб беради. Гўё ҳеч нарса содир бўлмади. Беобрў қилиб қувилган устозига на ачиниш, на қилмишидан пушаймонлик бор. “Тубанлик ичра ҳам танҳо” бўлган инсон шундай қилиши мумкин. Озод домла айтмоқчи: “Тадбиркор ўз фарзандларининг, оила аъзоларининг ва ҳамма одамларнинг юзига тик қарай оладиган виждони пок одам бўлмоғи даркор. Бунга эришмоқ учун эса одам пул санаш, ишнинг кўзини билишдан ташқари, бениҳоя билимдон, савияси юксак, ниятлари пок, бир сўз билан айтганда, теран маънавият эгаси бўлмоғи лозим”.

Хўжамбой учун Зокир Ўринларнинг эътиқоди, ҳаётга қараши, одамларга муносабати ва қадриятлари бир пулга қиммат. У эски давр одамларининг қаричи билан ҳаётини белгиламайди.

Дарвоқе, гап аросат ҳақида эди. Ҳикояни илк бор ўқиган одам Зокир Ўринни аросатда қолган одам деб ўйлаши тайин. Айниқса, унинг эзгин ҳолатлари, афсуслари, давр хатолари учун ҳам ўзини айбдор санаши шундай хулосага олиб келади. Аммо бойвачча шогирднинг “мунозара”дан сўнг устозни адабсизларча қувиб солиши сизнинг аросатдаги одам ҳақидаги ўй-хулосаларингизни ҳам ўзгартириб юборади. Абди “апчарка” Зокир Ўринни кўчага улоқтириб, дарвозани ёпгандан кейин…

Ҳикоянинг кутилмаган ечимидан ҳаяжонга тушасиз. Зокир Ўрин эмас, борар манзили мавҳум, қилар ишидан янглишиб, гангиб қолган хўжамбойлар аросатда эканини тушуниб етасиз. Ана шунақа.

Хотима ўрнида: “Аросат” ёзилганидан беш йил ўтиб, Шукур Холмирзаев мавзуга яна мурожаат қилади ва бу гал салмоқли, сермазмун эссе – “Жамиятнинг мақсади, яъни мафкура бобида ўйлар” асарини битади. Эссе “Тафаккур” журналининг 1999 йил 1-2-сонларида эълон қилинган.

Адибимизни эссе битишга нима ундади?

Президент Ислом Каримов­нинг “Тафаккур” журнали бош муҳаррири саволларига жавоблари журналнинг 1998 йил 1-сонида эълон қилинади. “Жамиятимиз мафкураси халқни – халқ, миллатни – миллат қилишга хизмат этсин”, сарлавҳали ушбу суҳбат жамоатчилик орасида жуда катта қизиқиш билан кутиб олинади ва кенг ўрганилади. Барча зиёлилар қатори ёзувчи Шукур Холмирзаев ҳам мана шу суҳбат таъсирида қўлига қалам тутгани шубҳасиз. Мумтоз адибимиз мавзуга жиддий ёндашиб, инсоният илк ибтидоий давр – қабилачиликдан то бугунги кунга қадар мафкура туфайли нималар топганию нималардан маҳрум бўлганини олимона назар ва ёзувчи қалби билан тадқиқ қилади. Ёзувчи ўтган етти йил (эссе 1998 йили ёзилган – О.Т.) мобайнида кимлигимизни англаб, тараққиёт йўлимизни белгилаганимиздан фахру ифтихор ҳиссини туяди. “Бу йўлда эзгу қадриятларимиз мустаҳкам замин бўлишини теран тушуниб етдик. Миллий мафкурамиз тизимларини тиклаб, унинг умуминсоний ғоялар билан бақамти йўлда эканини кўриб, бундай жамиятнинг истиқболи порлоқ бўлишига инонасан киши. Тангри таоло ёмон кўзлардан, суқ ва ҳасадлардан асрагай! Тилагимиз шу”, деб тугаллайди мақоласини.

Сўзи ва амали бир бўлган ёзувчи Шукур Холмирзаевнинг юқорида кўриб ўтилган ҳикоя ва эссеси бугун қанчалик долзарб бўлса, янги авлод ўқувчилари учун ҳам қадрли бўлишига шубҳа йўқ.

 

Олим Тошбоев,

филология фанлари номзоди.

1971 йили туғилган.Ўзбекистон Миллий университитети журналистика факультетини тамомлаган. Ижтимоий-сиёсий, адабий-илмий мақолалари эълон қилиб келади.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.