Оташ тилаб бўлгайми ойдан?

0
134
марта кўрилган.

ТОЖМАҲАЛ ҚОШИДАГИ

                 ЎЙЛАР

Дунёдаги етти ёқут-лаъл

Мўъжизанинг бири – Тожмаҳал.

Бўлмас эди бу ноёб гавҳар

Мирзо Бобур бўлмаса агар.

Эй табиат, мансур зотларга

Бўласанми шунча тошбағир.

Озроқ  умр берсанг уларга

Гадо бўлиб қолмасдинг, ахир.

Ҳаёт бўлса, бундан мўътабар

Мўъжизалар яратарди  у.

Шонимизни ой, юлдуз қадар,

Қуёш қадар таратарди  у.

 

 

            ТАСОДИФ

Дунё тўла эмиш тасодифларга,

Тасодиф дунёга ҳукмрон эмиш.

Сирли куч бор эмиш тасодифларда,

Улар гоҳ тўфонмиш, гоҳ бўрон эмиш.

 

Бошингни силаса бир кун эрталаб,

Тарвуздай ёрармиш иккинчи куни.

Бўлмагани каби суюб, эркалаб,

Асло жазолаб ҳам бўлмасмиш уни.

Донишманд дермишки, йўқдир тасодиф,

Қутлуғ ҳақиқат бор  ягона, бекам.

Аслини олганда ҳар бир тасодиф

Аччиқ ҳақиқатнинг меваси экан.

 

   

                   ТЕСКАРИ

Ёшликда вулқондек шиддат бор, бироқ

Ноёб тажриба йўқ кексаликка хос.

Қаричилик эса шиддатдан йироқ

Унинг бор давлати тажриба, холос.

 

Ёшликдаги ғайрат, шижоат, шиддат

Қариган чоғда ҳам бўлсайди агар…

Ҳазрати инсон, деб аталмиш  хилқат

Балки,  бўлар  эди яна  мукаммал.

 

Аммо ҳаёт бунга бермайин  имкон,

Устимиздан  яйраб  кулавераркан.

Куч кетиб, белимиз шовшаган  замон

Тажриба тиржайиб келавераркан.

 

             

                 ТАГОР

Тушар бўлсанг Ҳинд сори йўлга,

Тожмаҳални қилгач зиёрат.

Таъзим қилиб ҳазрат Бедилга,

Салом бергин Тагорга албат.

 

У — ўлканинг  зоту кабири –

“Рамаяна” – фидоийсидир.

Ҳинд халқининг Мирзо  Бобури,

Мир Алишер Навоийсидир.

 

“Махабхорат” каби авлиё,

Ганга каби суюгидир  у.

Жамна каби муқаддас дунё ,

Буюкларнинг буюгидир  у.

 

Ҳинд сориға тушса йўлларинг

Иззатини  қўйгин  жойига.

Қалбингдаги оппоқ гулларни

Экиб  қўйгин азиз пойига.

 

 

             ИЛТИМОС

Оташ тилаб бўлгайми ойдан,

Қуёшдан қор сўраб бўлгайми?

Чўп сўрасанг очофат бойдан,

Ётиб кулар, ҳатто, ғўр дайди.

 

Ишинг тушса  ингранар  бахил,

Тирналгандай қонли  яраси.

Яролмаса  корингга соф дил –

Эзилади жигар-пораси.

 

Ўйлаб қилгил  илтимосни ҳам,

Бузилмасин ўлчов,  меъёри.

У кимнидир қилмасин мулзам,

Ё  етмасин кимга озори.

 

 

                САБАБ

Игнанинг ишини  қилолмас ханжар,

Ханжарга кирмайди игнанинг ниши.

Қанчалар сержило бўлса ҳам гавҳар,

Оддий темиртакка ўтмайди тиши.

 

Баъзилар  гавҳарни темирга қараб,

Игнани ханжарга қараб тиқади.

Тушунмовчиликлар,  жанжални қайраб,

Қонли тўполон ҳам  шундан чиқади.

 

                * * *

Тўмтоқ  ойболта билан

Ёролмайсан тўнкани.

Ўтмас пойтеша билан

Ёғочни йўнолмайсан.

Қуш бўлсанг ҳам туманда

Парвоз қилиш беъмани,

Кўзлаган манзилингга

Ҳеч қачон  қўнолмайсан.

 

 

          ОДДИЙ ҲИКМАТ

Билсанг йўлнинг баланд-пастини,

Умид ёруғ чироқ бўларкан.

Одамзотнинг билсанг аслини

Сендан жанжал  йироқ бўларкан..

Бу  ҳикматни билмасанг, аммо

Ўзингга кўп  ёмон  бўларкан.

Лекин уни англагунча  то

Умринг ёниб, тамом бўларкан.

 

     

           БОЛАЛАРИМИЗ

Эркалаб  тўймаймиз,

Суюб тўймаймиз.

Навниҳол ғунчаю, лолалигида.

Бошга кўтарамиз,

Ерга қўймаймиз,

Азиз боламизни болалигида.

Улғайгандан кейин қушлардай учиб

Кетади. Янгича ҳаёт бошланар.

Энди бу қушларни бошқалар қучиб,

Суюб эркалайди,  энди бошқалар.

 

 

            ТЎРТЛИКЛАР

Ҳаёт бозор  эди  бизларгача ҳам,

Биздан сўнг ҳам шундай қолаверади.

Бозорда савдомиз тамом бўлган дам,

Мозорлар бағрига олаверади.

 

                         * * *

Тавалло қилса ҳам,  чекса ҳам  фиғон

Ишонма, дўст бўлиб  қолмайди бахил.

Юз марта пўстини ташлаган  илон

Ипакка айланиб қолмайди, ахир!

   

                      * * *

Агарки, кимгадир қилсанг яхшилик

Ўша нафасдаёқ эсингдан чиқар.

Аммо, кимлардандир кўрсанг яхшилик

Унутма энг сўнгги  дамингга қадар.

 

 

АЖИН

– Олтмишдан ошса ҳам пешонасида

Бир тола ажин йўқ, чизиқ йўқ, қойил.

– Ишламаган бошнинг пешонасига,

Ҳатто, ажинлар ҳам бўлмайди нойил.

 

 

ИМОН

Битта чумолига етказмай озор,

Битта капалакка беролса ёрдам.

Демакки, бу зотда ҳали виждон бор,

Демакки, бу зотнинг имони бардам.

 

 

КУЯМАН

Содда болаларга муҳаббатим мўл,

Фақат, ғўрлигидан афсус туяман.

Олтмишдан ошса ҳам бола каби  гўл

Зотларни кўрганда  ёниб,  куяман.

 

 

АРМОН

Одам зоти борки, куйгай армондан,

Армон гоҳ рақибдир, гоҳида дастёр.

Асли, армонсизман, деган султондан,

Армоним  мўл, деган гадо бахтиёр.

 

               

ИЛТИМОС

Чўлдан маржон қидирмас ғаввос,

Кўлга  буғдой сепмайди деҳқон.

Имконсиздан қилсанг илтимос,

Бажаролмас ҳеч  вақт, ҳеч қачон.

МАҒРУР МАЛАККА

Товусларнинг хироми,

Хиромларингга қулдир.

Рафторинг қаршисида

Тўлин ой – сўлғин гулдир.

Бургут бўлиб учмоққа

Орзуманд капалакдек,

Севгим ҳам сендек мағрур

Малак учун бир пулдир.

 

 

БИР ГУЛ ЭМАСМАН

 

Яхшиямки, бир гул эмасман:

Бозорларда сотар эдилар.

Бир ҳафтаям авайламасдан

Қаёқларга отар эдилар.

Аламзада ошиқлар дилхун

Қасдлашарди, бу – гул, демасдан.

Чангга ботиб ётардим бугун.

Яхшиямки, бир гул эмасман.

 

 

          ҚИЗҒАЛДОҚ

Қизғалдоққа келар ҳавасим,

У бамисли бир ҳовуч олов.

Тегиб кетса  хиёл  нафасинг

Алангага айланар лов-лов.

 

Қизғалдоққа келар ҳавасим,

Лекин ундай яшагим келмас –

Тегиб  кетса  хиёл  нафасинг

Япроқлари тўкилар  бесас.

 

Яйдоқ тана титранар дир-дир

Чақмоқ урган бутадай мазлум.

Ачинаман, лекин, барибир

Қизғалдоққа келар ҳавасим.

 

Абдусаид КЎЧИМОВ Таниқли адиб ва шоир, публицист ва таржимон. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист. У 1951 йилда Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. Тошкент Давлат педагогика институтида таҳсил олган. “Кашфиётчи болалар” “Ҳалқа”, “Қиёфа”, “Менинг юлдузим”, “Умид дарахтлари”, ”Чаноқ”, ”Икки баҳор”  “Баланд тоғлар” каби қатор назмий ва насрий китоблар муаллифи.

 

“Ёшлик” 2013/9

 

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.