Санжар Жавлон. Санъатдан саноатгача…

0
187
марта кўрилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида замонавий эстрада санъати муаммоларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Сўзга чиққанлар кўнглидагини ўртага тўкди: қўшиқ матнлари мазмунан ғариб; мусиқалар ўғирланган; клиплар миллий менталитетимизга тўғри келмайди; шоу-бизнес аҳли пулдан бошқа нарсани ўйламаяпти…

Энг кўп тилга олинган жиҳат – кўпчилик хонандаларнинг китоб ўқимаслиги, янаям аниқроқ қилиб айтганда, “саводи чатоқлиги” бўлди. Йиғилишда айтилаётган мулоҳазаларни тингларканман, бир китоб ўқийдиган(! ) санъаткор дўстимизнинг қалам аҳлига нисбатан эътирозлари ёдимга тушди. “Сизлар, яъни журналистлар, – деб ёзғирганди у, – хонандаларимиз чаласавод, китоб ўқимайди, деб шунчалик кўп ёздингларки, бирор зиёли даврага киришга уяладиган бўлиб қолдик. Гўё “хонанда” деган сўз дунёқараши тор, савияси ҳаминқадар кимсага ёпиштирилган ёрлиққа айлангандай…

Унинг аламини тўғри тушундим. Тўғри тушундим-у, бунга сабаб – санъаткорлар орасидаги кўп сонли “саноаткор”лар, дедим. Ва илкис бундан ўн беш йилча олдинги бир воқеа ёдимга тушди. Ўшанда телевидениенинг “Мусиқий дастурлар” студиясида Бадиий кенгаш котиби эдим. Бир куни олдимга ёш ва таниқли эстрада хонандаси келиб, қоидага кўра, янги қўшиғи ёзилган диск ва унинг матнини узатди. Матнга кўз югуртирарканман, ундаги имловий хатолар, шакли ва маъноси ўзгариб кетган сўзларни кўриб, таажжубландим. “Ўзбек тилида шунақа сўз бор эканми?!” – дедим ана шундай “кўзи кўкарган, тиззаси шилинган” сўзлардан бирини кўрсатиб. Хонанда қоғозга обдон тикилди ва “Билмасам, шоир шундай ёзган”, деди. Унинг жавоби мени икки карра лол қилди. Чунки ундан “Кўчиришда хато кетибди, аслида мен бундай ижро қилмаганман, сўзларнинг асл шакли бунақа бўлади”, деган жавобни кутган эдим. “Қайси шоир? ” – дедим ним табассум билан. “Муҳаммад Юсуф! ” – ғолибона оҳангда жавоб берди у. Афтидан, Муҳаммад Юсуфнинг номи хонандалар учун зўр қалқон эканини у биларди. Энди ўйлаб қарасам, ўшанда ёш эканман, сал қизишдим: “Йўғ-е, шунақами?! ҳозир Муҳаммад Юсуфга қўнғироқ қилиб, шу шеърни телефонда ўқиб, тасдиқлатиб олсак, нима дейсиз?!” “Бажонидил”, деди у бамайлихотир. Таваккал дея, устоз шоирнинг Дўрмондаги дала ҳовлисига қўнғироқ қилдим. Омадни қаранг – гўшакни устознинг ўзлари олди. Гап нимадалигини билгач, “ўқи” деди. Ўқидим. Тўғрилаб эмас, қоғозда қандай ёзилган бўлса, шундай ўқидим. Хонанда ҳам эшитиб турибди. Гўшакдан устознинг кескин овози янгради: “Бу шеър меникимас. Охирги пайтда менинг номимдан фойдаланадиган қаллоблар кўпайиб кетди. Яна шундай шубҳали шеърлар келса, менга телефонда ўқиб бер, хўпми? Раҳмат… ” Мана, дедим, гўшакни жойига қўярканман, Муҳаммад ака “бу шеър меникимас”, деяпти. Хонанданинг юзи гезарди ва жаҳл билан хонадан чиқиб кетди. Инсоф билан айтганда, кўчиришда маъноси бузилиб, англамсиз ҳолга келган ифодалар жойига қўйилса, матн жудаям ғариб эмас эди. Лекин шу қўшиқни куйлаган, овозини ёздирган, клип ишлаган хонанданинг матндаги сакталикларни изоҳлаб беролмаётгани ажабланарли ҳол эди. Қаршимдаги хонанда атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг 1936 йилда ёзилган “Санъаткор” номли кичик ҳикояси қаҳрамонини эслатарди. ҳикоя қаҳрамони – “културний” санъаткор ёдингизда бўлса керак!? Ўзини саводсизликда айблаган тракторчидан жаҳли чиққан хонанда, “лабингдан бўлса олсам, э, шакарлаб”, деганим у кишига ёқмапти, “бўлса” эмас, “бўса” эмиш! Ўзи билмайди-ю, менга ўргатганига куяман! Сенга ўхшаган саводсизлар “бўса, бўмаса” дейди. Артист културний одам – гапни адабий қилиб айтади – “бўлса, бўлмаса” дейди… ” – деб бўғилади. Дарвоқе, давра суҳбатида таниқли ҳофизларимиздан бири куюниб, бир ҳаваскор қўшиқчи машҳур ашуладаги “Шоҳ Ғозийга карам аввалғиларга ўхшамас” мисрасини “Шоҳ оғзига карам аввалгиларга ўхшамас” деб ижро этаётганига дуч келганини, ашула тугагач, унга хатосини айтганида, “раҳмат, яхши айтдингиз, албатта тузатаман”, дейишнинг ўрнига “э, қўяверинг, ака, ким бунинг фарқига бориб ўтирибди?!” деб жавоб берганини айтиб қолди. Бу – юксак маданият соҳиби бўлган халқимизга нисбатан беписандликдан бошқа нарса эмас.

Хўш, айрим хонандаларнинг бундай “кашфиёт”лар қилишига сабаб нима?! Жавоб аниқ – китоб ўқимаслик, асл шеъриятдан бехабарлик. ҳа, асл шеърият деяпмиз, чунки бугунги кунда хонандаларнинг пинжига кириб олиб, ўзларининг “нодир ижод намуналари”ни куйга солишга орзуманд қаламкашлар тоифаси шаклланди. Улар эл суйган, устоз шоирларимизнинг рангин мисраларини гўё киши билмас тарзда “қайчилаб” олиб, ўзларининг сийқа мисраларини қўшиб, кейин оригинал маҳсулот сифатида шеър тополмай юрган (!?) хонандаларга тақдим қилишмоқда. Яъни, қўшиқ матнини ишлаб чиқариш тизими йўлга қўйилган. Улар зоҳиран санъат ва адабиёт ўртасида кўприк бўлаётгандай кўринса-да, аслида девор вазифасини ўтамоқда. Бу, назаримизда, алоҳида таҳлил, ёндошувни талаб этадиган мавзу.

Ўқимишли, дунёқараши кенг санъаткорларимиз шаънига соя солаётган хонандаларга эса, бир илтимосимиз бор: журналистларнинг “Мактабда қандай баҳоларга ўқигансиз? ”, “Китоб ўқишга муносабатингиз қандай? ” деган саволларига, агарда ўқимаган бўлсангиз, бу ҳолни фазилат сифатида пеш қилмасдан, яхшиси, индамай қўя қолинг. Китобхонлик тарғиботига қўшган ҳиссангиз, ҳеч бўлмаса, шу бўлади…

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.