Маънавий қалқон

0
269
марта кўрилган.

Тирик жон борки, ўзига хос қалқони – иммун тизими мавжуд. Бу қалқон организмни хасталиклардан асрайди, бехосдан жароҳат етган тақдирда ҳам, ўзини тиклашга куч беради.

Миллат ҳам бамисоли тирик жондай: доимий ҳаракатда, изчил ривожланишда. Қалтис, танг вазият юзага келганда бирданига элнинг  азалий қадриятлари, мустаҳкам эътиқоди, урф-­одатлари – кўҳна иммун тизими безовталаниб, миллий қиёфани, ЎЗЛИКни сақлаб қолишга тиришади.

Ўзбек халқи ХХ асрда бошидан кечирган ҳодисалар: истибдод алангасининг зўрайиб, охир-оқибат гугуртчўп ёлқинидай сўниши, аср сўнгида ҳурриятга эришганимиз ва кейинги тикланиш, юксалиш жараёни – буларнинг барчаси миллий иммунитетимизнинг бақувватлигидан дарак.

Журналимизнинг ушбу сонидаги бадиий асар ва мақолаларни ана шу ноёб ҳодиса – халқнинг иммун тизими, яъни ўзлигини асраш, янада мустаҳкамлаш масаласи бирлаштириб туради. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Баҳодир Ғаниевнинг “Ёшларимизни замонавий билим, кўникмалар билан қуроллантирсаг-у, маънавий тарбиясига, миллий фазилатлар билан тўйинишига бепарво қарасак, катта хатога йўл қўйган бўламиз”, деган сўзларида катта ҳақиқат акс этган.

Дунёда бир-биридан гўзал, сўлим юртлар, масканлар кўп. Лекин биз учун она Ватанимиз – Ўзбекистондан азиз маъво йўқ. Шоира Гулжамол Асқарованинг айрим беқўним, “Истасанг, ҳамма юрт – ватан, \\ Макон айлаш мумкин ҳар не чаманни”, дегувчи кимсаларга қарата: “Йўқ! Мен Худойимдан сўраб олганман, \\ Битта пешонамга битта Ватанни”, деган гапи барчамизнинг кўнглимизда акс садо беради. Зеро, бизнинг руҳимиз бу муқаддас заминга илоҳий ришталар ила чамбарчас боғлангандир. “Қақнус қанотидаги умр” қиссаси мазмунига ҳам айни ҳақиқат сингдирилган.

Тоғай Мурод ўзбекнинг маънавий қудратини кўрсата олган улуғ ёзувчиларимиздан эди. “Устозлар альбомидан” рукнда берилган фотосуратларни томоша қиларканмиз, ёзувчининг “Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман!” деган ўктам овози қулоқларимиз остида жаранглагандай бўлади.

Мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатларнинг ўзаро аҳиллиги, бир мақсад атрофида бирлашгани миллий иммунитетимизга қувват бериб турибди. Қардош қорақалпоқ йигит-қизлари ижоди билан танишиб, бу фикримиз янада мус­таҳкамланади. Ёш шоира Сарвиноз Мусатдинова “Халқим, мардлигингга сира шубҳа йўқ, \\ Бойсан, қўли очиқ, сахийлигинг рост”, дея ёзса, навқирон ёзувчи Байрам Айтмурод ана шу фазилатларнинг бардавом бўлишини тилаб, қўлига қалам олади.

Француз ёзувчиси Алфонс Доде қаламига мансуб “Сўнгги сабоқ” ҳикоясида халқнинг энг бебаҳо бойлиги она тили экани, бу хазинанинг қадри, айниқса, бегоналар чанг солганида яққолроқ сезилиши тасвирланган. Бу кечинмалар она тили Истиқлол туфайли чинакамига қадр топган халқимизга ҳам бегона эмас.

Алқисса, «Yoshlik» журналининг ушбу сони орқали навқирон авлодга: “Эзгулик йўлида илғор бўлинг! Мафкуравий хуружларга қарши миллий ўзликни қалқон қилинг!” дегимиз келди…

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.